Жайҳун соҳилидаги табаррук маскан

/
Сурхондарё вилояти маркази Термиздан ғарб томонга 5-6 километр юрсангиз, марказий трассадан кейин икки томони арчазор билан қопланган йўл орқали атрофи қадимий қалъаларга монанд девор билан ўралган, маҳобатли дарвозали кўркам масканга кириб борасиз. Дов-дарахтлар соя-салқин ташлаган, кўкаламзор, атрофда анвойи гуллар барқ уриб очилиб ётган, эртаклардаги бўстонни эслатувчи бу жой Термизнинг 25 асрлик тарихидан гувоҳлик берувчи эски шаҳар ўрни ҳисобланади.
Ўтмишда шаҳри ўулғула, Тарамастха, Тармита, Окс Искандарияси, Тармид, Та-ми, Термиз каби номлар билан аталган, “Мадинат ул-рижол” (“Мардлар шаҳри”), Шаҳри Ҳайбар, Зунунобод сингари сифатлар билан улуғланган шаҳарга айнан шу ерда асос солинган. Табиийки, ниҳоятда катта ҳудуддан иборат Термиз шаҳрида 2500 йиллик тарихи давомида кўплаб иншоотлар — бақтрийлар қалъалари, буддавийлик ибодатхоналари, кушонлар подшолари қасрлари, термизшоҳлар саройлари, масжидлар, мадрасалар, миноралар, карвонсаройлар, бозорлар ва бошқа иморатлар ҳам шу жойларда қад ростлагани тарихий ҳақиқат. Афсуски, эндиликда қадимий шаҳар ҳудудида Аму бўйидаги Термиз шаҳристонининг бир қисми, шаҳар харобалари ўрни, ер ости ғорларидан айримлари, Султон Саодат, Қирққиз, Зўрмола минораси, Фаёзтепа буддавийлик ибодатхонаси каби тарихий ёдгорликлар давр талотумларидан ўтиб, бугунги кунгача сақланиб қолган, холос.
Ана шундай сақланиб қолган тарихий ёдгорликлар орасида Ҳаким ат-Термизий мақбараси қадимий ноёб обидалардан бири саналади. Бу мақбаранинг XI асрлик тақдири қадимий Термизнинг тарихи билан узвий боғланиб кетган. Шунинг учун ҳам юқорида таърифини келтирганимиз гўзал маскан гарчи Термизнинг қадимий шаҳристони ўрни бўлса ҳам, Ҳаким ат-Термизий мақбараси жойлашган муқаддас зиёратгоҳ деб эътироф этилади. Хўш, буюк аллома сифатида улуғланган Ҳаким ат-Термизий ҳаётда қандай ишларни амалга оширган? Ундан қандай асарлар халқимизга мерос бўлиб қолган? Мақбараси асрлар оша ҳурмат-эҳтиром билан эъзозланиши, қайта қурилиб, таъмирланиши, авлодлар қадами узилмайдиган зиёратгоҳга айлантирилиши сабаблари нимада?
Тарихий манбаларда ёзилишича, Ҳаким ат-Термизийнинг тўлиқ исми-шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ибн Ҳорун ал-Ҳаким ат-Термизий деб келтирилган. Бу ўринда Абу Абдуллоҳ унинг куняси ҳисобланади. Муҳаммад исми, Али эса отасининг номи бўлган. Ҳасан, Башир, Ҳорун боболарининг номлари дейилади. Ҳаким алломага берилган унвон. Бу унвон одатда табобат илми вакилларига берилган. Лекин Ҳаким ат-Термизий “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида бу сўзга “ҳаким — илмнинг ички томонини тушунувчи”, деб изоҳ беради. Демак, бу ўринда ушбу номни унинг алломалигига берилган унвон дейиш мумкин. Термизий эса унинг туғилган ва яшаган жойига нисбатдир. Ҳаким ат-Термизийнинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Лекин унинг XV асрда кўчирилган “Наводир ал-усул” асарида ва қабр тошида алломанинг вафоти санаси ҳижрий 255 (милодий 869) йил деб кўрсатилган. Агар Ҳаким ат-Термизий “Наврўзнома” асарида ўзининг 120 йил умр кўрганлиги ҳақидаги фикри инобатга олинадиган бўлса, унинг таваллуд санаси 749 йил бўлиб чиқади. Аммо кейинги йилларда аллома ҳаёти ва фаолияти борасида тадқиқот олиб борган қадимшунос олимлар бу борада ҳар хил фикрлар билдирмоқдалар. Бир гуруҳ олимлар, уларнинг аксарияти европалик ва америкалик шарқшунослар Ҳаким ат-Термизий 700-йиллар охиридан 900-йилларгача ҳаёт кечирган дейишса, иккинчи гуруҳ тарихчилар аллома 800-йиллар бошидан 900-йиллар бошигача яшаб ўтганлигини эътироф этмоқдалар.
