Бунёдкорлик мўъжизалари

/
Мамлакатимиз марказида жойлашган Жиззах бир томондан Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани чегараларидан бошланиб, жанубий-ғарбий тарафда Нурота ва Туркистон тизма тоғлари, шимолда Арнасой, Айдаркўл оралиғини қамраб олган ҳолда Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани сарҳадларига қадар бўлган заминда ястаниб ётади. Вилоят ҳудуди икки томони тоғлар билан ўралган, ўртаси текисликдан иборат узун йўлакни эслатади. Унинг маркази Жиззах шаҳри ана шу йўлакнинг марказида қад ростлаган.
Жиззахнинг олис ўтмиш тарихи хусусида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятлар, археологик материаллар, турли ёзма маълумотлар мавжуд. Уларда милоддан олдинги уч мингинчи йилликлардан бу ерда одамларнинг ўтроқлашиш, яшаш жараёнлари бошланганлигини намоён этувчи Пишоғордан топилган тош деворлардаги расмлар, петроглиф ёзувлар ашёвий далиллар ҳисобланади. Антик давр тарихчилари асарларида бу ўлка “Сўғд орти саклар ўлкаси” номи билан юритилади. Бу ўлкада еттита шаҳар бўлганлиги, шулар орасида Зомин, Жиззах, Сабот, Нужкат, Новкат каби қалъалар мавжудлиги тилга олинади. Кейинги давр муаррихлари асарларида бу ўлка Уструшона, деб аталади.
Уструшоналиклар юнон, араб, мўғуллар босқинлари даврида тарихчилар томонидан душманга қарши аёвсиз курашган эл вакиллари сифатида эътироф этилади. Жиззах манбаларда турли номлар билан қайд қилинади.
Муаллифи номаълум “Ҳудуд ул-олам” асарида Жиззахнинг ҳозирги ҳудудларида Зомин, Чарқон, Навинжкас, Дизак каби шаҳарлар мавжуд бўлганлиги хусусида маълумот берилади. Жумладан, “Дизак — шаҳарча, унда оқар сув бор. Унинг яқинида Мирсаманда деган жой мавжуд. Унда ҳар ойда бир кун бозор бўлади ва ўша куни ул бозорда икки юз минг динор миқдорида мол савдо қилинади дейдилар”, деб ёзса, Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-ансоб” асарида “Самарқанддан Шошга кетиш йўли юқорисидаги катта қишлоқ. Бу қишлоқ Дизак, Сабот деб ҳам аталади”, деган фикрни келтиради.
Маълумки, Жиззах темурийлар даврида мамлакатнинг йирик қўрғон ва қалъаларидан бири сифатида эътироф этилган. Бу ерда катта қўшин сақланганлиги, шунингдек, мамлакатнинг савдо йўлларидаги осойишталикни таъминлашга хизмат қиладиган алоҳида лашкарлар бўлинмалари жойлашганлиги тилга олинади. Ушбу маълумотлар шаҳарнинг ўрта асрлар ва ундан кейинги даврларда савдо маркази сифатида шаклланганлигини кўрсатади.
