Эзгулик ва адолат тимсоли

/
Алишер Навоий инсониятни улуғлаб ўтган, уни ҳаётнинг буюк бунёдкори деб таърифлаган ижодкор. У ҳар доим саховатпеша ва оқил кишиларни қўллаб-қувватлаган, манман, ўзига бино қўйган, худпарастларни қоралаган. ўазалларидан бирида “Будпараст ўлмоқ кўп ортуғроқки, бўлмоқ худпараст”, деб ёзиши бежиз эмас.
Яқинда Ўзбек миллий академик драма театрида намойиш этилган “Алишер Навоий” спектаклини томоша қилиш жараёнида хаёлимиздан ана шундай фикрлар кечди. Спектаклдаги Алишер Навоий образи талқини томошабинларни улуғ шоир шахсига янада яқинлаштиради. Спектакл намойишига “Ўзбекистон—Грузия” дўстлик жамияти аъзоларининг ташриф буюриши икки давлат ўртасидаги ижодий алоқаларнинг муваффақиятли давом этаётганлигини кўрсатади. Алишер Навоий образининг саҳнага олиб чиқилиши бу адабиётга ошно барча қалблар учун улкан ҳодиса, миллатнинг улуғ шоирини халққа янада яқинлаштириш сари қўйилган муҳим қадамдир.
Спектаклда ўша давр салтанатидаги можаролар, эзгулик ва ёвузлик, адолат ва ноҳақлик ўртасидаги курашлар асносида ижодкорнинг қисмати очиб берилади. Чунки ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳамиша халқнинг қалбида эзгулик ва адолат тимсоли бўлиб муҳрланиб қолган. Айниқса, Навоий ва Гули ўртасидаги ишқ-муҳаббат ҳали кўп асрлар давомида авлодлар учун ибрат бўлиб қолади. Тўғри, саҳнада Алишер Навоий шахсиятини, у босиб ўтган оғир ва шарафли ҳаёт йўлини бир асар доирасида тўла кўрсатиб бериш осон эмас. Чунки шоирнинг ҳаётида шундай “кўп ва хўп” воқеалар содир бўлганки, улар ҳали йиллар давомида ўрганилади, саҳнага кўчирилади.
Тарихчи Хондамирнинг “Макорим-ул ахлоқ” асарида шундай воқеа келтирилади: “Алқисса Навоий масжиддан ҳаммадан кейин чиқар экан. Бир сафар намозни тугатиб, биринчилардан бўлиб ташқарига йўл олибди. Бир киши бу ҳолдан ажабланиб, боисини сўраганида Навоий ҳазратлари вазминлик билан шундай жавоб қайтарган экан: “Боя таҳорат олаётганимда чопонимга бир чумоли илашди. Бечора масжиддан то инигача бўлган йўлни топиб боролмаса керак, деб ўйладим. Шунинг учун уни уясига обориб қўйдим”.
Чиндан ҳам шоир ҳаёти катта ва суронли воқалар ичида ўтди. Аммо ҳаётда унинг олий ҳақиқати кўнгилни Каъба каби асраш, унга сиғиниш бўлди. Бу ғоя шоирнинг ҳаётида ҳам, ижодида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. У ҳеч қачон шоҳнинг олдида гадони, бойнинг олдида муҳтожни изза қилмайди. Дунё паст-баландликларини тенг кўради. Тил ва дил бирлигини умрининг сўнггигача сақлай олди. Бу жиҳат спектаклда ҳам ўзига хос ракурсларда очиб берилганига гувоҳ бўлдик.
Саҳна кўриниши кишида ана шундай кескин кечинмаларни ёдга солади. Ҳамманинг хулосаси ўзига хос. Аммо шуниси аниқки, Алишер Навоий давлат ва жамият, улус ва раият ўртасидаги одил инсон, ҳақгўй ижодкор. Рост ва ёлғон, адолат ва зулм ўртасидаги чегара шоир талқинида шунчалар ишончли очиб бериладики, томошабин унинг сажиясига, дунёқарашига тан бермай қолмайди. Баъзан аянчли манзаралар ичида қолган шоир ўз маҳбубасига қарата шундай дейди: “Азизам, дунёга бевақт келибмиз”. Бу иқрор хиёнатлардан чарчаган ва ўзини талатўплар ичида ожиз ҳис қилган инсон сўзларидай янграйди.
“Ўзбекистон—Грузия” дўстлик жамияти аъзолари барча томошабинлар қаторида театр жамоасининг бундай асарни саҳнага олиб чиққанидан мамнун бўлдилар.
Ориф НИГМАТОВ,
“Ўзбекистон — Грузия” дўстлик жамияти аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. ...
01 янв 1970
Истиқлол туфайли халқимиз онгида, тафаккурида янгича дунёқараш шаклланди. 
01 янв 1970
Иш куни поёнига етганда хаёлингиздан бугун учун нималарни режа қилгандим-у, нималарга улгурдим, эртага бажаришим керак бўлган қандай ишлар бор, каб...
01 янв 1970
Ғузор туманидаги молия иқтисод коллежида Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли таш...