— Бу маълумотлар унинг ҳақиқатан ҳам VIII аср иккинчи ярмидан IX аср охирларига қадар яшаб ўтганлигини кўрсатади, — дейди шарқшунос олим Убайдулла Уватов. — Узоқ умр кўрган аллома ҳаёти давомида илм талабида Балх, Басра, Марв, Нишопур, Рай, Ҳамадон, Самарра, Куфа, Бағдод, Мадина, Макка каби шаҳарларда бўлади. Кўплаб муҳаддислар, муфассирлар, фиқҳшунослар, сўфийлар, зоҳидлар билан танишади. Устозларидан кўп нарсалар ўрганади, юзлаб шогирдлар тарбиялаб етиштиради.
Манбаларда Ҳаким ат-Термизийнинг 400 дан ошиқ асарлар ёзганлиги, бу асарлар дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларига бағишланганлиги хусусида маълумотлар берилган. Яна шу асарларнинг 50 дан ошиғи бугунги кунларгача етиб келган. Шулар орасида “Адаб ан-нафас” (“Нафс одоби”), “Ал-амсал” (“Масалалар”), “Арш ал-муваҳиддин” (“Ягоналик чўққиси”), “Ал-фуруқ” (“Фарқлар”), “ўавр ал-умур” (“Умр сўқмоқлари”), “Ал-ҳуқуқ” (“Ҳуқуқлар”), “Маърифат ал-асрор” (“Билиш сирлари”), “Ал-масоил ал-афана” (“Фан масалалари”), “Сифат ал-қулуб” (“Қалблар сифати”), “Табоқат ус-сўфия” (“Сўфийлар табақаси”), “Тафсир” (“Шарҳ”), “Тарих ал-машойих” (“Шайхлар тарихи”) ва бошқа асарлари Лейпциг, Берлин, Париж, Анқара, Лондон, Готтинген, Дамашқ, Рим, Штутгарт, Тошкент ҳамда бошқа кўплаб шаҳарларда сақланмоқда. Аллома ўз даврида халқ орасида ҳакимлик унвонидан ташқари муҳаддис, ҳофиз, зоҳид, имом, муаззин, саййид, хожа, ориф, шайх, вали сингари улуғвор нисбатлар билан ҳам сийланган. Бу ҳам алломанинг илм-фан оламида ғоят етук мутафаккир даражасига эришганлигини кўрсатади.