— Дизак қалъасининг қадимий ўрни шаҳарнинг жанубий шарқ қисмида вайрона тепаликлар остида сақланиб қолган, — дейди археолог Мухтор Пардаев. — Тепаликнинг марказий қисмларини очиб ўрганганимизда шаҳарнинг арк ва шаҳристон қисмининг айрим нуқталари ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Баъзи тарихий манбаларда уни диз-қалъа, ак-кичик маъносини билдирувчи кичик шаҳар мазмунини англатади, деб ёзишади. Археологик қазишмалар эса унинг кичик қалъа эмас, тахминан 50-60 гектар ҳудудни эгаллаган катта шаҳар бўлганлигини кўрсатди. Археологик қазишмалар пайтида эски қалъа вайроналаридан милодий эра бошларидан то XV-XVII асрларга қадар ясалган хумлар, кўзалар қолдиқлари, зардуштийларнинг остодонлари синиқлари, ҳар хил даврларда яшаган ҳукмдорлар томонидан зарб қилдирилган тангалар намуналари топилди. Шаҳарда турли миллат вакиллари яшашган. Бу ер нафақат савдо маркази, балки маданиятлар чорраҳасидаги шаҳар сифатида ҳам шаклланган. Бугунги Жиззах шаҳри ана шундай тарихий масканда барпо этилган.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз Биринчи Президенти саъй-ҳаракати билан Жиззахда қайта қуриш, бунёдкорлик, уни миллий ва замонавий шаҳар сифатида янгидан барпо этиш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Бунда вилоятдаги иқтисодий юксалиш, ишлаб чиқаришнинг тараққиёти муҳим омил бўлди. Айтайлик, шу йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий ишлаб чиқариш 9,5 фоизга юксалган. Қишлоқ хўжалиги 5,6, саноат соҳаси 13,7, чакана савдо айланмаси 14,2 фоизга ўсган. Қурилиш соҳасида эса юксалиш 12,8 фоизга етган. Вилоятдаги кенг кўламли қурилиш ишларининг асосий қисмини Жиззах шаҳридаги бунёдкорликлар ташкил этади. Бугун шаҳар тубдан ўзгармоқда. Унинг кечаги кўринишини акс эттирувчи тор, эгри-бугри кўчалар, кўримсиз хиёбонлар, бетон қопламали каталаксимон уйлар, қуриб ётган дарахтлардан иборат майдонлар, боғлар ўрнида кенг кўчалар, ям-яшил хиёбонлар, гулларга бурканган масканлар, 3-4 қаватли гўзал, яшаш учун қулай турар жойлар, кўкаламзор, эколандшафт тарзда яратилган майдонлар, дов-дарахтларга бурканган боғлардан иборат янги қиёфадаги Жиззах бўй кўрсатмоқда.
Шаҳарнинг янгидан қурилиш, бунёд этилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 сентябрдаги “2030 йилгача Жиззах шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва шу қарор асосида ишлаб чиқилган махсус дастур муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шаҳар марказидаги Мустақиллик кўчаси бўйига узайтирилиб, энига кенгайтирилди. Унинг эни 50 метрга етказилиб, шоҳкўчалардан бирига айлантирилди. Кўчанинг кенгайтирилиши автомобиллар қатнови учун қулайликлар туғдириш билан бирга шаҳар қиёфасига ўзига хос гўзаллик бағишлади. Унинг икки томонида кўкаламзор масканлар, гулзорлар яратилди. Доимо яшил бўлиб турадиган дарахтлар экилди. Эски, кўримсиз уйлар ўрнида 34 та кўп қаватли, чиройли, барча қулайликларга эга турар жой бинолари қад ростлади. Эколандшафт тизимли майдонлар, хиёбонлар яратилди. Худди шундай қайта қуриш, бунёдкорлик ишлари шаҳарнинг Алишер Навоий, Буюк Турон, Шароф Рашидов кўчаларида ҳам олиб борилмоқда. Марказий кўчалар бўйидаги эски, бир қаватли уйлар, ташкилотлар учун қурилган талабга жавоб бермайдиган иншоотлар ўрнида замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналарига мувофиқ 57 та кўп қаватли турар жойлар барпо этилмоқда. Шулардан 42 таси тўла қурилган бўлса, 15 тасида шу йилнинг охиригача қурилиш ишлари якунланади. Бу уйларнинг биринчи қаватларида савдо дўконлари, маиший хизмат корхоналари, тамаддихоналар ўрин олади. Бошқача айтганда, бу ерда яшовчилар учун барча қулайликлар яратилади.
