ШАРИФ ШАҲАРНИНГ БОҚИЙЛИК ТИМСОЛЛАРИ

/
Ер юзида инсоният маънавий юксалишига бешик бўлган, кечмиши бир неча минг йиллик тарихга бориб боғланадиган, башариятнинг барча тараққиёт босқичларига гувоҳ бўлган, бағрида ҳам олис ўтмиш, ҳам бугунги тамаддун жараёнларини намоён этувчи шаҳарлар мавжуд. Рим, Афина, Қуддус, Искандария, Самарқанд... Ана шундай шаҳарлардан яна бири Бухорои шариф ҳисобланади. Муаррихлар унинг қад ростлаши эрамиздан олдинги 6-5 асрлардан бошланганини эътироф этадилар. Эрамиздан олдинги 4 асрда юнон тарихчилари уни “Сўғдлар ўлкасидаги йирик истеҳкомли қалъа” деб тилга оладилар. Милодий эра бошларидаги Рим қадимшунослари “Бухоро — Осиёдаги савдо шаҳри”, деб маълумот берадилар. Шаҳар ўтмишда, турли даврларда ҳар хил номлар билан аталган. Уни Нумижкат, баъзан Бумискат деб юритишган. Араблар дастлаб унга “Мадинат ус-суфрия”, яъни “Мис шаҳри” номини беришган. Кейинчалик эса “Мадинат ут-тужжор” — “Савдогарлар шаҳри” деб ёзишган. Ҳадислардан бирида унинг “Фохира” деган номи ҳам келтирилади. Шаҳарнинг бундан бошқа номлари ҳам мавжуд. Лекин у нима бўлмасин тарих бағрига Бухоро деган ном билан муҳрланди. Наршахий “Бухоро тарихи” асарида уни “Барча даврлар учун мангу, боқий шаҳар” деб таърифлайди. Ҳаёт муаррихнинг бу сўзларини исботлади. У боқий шаҳарга айланди.
Шаҳарнинг энг қадимий ёдгорликларидан бири унинг марказидан ўрин олган Арк ҳисобланади. Бир неча гектар жойни эгаллаган бу маскан қурилиши ҳақида турли маълумотлар мавжуд. Ўрта аср тарихчиси Абул Ҳасан Нишопурий “Хазойин ул-улум” асарида Арк қурилиши билан боғлиқ бир воқеани келтиради. Унда айтилишича, Сиёвуш ибн Кайковус отасидан ажралиб Афросиёб ҳузурига келади. Афросиёб унга қизини ва бир вилоятини беради. Сиёвуш вилоятни обод қилишга киришиб Бухоро ҳисорини ва Аркини бино қилади. Бироқ бир ҳусумат туфайли Афросиёб Сиёвушни ўлдиртиради. Сиёвуш Аркнинг шарқий дарвозаси яқинига кўмилади.
Шундан бошлаб бухоролик эркаклар ҳар йили Наврўз тонгида Сиёвуш қабри ёнида уни хотирлаб биттадан хўроз сўядиган ва унга бағишлаб марсия қўшиқлар куйлайдиган одат чиқардилар. Аҳоли ўртасида бу марсия “оташпарастлар йиғиси” деган ном олди. Тарихчи ҳикоясини бу воқеалар бўлганига уч минг йилдан ортиқ вақт ўтди, деб якунлайди.
Бошқа бир ривоятда, Афросиёб томонидан қурдирилган шаҳар Арки вайрон бўлгач, бухоролик ҳукмдорлар уни қайта тиклашга киришадилар. Аммо қайта қурилган Арк ўз-ўзидан бузилаверади. Шунда доно ҳукамолар уни осмондаги етти қароқчи юлдузлар кўриниши шаклида, еттита тош устун устига қуришни маслаҳат берадилар. Шундай асосда қурилган Арк бузилмайдиган бўлади. Булар, албатта, ривоят. Лекин Аркнинг буюк аждодларимиз томонидан олис ўтмишда чуқур илмий асосда барпо қилинганлиги айни ҳақиқат. Олимлар эндиликда унинг осмон ёритқичлари шаклига монанд тарзда қурилганлигини эътироф этишмоқда. Энг муҳими, Арқ неча асрлар давомида қанча вайрон қилинмасин, яна қайтадан ўз ўрнида тикланиб, обод қилиниб, шаҳарнинг боқийлик рамзи бўлиб келмоқда.