Аллома асарларида илмни юксак даражада улуғлайди. Уни ҳаётни, дунёни, Яратганни идрок қилиш, англашнинг асоси деб қарайди. Унинг “Китоб баён ал-илм”, “Илм ал-авлиё”, “Ал-илм”, “Китоб ал-ҳуқуқ”, “Китоб ал-ҳикма илм ал-ботин”, “Табоқат ус-сўфия” каби асарларида илмнинг назарий асослари ва бу борада сўфийларнинг тутган ўрни очиб берилган. “Китоб ал-ҳуқуқ” асарида Ҳаким ат-Термизий илмга бундай таъриф беради: “Илм бу нурдир. Инсонлар Аллоҳ таоло олдида қанчалик масъулият ҳис этса, шунчалик маърифатга эга бўлади. Инсон қалби ёвузликдан қанчалик тозаланса, илм янада мукаммал бўлади ва нур таратади”. Аллома илмнинг ҳаётдаги ўрнини белгилашда шу билан чекланиб қолмайди. Бу борада ўз фикрларини янада чуқурлаштириб шундай деб ёзади: “Аллоҳ таоло, энг аввало, илмни яратган. Илмдан эса донишмандлик (ҳикмат)ни вужудга келтирган. Донишмандликдан бўлса адолат (адл) ни ва ҳаққ (ҳақиқат)ни пайдо қилган”. Бундай қараш ўша давр учун чинакам фикрий кашшофлик, янгиланиш эди.
Бугунги замон тадқиқотчилари аллома асарларини, меросини ўрганар эканлар, унинг ўз даврида “Ҳакимия” деб аталган сўфийлик тариқатига асос солганлигини, бу тариқатда “нур — илм, илм эса нурдир” деган ақида асос бўлганлигини эътироф этадилар. Аллома асарларидан бирида “Ҳар қандай ҳақиқий маънавий дунёни билиш ёки мушоҳада этиш, янада аниқроғи, ботиний дунёқараш табиатан нур сифатида қаралади. Нурнинг инсон қалбига жо этилишидан мурод — ҳақни ноҳақдан ажратишдан иборатдир”, дея сўфийлик қарашларининг мақсадини белгилайди.
Ҳаким ат-Термизийнинг амалга оширган ишлари, ёзган асарлари, илмий мероси нафақат шогирдлари томонидан, балки кейинги авлодлар вакиллари — улуғ мутафаккирлар, донишмандлар томонидан ҳам улуғланган. Жумладан, Фаридиддин Аттор у ҳақда “Ҳаким ул-авлиё” (“Авлиёлар донишманди”) деб ёзса, Баҳовуддин Нақшбанд “Қудват ул-авлиё” (“Валийлар маёғи”) деб баҳо беради. Шайх Рукнуддин Симноний уни “Бидоят ул-авлиё, ниҳоят ул-анбиё” (“Авлиёларнинг бошланиши, анбиёларнинг охири”) деб таърифласа, Алишер Навоий шариат ва тариқатда “машойихи кибор” (“улуғ шайх”), тасаввуф илмида “дурри ятим” (“ягона дур”) деб улуғлайди.
Улуғ аллома қабрининг, мақбарасининг Термиз шаҳристони яқинида тикланиши бежиз эмас. Унинг ҳаётининг асосий қисми бу шаҳар билан боғлиқ ҳолда кечган. Мақбара атрофида археологик тадқиқотлар олиб борган қадимшунос олимлар бу жой милодий эра бошларидан араблар босқинига қадар буддавийларнинг ибодатхонаси ўрни бўлганлиги, кейинчалик ибодатхона ўрнида масжид барпо этилганлиги ҳақида маълумот берадилар. Ўтган асрнинг 30-йилларида эски Термизда археологик қазишма ишларини олиб борган академик Михаил Массон “Ҳаким ат-Термизийнинг яшаган ҳужраси мақбара ўрнида бўлган, у вафот этганидан кейин васиятига кўра ҳужрасига дафн этилган”, деган фикрни билдирган. Археологик қазишма ишлари натижасида, ҳақиқатан ҳам, мақбара ўрнида уй бўлганлиги аниқланган. Уйнинг пойдевори мақбара деворлари тагида қолиб кетган. Муаррихлардан айримлари алломанинг қабри, мақбараси Термиз шаҳри робод қисмида бўлган, деб ёзганлар. Бу борада ҳам кейинги йилларда бу тарихий маълумотга аниқлик киритилди. Ўрта асрлар муаррихи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Жайҳоний “VIII асрдан кейин Термиз шаҳри шаҳристон, кўҳандиз ва рободдан иборат ҳолда қурилган эди”, деб маълумот беради. Бу маълумотдан Термиз шаҳристонидан 100 метрлар четда, Амударё соҳилида қад ростлаган аллома мақбараси шаҳар кўҳандизида жойлашганлиги маълум бўлади.
