«Аскар оналарини шарафлаймиз»

/
Соғинч, ҳаяжон ва фахр-ифтихор... Булар бугун фарзанди миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини адо этаётган ота-оналарнинг кўнглидан кечаётган ҳис-туйғулардир. Тошкент шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ташаббуси билан “Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси” шиори остида “Аскар оналарини шарафлаймиз” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда иштирок этган ота-оналарни ҳавас билан кузатар экансиз, беихтиёр ана шундай хулосага келасиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 20 декабрдаги Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари ҳамда Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган қорақалпоғистонлик ва Қорақалпоғистон Республикасида шарафли бурчини адо этаётган тошкентлик ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ота-оналари, устозлари, ёру дўстлари иштирок этди. Видеомулоқот шаклида ташкиллаштирилган учрашувда ота-оналар ва ҳарбий хизматчилар экран орқали дийдорлашишди.
Мулоқот аввалида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари аскарлар ва уларнинг ота-оналарини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш мақсадида миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, бугун дунёнинг турли минтақаларида таҳликали ва мураккаб вазиятлар юз бераётган пайтда халқимизнинг тинч ва осуда юртда яшаб келишида мудофаа тизими, миллий армиямиз сафидаги ҳарбийларнинг хизмати беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлашди.
— Олимжон акам Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаяпти, — дейди пойтахтимиздаги 272-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Абдулазиз Ҳамиджонов. — Бу учрашувга оиламиздан кўпчилик бўлиб келдик ва акам билан экран орқали суҳбатлашдик. Мен ҳам келажакда Олимжон акамга ўхшаб ҳарбий хизматчи бўлишни, ота-онам, яқинларим мендан ҳам фахрланишларини истайман.
— Ўғлим Шаҳбозжоннинг қасамёд қабул қилиш тантанали маросимида иштирок этиб, бирга суратга тушгандик, — дейди Нозима Ҳафизова. — Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмда хизматчилар учун барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўлгандим. Ўғлим билан хабарлашиб турамиз, у ҳарбий хизматдан жуда мамнун. Фарзандим билан жуда фахрланаман, унга ўхшаш қўрқмас, паҳлавон ва соғлом йигитларимиз бор экан, биз, оналар кечалари тинч ухлаб, тонглари яхши кайфиятда уйғонамиз.
Тадбир ташкилотчилари аскарлар ва ота-оналарни байрам билан табриклаш баробарида уларга эсдалик совғаларини топширишди. Ватан, тинчлик, ёшлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар эса байрам кайфиятига кайфият қўшди.
Саодат ЖАББОРОВА,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970

Банк ёрдамига умид қилманг, нажот йўқ!

Ҳурматли таҳририят ходимлари!

01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
“Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг ўзаро муомаласида, уларнинг ҳатто фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-бо...
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар Сурхонда...