Бухоро олис тарихи давомида бир неча бор қайтадан бунёд этилган. Лекин шаҳар ўз тарихий илдизларидан ҳеч қачон узилиб кетмаган. Унинг бағрида олис ўтмишдан то бугунги кунгача қурилган кўплаб меъморчилик ёдгорликлари сақланиб қолган. Тарихий маълумотларга кўра, ХХ аср бошларида улар сони 550 га яқин бўлган. Салкам бир асрга яқин вақт ичида шўро даҳрийларининг тарихимизга нисбатан бузғунчилик муносабати ўз таъсирини кўрсатди. Бугунги кунга келиб, шаҳарда 300 га яқин ёдгорликлар сақланиб қолган. Мустақиллик йилларида Бухорони замонавий ва миллий шаҳарсозлик асосида қайта қуриш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари ана шу ёдгорликларни асл тарихий ҳолида тиклашдан, таъмирлашдан бошланди. Дастлаб Баҳовуддин Нақшбанд, Саййид Амир Кулол, Чор Бакр каби тарихий мажмуалар асл тарихий асосида қайта қад ростлади. Кейин шаҳар бағридаги Чашмаи Аюб, Даҳмаи Беҳиштиён, Ҳазрати Абу Хафс Кабир, Шайх Абу Бакр Гулободий, Хожа Исматуллоҳ Валий каби улуғ алломалар номлар билан боғлиқ зиёратгоҳлар, мақбаралар, масжид ва мадрасалар асл ҳолида қайта тикланиб, обод қилинди. Шаҳар деворининг бир қисми, жумладан, “Толипоч” дарвозаси тарихий кўринишда таъмирланди. Бухоро марказидаги Лаби ҳовуз мажмуаси, унинг атрофидаги Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоси, Кўкалдош мадрасаси, сув йўллари, Мағоки аттор масжиди, тоқилар, тарихий кўчалар қайта қурилиб, обод масканларга айлантирилди. Бухоронинг ўрта асрларга хос тўртта дарвозаси тарихий кўринишга мос равишда барпо этилди. Булардан ташқари Калон масжиди, минораси, Мир Араб, Мирзо Улуғбек мадрасалари тўла равишда қайтадан таъмирланди. Натижада Бухоронинг қадимий шаҳарсозлик қиёфаси тикланди, тарих асл ҳолида бўй кўрсатди.
— Бу ерда ҳар қадамда тарих билан юзлашасиз. Унинг ҳар бир обидаси, мадраса ва масжиди, минораси, ҳовуз ва хиёбони, бозор ва кўчалари ўтмиш гувоҳлари сифатида намоён бўлади, — дейди тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов. — Ўз даврининг ҳаётий эҳтиёжлари туфайли бунёд этилган бу ҳайратомуз иншоотлар, иморатларда кекса тарих билан биргаликда аждодларимизнинг юксак ақл-заковати, донишмандлиги, илмий салоҳияти, дунёвий маданияти, ғаройиб санъати ҳам ўз ифодасини топган. Шаҳар марказидаги Чор минор ансамблига бир эътибор беринг. Бундай ўзига хос усулда қурилган ажойиб иншоот нафақат Ўрта Осиёда, балки Шарқда ҳам ягона ҳисобланади. Ёки Хўжа Зайниддин, Баланд масжидларига, Мир Араб мадрасасига бир назар ташланг. Юксак муҳандислик, ғаройиб санъат ва тенгсиз гўзалликнинг намунаси асосида яратилган бундай иморатларни мусулмон оламининг бирор нуқтасида учратмайсиз. Шунинг учун ҳам улар Бухоронинг боқийлик тимсоллари саналади.