Мақбара қурилиши бир неча даврларда босқичма-босқич амалга оширилган. Тадқиқотлар натижаларига кўра, мақбара биринчи бор IX аср охири Х аср бошларида барпо этилган. Кичик, гумбазсимон кўринишда бўлган. Хом ғиштдан тиклангани учун меъморий безаклар, нақшлар қилинмаган. Мақбара қурилишининг иккинчи даври Х асрнинг ўрталарига тўғри келади. Бу даврда мақбара аввалгисига нисбатан тўртбурчак шаклда тикланади. Уни қуришда хом ғишт ўрнига пишган ғишт ишлатилади. Ушбу деворнинг бир қисми эндиликда мақбаранинг жанубий тарафидаги пештоқнинг асосида сақланиб қолган. Бу ерда қурилишнинг учинчи даври XI асрнинг иккинчи ярмидан 1172 йиллар оралиғида кечади. Бу даврда мақбара кенгайтирилади, шарқий қисмида унга туташ қилиб уч гумбазли меҳробли масжид ва ҳовлисимон кўринишдаги меъморий иншоот қурилади. Мақбара ва масжиднинг ички қисми куфий ва насх услубидаги эпиграфик ёзувлар, гириҳ ва ислимий шакллардан иборат нақшлар билан безалади. Мақбарада қурилиш ишларининг навбатдаги босқичи соҳибқирон Амир Темур даврида, 1389-1390 йилларда амалга оширилган. Бу даврда аввалги мақбаранинг шарқий томонида ҳовлининг жанубий девори бўйлаб янги чиллахонали мақбара бунёд этилади. XV аср бошида темурий шаҳзода Ҳалил Султон топшириғига кўра мақбара ва масжид олдида икки пештоқли, баланд гумбазли, маҳобатли, ички қисми нақшлар билан безатилган хонақоҳ қурилади. Аллома қабри устига ниҳоятда чиройли қилиб ишланган, турфа ёзувлар битилган, юксак сангтарошлик намунаси бўлган қабртош қўйилади. Натижада бу ерда Ҳаким ат-Термизий мақбарасининг бугунги қиёфасига монанд мажмуадан иборат зиёратгоҳ пайдо бўлади.
Албатта, мақбара атрофида XVI ва XVIII асрларда ҳам бошқа иншоотлар, мақбаралар барпо этилган. Лекин улар давр талотумлари натижасида бузилиб, йўқ бўлиб кетган. ХХ асрга келиб, мақбаранинг темурийлар даврида барпо этилган қисмига ҳам зарар етади. Пештоқлар бузилади, хонақоҳ, масжид ва мақбаранинг ички қисмидаги нақшлар, безаклар, ёзувларнинг айрим ўринлари ўчиб кетади. Тарихий иморатларнинг баъзи жойлари эътиборсизликлар, таъмирлаш ишлари тўғри олиб борилмагани сабабли вайрона ҳолатга тушади. Кўп асрлар давомида табаррук зиёратгоҳ сифатида эъзозланиб келинган бу қадамжо собиқ шўролар даврида рухсатномасиз киритилмайдиган масканга айланади.
— Ҳаким ат-Термизий мақбара мажмуасини қайта қуриш, таъмирлаш ишлари мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин бошланди, — дейди тарихчи Исмоил Ботиров. — Бу борада республикамиз Биринчи Президентининг юртимиз тарихини холислик билан ўрганиш, ҳаққоний ёритиш, ўлкамиз ҳудудларидаги халқимиз томонидан бунёд этилган қадимий ёдгорликларни, табаррук зиёратгоҳларни асл ҳолида тиклаб, обод масканларга айлантириш хусусидаги кўрсатмалари дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Бу ерда дастлабки таъмирлаш ишлари 1997 йилда амалга оширилди. Мақбара атрофида тўла равишда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ёдгорликнинг бузилган, шикаст етган жойлари қайта қурилди. Мажмуа яқинидаги қабрлар асл ҳолида тикланди. Термизийлар нисбаси билан машҳур бўлган алломалар номлари битилган мармар тахталар ўрнатилди. Мақбарага олиб борадиган йўл барпо этилди. Энг муҳими, ушбу масканга зиёратчиларнинг эмин-эркин келиб-кетишлари учун имконият яратилди.