Шаҳар марказидаги “Ёшлар шаҳарчаси”ни Жиззахнинг энг кўркам, обод, сўлим гўшаларидан бири дейиш мумкин. Салкам 66 гектар ҳудудни эгаллаган бу шаҳарчада ёшларнинг ҳаёт кечиришлари, фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Мавжуд “Камолот” уйларидан ташқари шаҳарчада келгусида яна янги турар жойлар қад ростлаши кўзда тутилган. Шу билан биргаликда, бу ерда Ёшлар боғи, Ёшлар сайилгоҳи, Ёшлар маркази, “Ўрда” деб номланган Ёшлар экологик боғи ташкил этилган. Бу шаҳарчада ёшлар анжуманлари, турли тадбирлар уюштирилмоқда, умумхалқ байрамлари, сайиллари ҳам ўтказилмоқда ва аҳолининг барча қатламлари дам олиши учун ҳамма имкониятлар яратилган. Айниқса, Ёшлар экологик боғида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бу ерда вилоят экологиясини асраш, унинг мусаффолигини сақлаш борасидаги ишлардан ташқари Жиззах ҳудудида ноёб бўлган дарахтларни, ўсимликларни етиштириш, уларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кузатилган асосий мақсад шаҳар экологиясини яхшилаш, уни кўкаламзор масканга айлантиришдан иборат бўлмоқда. Умуман, бу шаҳарчани Жиззахнинг нафақат бугунги замонавий қиёфасининг бир бўлаги, балки унинг келажаги тимсоли ҳам дейиш мумкин.
Шаҳар экологиясини яхшилаш, уни обод ва кўркам масканга айлантириш борасида бошқа хайрли ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, шаҳар марказида жойлашган, аҳоли саломатлигига ҳам, шаҳар ҳавоси мусаффолигига ҳам салбий таъсир кўрсатаётган оҳак заводи бузилиб, чекка ҳудудлардан бирига кўчирилди. Унинг ўрнида яшил ҳудуд, боғ ва гулзорлар ташкил этилди. Завод атрофидаги ташландиқ ер ўзлаштирилиб, “Наврўзбулоқ” деб аталган болалар боғи барпо қилинди. 2015 йилда тўрт гектардан иборат ҳудудда “Кексалар боғи” қурилиб, ишга туширилди.
— Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хослигини, қиёфасини, ҳусн-жамолини, аҳолисининг қандайлигини намоён қилувчи масканлари бўлади. Ана шундай масканлардан бири шаҳар бозорлари ҳисобланади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Кенжаев.— Шу сабабли шаҳарни замонавий асосда қайта қуриш жараёнида бу ердаги учта катта бозорда сотувчи ва харидорларга қулайлик туғдириш мақсадида бунёдкорлик, реконструкция, яратувчилик ишлари амалга оширилди. Қадимий Кўкбозор ўрнида акциядорлик жамияти шаклидаги янги “Марказий деҳқон бозори” барпо этилди. Бозорнинг 5 минг 400 квадрат метр савдо майдонига эга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш павильонида 1 минг 152 савдо ўрни ташкил қилинди. “Эски шаҳар деҳқон бозори” ва “Эски шаҳар буюм бозори”да ҳам кенг кўламли қурилиш, реконструкция ишлари амалга оширилди. Ҳар икки бозорни шарқона ва замонавий савдо талаблари асосида қайта қуришда бу ердаги савдо расталари, дўконларнинг сотувчи ва харидорларга ҳар томонлама қулай бўлиши, санитария-гигиена, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришига алоҳида эътибор қаратилди. Умуман, кейинги йилларда барпо қилинган бозорлар аввалгидек фақат савдо мажмуаси эмас, шаҳар ободлиги, халқимиз фаровонлиги, гўзал ҳаёт тарзимизнинг кўзгусига айланди.