1997 йилда республикамизнинг Биринчи Президенти ва ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг қарорларига кўра, Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик тўйи ўтказилиши муносабати билан шаҳарни замонавий меъморчилик тарҳига асосан қайта қуришга киришилди. Спорт-соғломлаштириш масканлари, стадион янгича кўринишда бунёд этилди. “Деҳқон бозори” кенгайтирилиб, миллий анъаналар асосида барпо қилинди. Шаҳар бағрида ички айланма йўл ишга туширилди. Бу эски ва янги шаҳарни ўзаро боғлади. Вилоят ҳокимияти иншоотлари атрофида шаҳарнинг замонавий маркази вужудга келтирилди. Янги майдонлар, хиёбонлар яратилди. Бухоро давлат университетининг таъмирланган, қайта қурилган иморатлари, ўқув даргоҳлари, коллежлар ва лицейларнинг янги бинолари шаҳар кўркига кўрк қўшди.
Бухорода замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида қайта қуриш, бунёдкорлик ишлари 2010 йилдан кейин янада кучайди. Шаҳарга шарқ томондан кираверишдаги 107 гектарлик жой ҳақиқий қурилиш, бунёдкорлик масканига айланди. Президентимиз таклиф ва ташаббуси билан бу ерда ниҳоятда муаззам майдон, боғ-хиёбон яратишга киришилди. Боғ-хиёбоннинг марказида вилоят мусиқали драма театрининг муҳташам биноси барпо этилди. Олд қисми ёй шаклида, улуғвор устунлар билан безатилган бинога тепадан назар ташласангиз, бино бағрини очиб, одамларни кутаётганга ўхшайди. Бинонинг ички қисмлари ҳам ниҳоятда ҳашаматли қилиб безатилган. Театр фойеси, зали томошабинларнинг маданий дам олишлари учун қулай қилиб яратилган. Замонавий, ҳамма имкониятларга эга тарзда ишланган театр саҳнаси драма санъатининг барча турдаги асарларини ижро қилишга мос тарзда бунёд қилинган. Шунинг учун ҳам бино ҳақиқий санъат кошонасига айланди. Театр биносига яқин жойда ёзги амфитеатр ҳам қурилди. Бу ерда концертлар уюштириш, ҳар хил анжуманлар ўтказиш, театрлаштирилган томошалар ташкил қилиш учун барча қулайликлар мавжуд.
Боғ-хиёбоннинг энг баланд нуқтасида яна бир маҳобатли иншоот — “Қўҳна ва боқий Бухоро” монументи қад ростлади. Монумент-ёдгорлик боғ-хиёбоннинг барча нуқталаридан кўзга яққол ташланиб туради. Ёдгорликнинг энг тепа қисмига дунё харитасини намоён қилувчи глобус жойлаштирилган. Глобусда она юртимиз Ўзбекистон жойлашган ҳудуд алоҳида бўрттириб кўрсатилган. Мамлакатимиз харитасининг глобусда алоҳида катталаштириб кўрсатилиши бежиз эмас. Унда Ўзбекистон Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Хива, Тошкент каби улуғвор шаҳарлар ўрин олган буюк давлат эканлиги эътироф этилган. Ёдгорликнинг ўрта қисмида Бухоронинг олис ва яқин ўтмиши тарихи билан боғлиқ кўринишлар — Арк, Сомонийлар мақбараси, Калон масжиди ва минораси, Чор минор, Лаби ҳовуз мажмуаси, Мағоки аттор масжиди, шаҳар тақдири билан номи боғланган улуғ алломалар, муаррихлар, шоирлар, адиблар, сиёсатчи ва жамоат арбобларининг тошга ўйма ҳамда бўртма шаклда ишланган тасвирлари ўрин олган. Тасвирлар марказида заминга дарахт ўтқазаётган бобо ва набира ҳолати ҳам мавжуд. Бу аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган шариф шаҳар тақдирига ҳам ишора. Бир сўз билан айтганда, ушбу монумент Бухоро шаҳрига, унинг тарихи ва бугунги кунига, келажагига қўйилган ёдгорликдир. Шунинг учун ҳам ёдгорлик номи “Кўҳна ва боқий Бухоро”, деб аталади.