2002 йилда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги халқаро миқёсда ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда нишонланиши натижасида ушбу тарихий масканда ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Мажмуа атрофидаги тарихий масканлар, ёдгорликлар илмий тадқиқ қилинди. Шаҳарнинг 2,5 минг йиллик тарихга эга эканлиги ҳақидаги илмий ҳақиқат мана шу қадимий масканда исботини топди. Ана шу анжуманда Юртбошимиз “Бу қадимий диёрда яшаб ўтган беназир аллома Ҳаким ат-Термизий, ислом дунёсида олти муҳаддисдан бири сифатида тан олинган Имом Исо ат-Термизий, мумтоз шоир Собир Термизий, муаррих Самандар Термизий каби ўнлаб улуғ аждодларимиз, азиз авлиёларнинг мўътабар номларини халқимиз ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади”, дея буюк зотлар ва улар меросига юксак баҳо берди. 2004 йилда эса Термиз давлат университетида “Ҳаким ат-Термизий ва унинг даври” мавзуида халқаро илмий анжуман ўтказилди. Анжуманда аллома илмий меросини ўрганиш, асарларини нашр этиш эндиликда дунё миқёсида амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди.
2006 йилдан бошлаб алломанинг мақбара мажмуасида кенг кўламда илмий тадқиқот, ёдгорликни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Аввало, мақбара пойдеворлари асоси ва атрофи археологлар томонидан очиб ўрганилди. Мажмуа ўтмиши билан боғлиқ тарихий ҳақиқат, биноларнинг меъморий тузилиши аниқланди. Мақбара атрофидаги бошқа иншоотлар ва қабрларнинг ўринлари белгиланди. Археологик қазишмалар пайтида 400 дан ортиқ ноёб тарихий ашёлар топилди. Булар ушбу мажмуа тарихини ўрганишда асос манбалар ҳисобланади. Шундан кейин мажмуада Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси усталари томонидан асл тарихий кўринишига монанд қайта қуриш, тўла равишда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мақбара атрофи кенгайтирилди. Иншоотларнинг тарихий қиёфаси тикланди. Мақбара, масжид, хонақоҳнинг ички безаклари, нақшлари, ёзувлари аслидагидек яратилди. Бу ерда Юртбошимиз ташаббуси билан яна бир хайрли иш амалга оширилди. Мақбарадаги аллома қабри устидаги Ҳалил Султон даврида қўйилган қабртошнинг бир қисми дарз кетганлиги сабабли у олиниб, ҳудди олдингисига монанд тарзда нақш-нигорлари, ёзувлари сангтарошлик асосида ишланган янги қабртош қўйилди. Булардан ташқари, мажмуа бағрида замонавий ва тарихий кўринишдаги янги бино қурилиб, у “Термиз ва термизийлар мероси тарих музейи”га айлантирилди. Музейда Термиз шаҳрининг тарихига оид ноёб экспонатлар билан бирга термизий алломалар ва Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти, фаолиятига оид ашёлар ҳам қўйилган. Улар тарихнинг нодир бойликлари ҳисобланади.
— Бу ердаги улуғвор ишлардан яна бири Термизнинг қадимий шаҳристони деворининг мажмуа билан боғлиқ қисмининг таъмирдан чиқарилиши бўлди, — дейди Термиз давлат университети доценти Зокир Ҳолиқов. — Бу девор ўрни эътиборсиз ётарди. Энди у тикланди. Тарихий ҳақиқат юз очди. Бугунги авлод қалбида Термизнинг қадимий қалъаси ҳақидаги тасаввур пайдо бўладиган бўлди. Бу ҳам улуғ алломага эҳтиромнинг натижаси сифатида юзага келди. Мажмуа ҳақиқий тарих масканига айланди.