Маълумки, Жиззах шаҳри кичик тоғ ён бағрида ва унга туташ текисликда жойлашган. Одатда, бундай жойларда барпо қилинган шаҳарлар ниҳоятда обод ва кўркам бўлади. Юксаклик, паст-баландликлар ва текисликлар бағрида шаҳар ўзига хос гўзаллик касб этади. Шаҳар бағридан оқиб ўтган дарё, канал ва сойлар унга алоҳида файз бағишлайди. Афсуски, собиқ шўролар даврида шаҳарнинг табиий гўзаллигини намоён қилувчи ана шундай масканда бунёдкорлик ишлари олиб борилмади. Натижада шаҳар бағридан оқиб ўтувчи дарёнинг суви камайиб кетди, баъзи йиллари қуриб қолди. Сойлар, каналлар соҳиллари обод қилинмади. Шаҳардаги кўчалар, соҳиллар, майдонларда экилган дарахтлар камайиб кетди. Гулзорлар, кўкаламзор масканлар қаровсиз қолди. Оқибатда шаҳар кўркамликдан йироқ, даштнинг самум шамоллари эсиб юрадиган кўримсиз масканга айланди. Эндиликда шаҳарни истиқболли қайта қуриш, бунёдкорлик режасига кўра дарёни сув билан тўлдириш, унинг соҳилларини обод қилиш, ҳар бир кўча, хиёбон, майдонларини кўкаламзорларга айлантириш, боғлар, яшил зоналар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда кейинги икки-уч йил ичида шаҳарда “Ором” фавворалар мажмуаси ишга туширилди. Боғишамол, Сангзоркўл дам олиш масканлари барпо этилди. “Истиқлол” болалар боғи, Форум мажмуаси эндиликда шаҳар аҳли, меҳмонлар сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган хушманзара, гўзал манзиллар сифатида Жиззах қиёфасига янгича руҳ бағишлади. Ўтган йили Алишер Навоий ва “Мустақиллик” кўчалари оралиғида шаҳарнинг энг катта истироҳат боғи ишга туширилди. Боғ ичида болалар учун турли ўйин майдончалари, аттракционлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Сувни камалак рангида 25 метр баландликка пуркайдиган мусиқали фаввора атрофидан дам олувчиларнинг қадами узилмайди. Бу фавворадан туну кун шаҳар бағрига салқинлик уфуриб туради.
Шаҳарда янги хиёбонлар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Кейинги икки йил ичида бу ерда 17 та янги хиёбон барпо қилинди. Ҳамид Олимжон номидаги хиёбонда кенг кўламли қурилиш-реконструкция ва ободонлаштириш ишлари бажарилган бўлса, “Хотира боғи” хиёбонида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ва бедарак кетган жиззахликларнинг исм-фамилияси битилган “Хотира китоби” мажмуаси қурилди. Бу маскан эндиликда шаҳар аҳлининг табаррук зиёратгоҳига айланди.
Жиззахнинг замонавий ва миллий шаҳарсозлик қиёфасини яратишда янги илм-фан даргоҳлари учун иншоотлар ҳамда спорт-соғломлаштириш масканлари қуришга ҳам эътибор берилмоқда. Шаҳарда сўнгги йилларда кўплаб коллежлар, лицейлар, умумтаълим мактабларининг янги бинолари қад ростлади. Жиззах политехника институтининг 4 қаватли ўқув биноси ва спорт зали мукаммал равишда тўла таъмирдан чиқарилди. Ҳозирги пайтда институтнинг 700 ўринга мўлжалланган лаборатория биносида қурилиш ишлари давом этмоқда. “Сўғдиёна” стадиони ўрнида салкам 12 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол майдони, 2 спорт зали ва сузиш ҳавзаси қурилди. Ўнга яқин анъанавий спорт турлари билан шуғулланувчилар учун махсус заллардан иборат янги, замонавий “Сўғдиёна” футбол-енгил атлетика спорт аренаси ишга туширилди. Шу билан бирга, шаҳарда янги йўллар барпо этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бугунги кунгача 17 километрдан иборат автомобиль йўли янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Кейинги йилларда Жиззах вилояти ва унинг марказида иқтисодиётни янада юксалтиришга, саноат тараққиёти учун кенг йўл очиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун саноат корхоналарини барпо этиш асосий масала қилиб белгиланган эди. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармони ана шу ишларнинг муваффақиятли амалга ошишига асос бўлиб хизмат қилди. Фармонга мувофиқ махсус индустриал зона учун Жиззах шаҳридан 364 гектар ер ажратиб берилди. Зонада хорижий инвестициялар иштирокида жами қиймати 158,2 миллион доллар бўлган 24 та йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган эди. Бугунги кунгача 63,6 миллион доллар қийматга тенг 21 та лойиҳа амалга оширилди. Янги “Auto Pad Systems” қўшма корхонаси ана шу лойиҳалардан бири ҳисобланади. Марказий Осиёда ягона бўлган бу корхонада йилига 520 минг дона тормоз колодкалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Яна бир йирик лойиҳа асосида “Roisoh Home White Goods” қўшма корхонаси барпо этилди. Бу қўшма корхонада йилига 650 мингдан ортиқ телевизор, музлаткич, электр печ ва кир ювиш машинаси каби электротехника маҳсулотлари тайёрланмоқда. Бундай лойиҳалар асосида ҳали кўплаб янги корхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.
Махсус индустриал зона корхоналари ҳудуд иқтисодий ривожи билан биргаликда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Фаолият юритаётган қўшма корхоналарда 1100 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу иш ўринларига асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишга қабул қилинди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар мамлакат ички бозоридан ташқари хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Ўтган йили зонада фаолият юритаётган 14 та корхонада 102 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, шундан 6,4 миллион долларлик маҳсулот экспортга чиқарилди.
“Жиззах” махсус индустриал зонасида ишлаб чиқариш, транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш мақсадида 84 миллиард сўм ҳажмдаги капитал маблағлар ўзлаштирилди. Зонага олиб борувчи 12 километрлик ташқи йўллар тўла таъмирдан чиқарилди. Салкам 6 километр узунликда ичимлик суви, 8 километр узунликда газ тармоғи қурилди. Бу йил 7 километр узунликда ички йўллар қурилиши ва реконструкцияси амалга оширилади. Энг муҳими, замонавий шаҳарсозлик режаси асосида корхоналарнинг муҳташам, кўркам бинолари, иншоотлари қад ростлади. Иншоотлар, бинолар атрофлари кўкаламзор масканларга, боғ-роғларга айлантирилди. Равон йўллар, фавворалар, хиёбонлар, гулзорлар... Ташқаридан қарасангиз, бу ер саноат зонасига ўхшамайди, шаҳарнинг гўзал оромгоҳларини, кўркам марказини эслатади. Жиззах шаҳри бағрида замонавий саноат шаҳарчаси ана шундай тарзда яратилмоқда.
— Инсоннинг қўли гул деб бежиз айтишмайди. Биз Жиззахни кейинги бир-икки йил ичида бу даражада кескин ўзгаради, замонавий шаҳарлардан бирига айланади, деб тасаввуримизга ҳам сиғдира олмасдик. Хаёлимиз етмаган ўзгаришларни, янгиликларни ҳаётда замондошларимиз ўз қўллари билан яратдилар, — дейди Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эргаш Қўлдошев. — Кенг ва равон йўллар, гўзал турар жойлар, оромгоҳлар, истироҳат боғлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, гулзорлар, майдонлар, хиёбонлар, яна қанча улуғвор ўзгаришлар, асрларга тенг бунёдкорликлар. Буларнинг ҳаммаси шаҳар эски тўнини ечиб, устига янги тўн, тўн бўлганда ҳам зарбоф тўн кийгандек бўлди. Амалга оширилган бу улуғвор ишларни Жиззахнинг бунёдкорлик, яратувчилик мўъжизалари, деб аташ мумкин.
Дарҳақиқат, Жиззах шаҳри бугун улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, мўъжизавий бунёдкорликлар қўйнида яшамоқда. Бундай ўзгаришлар, бунёдкорликлар кўлами келгусида янада кўпайиши аниқ. Зеро, мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2015 йил 19 июнда Жиззах вилоятига ташрифи пайтида ҳудудда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, енгил саноат соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳисобидан пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган лойиҳаларни кўпайтириш, вилоят маркази қиёфасини тубдан ўзгартириш, шаҳарда айланма йўл қуриб, кўчаларни унга туташтириш, шаҳар ичида янги магистраль йўллар, замонавий кўп қаватли уйлар, истироҳат боғлари барпо этиш, муҳандислик-коммуникация ва ирригация тармоқларини янада яхшилаш бўйича берган тавсиялари асосида шаҳарнинг бош режаси қайта кўриб чиқилди. Демак, шаҳарда улуғвор бунёдкорлик мўъжизаларини яратиш давом этади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири
 
Гўзалликка ошиён маскан
Бугун Жиззах шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгаришга юз тутиб, улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Янги қурилган уй-жойлар, кўркам хиёбонларни кўриб, Ватанимизнинг кундан-кунга чирой очиб, қудратли давлатга айланаётганлиги ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғотмоқда.
Бу йил Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида 1,5 км масофада қурилиш ишлари олиб борилиб, эски уйлар ўрнида 16 та кўп қаватли турар жойлар барпо этилади. Шу билан бир қаторда маъмурий, маиший ҳамда савдо шохобчалари ҳам қурилиб, тўрт қаторли кенг йўл юзага келтирилади. Шаҳарнинг марказий Шароф Рашидов кўчасидаги эски уйлар ўрнида кўп қаватли турар жойлар, инфратузилма объектлари барпо этилади. Бу каби ишлар “Халқлар дўстлиги” шоҳкўчасида 7,2 км масофадаги йўлларни реконструкция қилиш ва кенгайтириш, 60 дан зиёд кўп қаватли уйлар ҳамда маъмурий, маиший ва савдо иншоотларини қуриш, 8 та хиёбонни юзага келтириш каби режалар лойиҳалаштирилаяпти. Бундан ташқари, Тошкент кўчаси кенгайтирилиб, 3,7 км масофада қурилиш ишлари олиб борилади ва кўп қаватли уйлар барпо этилади.
Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, республикамиз раҳбариятининг эътибори билан Жиззах шаҳрида ҳам олий маҳорат бокс мактаби қурилиши кўзда тутилаяпти. 3 минг томошабинга мўлжалланган мазкур спорт мажмуаси Жиззахда 2017 йилда қуриб битказилади. Қолаверса, келгусида 4 минг 745 гектар ҳудудга эга Жиззах шаҳри Жиззах тумани ҳисобидан 9 минг 746 гектарга кенгайтирилади. Айни вақтда, Жиззах шаҳрида 156 минг нафар фуқаро истиқомат қилаётганлиги ҳисобга олиниб, 2030 йилда 250 минг аҳоли яшаши учун шароитлар яратиш режалаштирилган.
Амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида вилоятимиз маркази – Жиззах шаҳри янада кўркам қиёфа касб этишида малакали қурувчиларнинг самарали меҳнатлари беқиёс эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Улар томонидан яратилган ҳар бир кўркам ва замонавий бинолар кишига завқ бағишлайди. “Ўрта Осиё меъмор”, “Жиззах қурилиш зийнати”, “Ҳумоқурилишсервис”, “Мукаммал қурилиш савдо”, “Мерос”, “Агро квант”, “Лойиҳа экспо қурилиш”, “Хуршид”, “Альфа плюс” каби қурилиш фирмаларида ишлаётган қурувчиларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Мазкур фирмалар вилоятимиздаги шинам таълим марказлари, соғлиқни сақлаш муассасалари бинолари, уй-жой массивларининг қад ростлашида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. Мустақиллик йилларида барча соҳалар қаторида шаҳарсозлик борасидаги ишлар юртдошларимиз турмуш фаровонлигини оширмоқда. Қурувчилар томонидан яратилаётган муҳташам бинолар, равон йўллар, гўзал боғ ва хиёбонларнинг кўрки қалбларимизда гўзаллик ва эзгулик туйғуларини уйғотмоқда.
Узоқбой РИСҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳазорасп Хоразмнинг қадим масканларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи 2700-2800 йилга тенг эканлиги аниқланди. ...
01 янв 1970
Янги ўқув йилидан бошлаб, давлат гранти ва тўлов контракти асосида ўқийдиган барча талабалар учун стипендия миқдори бир хил, яъни 400 минг сўм этиб...
01 янв 1970
Обод ва озод юртда яшаш, мустақил Ватан истиқлоли йўлида хизмат қилишдан улуғроқ саодат йўқ. ...
01 янв 1970
Яқинда вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари Қибрай туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, уларни қийнаётган муаммолар била...