Монумент, вилоят мусиқали драма театри ва амфитеатр атрофларида турли шаклдаги фавворалар ўрнатилган. Улар атрофга салқинлик таратиш билан бирга тунда турфа рангли чироқлар ёғдусида гўзал кўриниш ҳам ҳосил қилади. Боғ-хиёбоннинг ҳамма қисми яшиллик ҳосил қилиб турадиган майсалар билан қопланган. ўаройиб эколандшафт кўринишидаги бу тизим бағрида кундузи камалаклар жилоланса, кечаси минглаб чироқлар нуридан боғ-хиёбон ўзига хос чирой очади, бу ерга келувчиларга, сайр қилувчиларга мамнунлик, хурсандлик, хуш кайфият бағишлайди.
— Боғ-хиёбонда салкам 29 мингтага яқин дарахт кўчатлари ўтқазилган эди. Уларнинг нави 50 хилдан ошиқни ташкил этади. Эндиликда бу кўчатларнинг ҳаммаси дарахтларга айланди, — дейди хурсандчилик билан Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг бўлим бошлиғи Хайриддин Қосимов. — Шулардан ўн бир турдагиси хориждан келтирилган каштан, эман, қорақарағай, акация, оқ қайин каби ноёб дарахт ва буталардан иборат. Авваллари Бухоро заминида арча ўстириш ниҳоятда қийин иш ҳисобланарди. Эндиликда боғ-хиёбоннинг асосий қисмини арчанинг бир неча камёб турлари эгаллаган. Уларнинг атроф-муҳит мусаффолигини мўътадил сақлаб туришда аҳамияти катта. Шаҳар ўзининг тарихида бундай яшиллик, кўркамлик, гўзалликдан биринчи бор ясанмоқда, десам муболаға бўлмас. Бу ердан куну тун одамларнинг оёғи узилмайди. Кимдир дам олиш учун, кимдир концерт томоша қилишга, яна кимдир театрга келади. Боғ-хиёбон халқимизнинг маданият масканига айланди. Шунинг учун бу жойни “Бухоро маданий маркази”, деб атадик. Бу маданий марказ шаҳарнинг бугунги кунда яратилган бунёдкорлик, боқийлик тимсолларидан бирига айланди.
Маълумки, дунёда шарифлик мақомига эришган шаҳарлар, кентлар кўп эмас. Ана шулар орасида Бухоро бу мақомга илму зиёси, юксак маърифати, маданияти, исломий тараққиёти, меҳмондўст ва меҳнатсевар одамлари туфайли эришган. Эндиликда шаҳарга берилган бу мақомнинг нуфузи янада ошмоқда, юксалмоқда. Бу юксалиш жараёни шаҳарда замонавий уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, ўқув муассасалари, кенг ва гўзал кўчалар, кўркам хиёбонлар, майдонлар, гулларга бурканган боғлар барпо қилиниши билан боғлиқ ҳолда кечмоқда. Бугун шаҳарнинг қайси кўчаси, даҳаси, мавзесига борманг, бунёдкорлик, яратувчиликка гувоҳ бўласиз. Инфратузилма ва коммуникация-муҳандислик соҳалари янгиланаётгани кўзга ташланади. Бу замонавий олий ўқув юртлари, коллежлар, мактабларнинг янги бинолари қурилишида ҳам намоён бўлмоқда. Бу борада Бухоро муҳандислик-технология институтининг янги ўқув биноси гўзал, кўркам, муҳташам меъморий ансамбль сифатида алоҳида эътиборни тортади. Бир-бирига уйғун ҳолда барпо этилган учта янги бино замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган. Олий ўқув юртининг ўқув даргоҳлари, лабораториялари халқаро стандартлар талаби даражасида жиҳозланган. Бу ердаги ана шу бунёдкорлик ишлари учун салкам 30 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган. Бугунги кунда ушбу олий ўқув юртида беш мингдан ошиқ талаба ўнта таълим йўналиши бўйича илм сирларини ўрганмоқда. Институтни битириб чиқаётган мутахассислар иқтисодиётнинг турли соҳаларида, хусусан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фаолият юритмоқдалар. Бу ҳам шаҳарда азал-азалдан илм-маърифатга алоҳида эътибор бериб келинаётганлигининг тимсолларидан биридир.
Бухоро қадим-қадимдан сув йўлларига бой шаҳар бўлган. Унинг бағридан кўплаб ариқлар, сойлар, каналлар оқиб ўтган. Лекин шунга қарамай шаҳарни обиҳаёт билан таъминлаш, унда мусаффоликни, озодаликни, салқинликни сақлаш учун бир неча ўнлаб ҳовузлар, қудуқлар, ҳавзалар барпо этилган. Булар шаҳар ҳаётига ўзига хос шаффофлик бағишлаган. Эндиликда аждодларнинг бу борадаги анъаналари замонавий йўсинда давом эттирилмоқда. Шаҳарнинг барча нуқталарида турли хилдаги фавворалар ишга туширилган. Айниқса, унинг марказида бунёд қилинган “Абу Али ибн Сино” номидаги фавворалар майдони шаҳарнинг энг обод, кўркам, хушманзара масканларидан бирига айланган. 6,5 гектардан ошиқ жойни эгаллаган бу фавворалар шакл-шамойили, кўриниши, сувни ғаройиб тарзда таратиб бериши билан эътиборни тортади. Баъзи нуқталарда сув 20 метрдан ошиқ баландликка отилади. Турфа рангдаги нурлар сувнинг отилишига ҳамоҳанг порлайди. Сув ва нурнинг ҳамоҳанглигига мусиқа — “Шашмақом” куйлари ҳам қўшилади. Мусаффолик, салқинлик, нурлар ўйини, қалбни тўлқинлантирувчи куйлар оғушида ҳар қандай одам дилида хуш кайфият, ўзгача бир сурур, фахр уйғонади. Шунинг учун ҳам шаҳарнинг бу маскани — “Фавворалар майдони” доимо гавжум бўлади. Бу майдон тунда янада ғаройиб, гўзал кўриниш ҳосил қилади. Унга четроқдан назар ташласангиз, бу ерда нафақат шаҳар аҳли, балки бутун Бухоро ором олаётгандек, майдон бор гўзаллигини намоён қилаётгандек туюлади.
— Бухорога сайёҳлик йўли билан кўп келганман. Лекин ҳар гал келганимда бу ерда шаҳарсозликнинг, меъморчиликнинг ўзига хос янги қирраларини кашф этганман, — дейди франциялик меҳмон Шарль Мартин. — Илгарилари мени шаҳарнинг қадим меъморчилиги ҳайратга соларди. Ўн-ўн беш аср илгари барпо этилган ёдгорликларга, инсон ақл-заковатининг кучига, гўзаллигига боқиб тўймасдим. Кўнглимда бу тарихий ёдгорликлар, обидалар замонавий архитектура фонида кўзга кўринмай қолмаса эди, деган ҳадик бор эди. Янглишган эканман. Бухороликлар қадим шаҳарсозлик билан замонавий меъморчиликни уйғунлаштириб юборибдилар. Бугун қадим Бухоро ёнида замонавий Бухоро ҳам қад ростламоқда. Ана шундай ютуққа эришган халққа раҳмат айтаман!
Албатта, эндиликда Бухоронинг замонавий қиёфасини намоён қилувчи масканлар, мажмуалар, иншоотлар ниҳоятда кўп. Бухоро аэропорти шулардан бири ҳисобланади. Бир пайтлари кўримсизгина бўлган, кичкина бинода жойлашган аэропорт эндиликда ниҳоятда улуғвор кўринишга эга бўлди. Барча турдаги ҳаво лайнерларини қабул қила олади. Дунёнинг кўплаб шаҳарлари билан ҳаво йўллари орқали боғланган халқаро аэропортга айланди. Ёхуд Бухоро темир йўл вокзали ҳам мустақилликдан илгари ХХ аср бошларида қурилган эски бинода жойлашганди. Унда йўловчилар тугул темирйўлчиларнинг ўзлари фаолият юритишлари учун етарли имкониятлар йўқ эди. Эндиликда темир йўл вокзали тўла қайта қурилди. Бугунги талабларга жавоб берадиган даражада техник жиҳатдан жиҳозланди. Йўловчилар учун барча қулайликлар яратилди. Эндиликда вокзал “Тальго” каби тезюрар электровозлар ва бошқа замонавий типдаги поездларни қабул қилмоқда. “Афросиёб”нинг Бухорога қатнай бошлаганлиги бунинг ёрқин ифодасидир. Бухорони унинг иккита дарвозаси — вокзал ва аэропорт билан боғлайдиган йўллар ниҳоятда обод, кенг ва равон қилиб бунёд этилди. Уларнинг икки томони гулзорларга, дарахтзорларга, арчазорларга айлантирилди. Бугун шаҳар меҳмонларни кўркам, янгидан чирой очган, гўзал қиёфада кутиб олмоқда.
Табиийки, Бухорода рўй бераётган бу ўзгаришлар, янгиланишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг асосида мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бу шариф шаҳарга доимий эътибори, шаҳардаги бунёдкорликлар учун кенг йўл очиб бергани, шаҳар аҳлининг фидокорона меҳнати, халқимизнинг меҳр-муҳаббати ётибди. Айни пайтда, шаҳар иқтисодий соҳаларда ҳам юксалмоқда.
— Ҳозирги пайтда шаҳарда 680 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили улар томонидан салкам 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган эди. Бу йил эса ушбу рақам 300 миллиард сўмлик кўрсаткичдан ошиши шубҳасиз, — дейди шаҳар ҳокимияти иқтисодиёт бўлими бошлиғи Илҳом Қиличев. — Йилдан-йилга янги ишлаб чиқариш объектлари, қўшма корхоналар ишга туширилмоқда. Натижада йилига 80-85 миллион доллар миқдорида маҳсулотларни хорижга экспорт қилмоқдамиз. Бундан келадиган фойданинг аксарият қисми қайта қуриш, бунёдкорлик ишларига сарфланмоқда. Шу сабабли шариф шаҳар кундан-кунга янги қиёфа касб этиб бормоқда.
Бугунги кунда Бухорога назар ташласангиз, ҳам кексайиб, ҳам яшариб бораётган шаҳар кўз ўнгингизда намоён бўлади. Унинг кексайишига сабаб шуки, бу ердаги ҳар бир тарихий ёдгорлик, меъморчилик мажмуаси, обида ўрганилиб, ўтмиши аниқланиб, асл тарихи белгиланмоқда. Ушбу ҳолат шаҳарнинг қадимияти яна ҳам олис ўтмиш билан боғлиқлигини исботламоқда. Тарих асл қиёфасида чирой очмоқда. Унинг яшаришининг ҳам боиси бор. Бу ерда ана шу кўҳна обидаларга, кекса тарихга уйғун ҳолда замонавий, янги Бухоро ҳам қад ростламоқда. У халқимиз ва дунё кўз ўнгида обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда. Боқий шаҳар сифатида ўзини намоён қилмоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири
 
Яратувчилик — гўзаллик мезони
Яратувчилик ва бунёдкорлик халқимизнинг аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган мероси, фаолият мезони ҳисобланади. Бунга қадим тарих гувоҳ. Кўҳна ва боқий Бухоронинг қадимий иншоотлари неча асрларки миллатимиз фахри сифатида қад ростлаб турибди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг миллий меъморчилик соҳаси замонавийлик касб этди.
Истиқлол йилларида қад ростлаган меъморий обидаларни кўздан кечириб, мушоҳада этарканмиз, уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси, ғоялари асосида амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Улар сони ниҳоятда кўп. Шулар орасида баъзиларини, хусусан, Баҳовуддин Нақшбанд ёдгорликлар мажмуасини, шунингдек, Қоровулбозор нефтни қайта ишлаш заводи кабиларни алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. Ёхуд Бухоро вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлиги бинолари олдида “Абу Али ибн Сино” номидаги фавворалар хиёбони, мартабали меҳмонларни қабул қилиш саройи, Марказий деҳқон бозори, “Ҳумо” ҳамда “Дилкушо” теннис кортлари, “Нафис” спорт мажмуаси, “Перинатал” туғуруқ комплекси, 100 га яқин мактаб бинолари қайта қурилиши, 45 га яқин спорт объектлари, ОИТСга қарши курашиш маркази, 30 дан ортиқ тиббиёт муассасалари, Тошкент ирригация ва мелиорация институти Бухоро филиали, вилоят хўжалик суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳридаги молия бошқармаси, назорат-тафтиш бошқармаси ва ўазначилик бошқармасининг маъмурий биноси, Бухоро туман прокуратурасининг маъмурий биноси, Бухоро шаҳрининг “Пиридастгир” кўчасидаги кўп қаватли “Камолот” уйи, Абдулхолиқ ўиждувоний кўчасидаги ёпиқ сузиш сув ҳавзаси, “Агробанк” биноси, “Asia Alliance Bank” биноси, “KNAUF” Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси, Бухоро юридик ва маиший хизмат коллежи, Бухоро банк коллежи, Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи ва шунга ўхшаш кўплаб бинолар, иншоотлар бугун шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.
Ҳозирги кунда Бухорода “Қандим” нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши, Бухоро шаҳрида тўқимачилик бозори, супермаркет мажмуаси қурилиши амалга оширилмоқда. Шунингдек, йўлларни янада яхшилаш мақсадида М-37 ҳамда А-380 автомагистраль йўлининг айланма ҳалқа йўли бунёд этилмоқда. Мазкур айланма йўл ҳайдовчиларнинг вақтини тежаш билан бир қаторда Бухоро шаҳрига юк автомашиналарининг кириб келиш оқимини меъёрлаштиради.
Бугунги кунда меъморчилик учинчи мингйиллик бошида чинакам гуллаб-яшнаши учун, замонавий талабларга жавоб берувчи халқ меъморчилигини яратиш учун барча зарурий заминга эга бўлди. Шунинг учун ҳам шаҳар ва қишлоқларимиз янада кўркам, ободлик касб этиб бормоқда. Бундай гўзаллик, ободликдан дил қувнайди, кўркамликдан кўзлар яшнайди. Зеро, яратувчилик гўзаллик мезонига айланмоқда.
Зуҳро МИРЗОҲАМДАМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари
Jera 07:09, 14 октября 2016
Halljlueah! I needed this-you're my savior.
Wood 22:23, 17 октября 2016
Times are channigg for the better if I can get this online!

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тақвим бўйича инсонга содиқ жонивор саналган ит йилига навбат келади.
01 янв 1970
Гап шундаки, автобус бошқариш ҳуқуқига эга бўлган “Д” категорияли ҳайдовчилар смена давомида нақд пулга ишлашга одатланишган....
01 янв 1970
Арзонлаштирилган уйлар қурилмоқда.
01 янв 1970
Инсон тоза ҳаводан нафас олиш, тинч-хотиржам яшашга ҳақли эканини исботлашга асло ҳожат йўқ....