Аллома мақбара мажмуасида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, уни яхлит тарихий масканга ва табаррук зиёратгоҳга айлантириш ишлари 2008-2010 йилларда амалга оширилди. Биринчи Президентимиз ташаббуси ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик темир йўл компанияси ҳомийлигида катта ҳажмда реконструкция ишлари бажарилди. Зиёратгоҳ мажмуанинг умумий майдони 10 гектарга кенгайтирилди. Мажмуа атрофи девор билан ўраб олинди. Кириш қисмига қадимий асосда ишланган дарвоза ўрнатилди. Зиёратгоҳдаги ёдгорликлар, музей бинолари атрофи кўкаламзор боғларга, гулзорларга айлантирилди. Замонавий асосда эколандшафт тизими яратилди. Дунёнинг турли ўлкаларидан олиб келинган 4 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар кўчатлари экилди. Мажмуа бағридаги иссиқхонада ҳар йили 100 мингдан зиёд мавсумий гуллар етиштирилади ва улар зиёратгоҳда гулзорлар яратишга хизмат қилмоқда. Бу ерда зиёратчилар учун 5 та миллий услубдаги ёзги айвон барпо этилган. Замонавий меъморий тарх асосида тикланган чойхона, тамаддихона, дам олиш масканлари ҳам зиёратга келган меҳмонлар учун қулайликлар яратмоқда. Мажмуада ҳар бир ҳудуд алоҳида эътибор ва назоратда. Бу ерга борган одам ҳам улуғ аллома мақбараси, тарихий масканлар зиёратидан, ҳам ушбу маскандаги гўзаллик, орасталик, ободликдан баҳраманд бўлади.
— Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ҳар гал Термизга ташриф буюрганида бу ерга келиб, албатта, ушбу мажмуани кўриб, зиёрат қилиб кетарди. Навбатдаги қилинадиган ишлар кўламини белгилаб берарди, — дейди Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуаси директори Абдураим Чориев. — Шу йилнинг 30 июнида Юртбошимизнинг Сурхондарё вилоятига сўнгги ташрифи пайтида ҳам шундай бўлди. Зиёратдан кейин юртимиз раҳбари мақбарани янада мукаммал, тарихий қиёфасига монанд тарзда тўла таъмирлаш, мажмуада Самарқанддаги Имом ал-Буҳорий ёдгорлигидаги каби иншоотлар, бинолар барпо этиш, улар қурилишида замонавий ва қадимий миллий меъморчилик услубларидан фойдаланиш, бу ишларни амалга оширишда Сурхон воҳаси ҳунармандчилигига хос анъаналарни қўллаш хусусида таклифлар билдирган эди. Бугунги кунда ана шу таклифлар асосида мажмуада қайта қуриш, таъмирлаш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Демак, Ҳаким ат-Термизий номи билан боғлиқ бу тарихий ёдгорликда, халқимиз ардоқлаб эъзозлаётган қадамжода, Жайҳун соҳилидаги табаррук масканда уни обод, гўзал, кўркам мажмуага айлантириш билан боғлиқ бунёдкорлик, яратувчилик ишлари давом этади. Ана шунда халқимизнинг ўз юртига муҳаббати ва буюк сиймолари хотирасига бўлган юксак эҳтироми тўла ифодасини топади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Медиа-тур доирасида халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар иштирокида брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
Уларнинг айтишларича, яқинда Зангиота туманида 192 та биз истаган уйларнинг қурилиш ишлари бошланар эмиш, қизиғи, ўша уйлар учун бирорта ҳам шартно...
01 янв 1970
Кейинги кунлари аҳоли, электоратимиз вакиллари билан учрашиб, бугунимизнинг долзарб мавзулари, муаммолари ҳақида гурунглашганимизда гап мавзуи тунг...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан