“ШОҲИ ЗИНДА”: Қайта тикланган тарих

/
“Cамарқанд — ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир”. Биринчи Президентимиз самарқандликлар билан учрашувлардан бирида шаҳарга ана шундай таъриф берганди. Ҳақиқатан ҳам, бу шаҳарнинг тарихи олис қадимият билан боғлиқ. Тарихда Афросиёб, Смараканса, Мароқанд, Самарқанд каби турли номлар билан аталган шаҳарнинг илк шаклланиш даври эрамиздан олдинги VIII-VII асрлардан бошланган. Кейинги йилларда ўзбек ва француз археологларининг биргаликда олиб борган тадқиқотлари натижасида Афросиёб харобалари остидан шаҳарнинг қадимий даврларга оид қолдиқлари, осори-атиқалари топилди ва унинг ёши янада улғайиб, шаҳар ўтмиши саҳифалари кенгайди. Аҳамонийлар, юнонлар, араблар, мўғуллар ва бошқаларнинг босқинчилик урушлари натижасида неча бор вайрон қилинган шаҳар халқимизнинг бунёдкорлик кучи билан ҳар гал қайтадан тикланиб, обод ва гўзал масканга айлантирилган.
Албатта, Самарқанднинг улуғвор тарихини намоён этувчи ўзига хос кўзгуларидан бири — унинг бетакрор меъморий ёдгорликларидир.
Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд дунёнинг илм-фан марказига айланди. Ўрта Осиё ва Шарқ шаҳарсозлигининг барча нодир хусусиятлари унинг меъморчилигида намоён бўлди.
Кўп асрлар илгари Самарқандда бўлган тарихчи Ибн Ҳавқал “Юксак жойдан туриб қарасангиз, Самарқанд гўзал иморатлари, ғаройиб боғлари, бетимсол қўрғонлари билан одамни ҳайратга солади”, деб ёзса, Ибн Баттута “Дунёда Самарқанд каби ҳавоси мусаффо, осмони мовий, замини кўм-кўк, суви зилол, жаннатмонанд шаҳарни кўрмадим”, дея таъриф этади. Шаҳардаги нодир ёдгорликлар аждодларимиз яратган бойликлардир. Бу меросни нафақат асраб-авайлаш, балки ўтмиш бўҳронларида ярим вайрона ҳолга тушганларини қайта тиклаш ва ободонлаштириш ҳам бугунги авлодларнинг вазифаси эди. Биринчи Президентимиз ана шу хайрли ишларнинг бош ташаббускори бўлди. Самарқандда бунёдкорлик ва қайта қуриш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Энг аввало, Самарқанднинг тарихий жойларини шаҳарнинг қиёфасига мос равишда қайта тиклаш масаласи қўйилди. Табиийки, шаҳарнинг замонавий қиёфасини тарих билан уйғунликда сақлаш жуда мураккаб жараён. Бу борада ҳам ўзига хос йўл тутилди. Кўҳна обидаларни қайта тиклашда чуқур илмийлик ва тарихийлик концепциясига амал қилинди. Ҳар бир ёдгорликни асл ҳолида тиклаш, тарихийликка эътибор бериш асосий мақсад қилиб қўйилди. Натижада Регистон ёдгорликлар мажмуаси, Чорсу архитектура ансамбли, Хожа Аҳрор Вали мемориал комплекси, Жоме масжиди ва Бибихоним мақбараси, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва бошқа кўплаб қадимий обидалар ана шу асосда қайта тикланиб, таъмирланди.
2004 йилнинг 16 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида жамғарма ташкил этилди. Ноёб тарихий-меъморий иншоот ва табаррук қадамжо ҳисобланган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида қайта тиклаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш қарор асосида тузилган жамғарманинг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланди. Қарор чиққан куннинг эртасигаёқ Биринчи Президентимиз Самарқандга ташриф буюриб, амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари кўламини тушунтириб берган эди. Маълумки, Афросиёб Самарқанднинг қадимий масканларидан бири. Ана шу масканнинг энг олис тарихга дахлдор қисмларидан бири Шоҳи Зиндадир. У 22 гектар майдонни эгаллайди. Машҳур фиқҳшунос аллома Утбий “Саҳиҳи Бухорий шарҳи”, тарихчи Абу Абдулло “Тарихи Нишопур” асарларида бу ерда қадимда Бану ножия номли қабристон бўлганлиги, кейинчалик унга Қусам ибн Аббос майити кўмилгани ҳақида маълумот берадилар. IX-XII асрларда тарихчилар Ибн Ҳавқал, Саолибий, Ёқут Ҳамавий, Истаҳрий ўз асарларида бу ерда қабристон ва Қусам ибн Аббос қабридан бошқа масжидлар, мадрасалар барпо этилганлиги хусусида ёзадилар. Лекин урушлар натижасида уларнинг аксарияти бузилиб кетган. XIV-XVI асрларда, Амир Темур ва темурийлар даврига келиб Шоҳи Зинда ниҳоятда обод ва маҳобатли масканга айланди. Абу Тоҳирхожа Самарқандий “Самария” асарида бу ҳақда шундай маълумот беради: “Амир Темур Кўрагоннинг подшолиги вақтида ушбу мозор иморат қилиниб, турли безаклар билан безатилди. Унинг хотун ва сингилларидан бир нечаси ва баъзи амирлар унга ўринлар белгилаб, ўзлари учун турбатлар ва даҳмалар ясатиб, уларнинг устига буюк-буюк бинолар солдиргандирлар. Ложувард тусли фалак дунё юзига томоша кўзини очгандан бери бунга ўхшаш гўзал ва безакли иморатлар кўрмаган”.
Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси Самарқанд тарихининг муҳим бир қисми. У шаҳарнинг милодий асрнинг бошларидан то XVII асрга қадар кечмишини акс эттиради. Бу ерда салкам 20 асрлик тарих мужассам. Аммо шундай бой тарихга эга ёдгорликлар кейинги 500-600 йил давомида эътибордан четда қолганди. Натижада уларнинг аксарияти бузилиб, вайрона ҳолга келганди. XIX аср охири, XX аср бошларида тасвирга олинган ва бугунги кунгача сақланиб қолган тарихий суратларга назар ташласангиз, аждодларимиздан мерос бу обидалар ниҳоятда аянчли аҳволдалигини кўриб қалбингиз ларзага тушади. Айниқса, шўролар даврида Шоҳи Зиндадаги мақбаралар, масжидлар мой-ёқилғи, минерал ўғитлар, машина-тракторларнинг эҳтиёт қисмлари сақланадиган омборларга, савдо-сотиқ базаларига айлантирилиб, хароба ҳолга келганлигини кўриб юрагингиз ачишади. Бундан 15-20 йил илгари Шоҳи Зинда ёдгорлигига кириладиган дарвозахона остидан катта йўл ўтарди. “Катта юк машиналарининг қатнаши натижасида обидаларга зиён етганди, уларнинг кўп қисмлари дарз кетганди”, — дейди техника фанлари доктори Собиржон Бобоев. “Шоҳи Зиндада кейинги юз йилдан ошиқ вақт мобайнида сувлардан ҳимояланиш воситаси бўлмаган. XIV-XV асрларда барпо этилган қувурлар ишдан чиққан. Бу эса иморатлар остидаги тупроқ қатламининг чўкишига олиб келган. Буларнинг ҳаммаси Шоҳи Зиндада жиддий равишда қайта тиклаш, таъмирлаш ишларини олиб боришни заруратга айлантирди”, — дейди олим Ҳаёт Расулов.
Шоҳи Зинда тарихий ёдгорликларга бой маскан бўлгани учун уни кўриш ва зиёрат қилиш учун нафақат юртимиздан, балки хорижий ўлкалардан ҳам сайёҳлар кўп келади. Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз ўшанда бу тарихий мажмуада қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришни давлат аҳамиятига молик муҳим вазифа, деб белгилаган эди.
Ёдгорликни қайта тиклаш ва таъмирлашда фақат усталар эмас, олимлар, муҳандислар, меъморлар, археологлар, тарихчилар, диний идораларнинг вакиллари, ободонлаштириш ва коммунал хизмат ташкилотлари ходимлари ҳам қатнашдилар. Барча ишлар илмий лойиҳа ва муайян концепция асосида олиб борилди.
Мажмуа ҳам бўйига, ҳам энига ортиқча тупроқлардан тозаланди. У икки томондан ҳам энига кенгайди. Ёдгорликлар билан қабристон ўртасида ҳимоя деворлари қурилди. Мақбаралар, масжидларнинг пойдеворлари мустаҳкам асосда тикланди. Мажмуа тўла даражада ер ости сизот ва ёмғир сувларидан ҳимояланди. Шоҳи Зиндага кириш дарвозаси олди иҳоталаниб, гулзор ва хиёбонга айлантирилди.
Мажмуага кираверишдаги арк-айвон пештоғи қаршисида қазиш ишлари қизғин бораётган пайтда экскаваторнинг кураги қаттиқ нарсага урилди. Археологлар бу жойдан узоқ вақт йўл остида қолиб кетган XVI асрга мансуб ҳаммомнинг бир қисмини топдилар. Сув иситиладиган катта-катта хумлар, ювиниш хоналари, ўчоқлар, тош йўлаклар асл ҳолида сақланиб қолган. Ушбу ёдгорлик бор ҳолича муҳофазага олинди. Бу ерда ҳаммомнинг бўлиши бежиз эмас. Аждодларимиз Шоҳи Зиндага — қабристонга киришда покланиб, ўтганларнинг руҳини эъзозлаганлар.
— Қайта тиклаш жараёнида бундай археологик ёдгорликлар кўплаб топилди, — дейди археолог Темур Ширинов. — Мажмуанинг ўрта қисмидаги саккиз қиррали мақбара билан Қусам ибн Аббос мақбараси оралиғида илгари тупроқ уюмидан иборат яланглик бор эди. Бу тупроқ уюми олиб ташлангандан кейин катта масжид ўрни, мақбараларнинг остки қисмлари, ўймакор қабрлар ва бошқа иншоотларнинг қолдиқлари топилди. Бу ёдгорликларни қадимшуносларимиз XIII-XIV асрларга оид деб баҳоладилар. Худди ана шундай иншоотлар чилзинанинг кунчиқар томонидаги тепалик остидан ҳам чиқди.
Мажмуани таъмирлаш натижасида кўплаб тарихий маълумотларга ҳам аниқлик киритилди. Авваллари алломалар, улуғ шахсларга алоқадор деб ҳисобланган баъзи мақбараларга аёллар кўмилгани, номаълум қабрлар кимларга тегишли эканлиги аниқланди. Мақбаралар остидаги қабрларнинг кириш жойлари, йўл ости йўллари очилди. Маълумки, Шоҳи Зиндадаги мақбараларнинг деярли ҳаммаси худди Амир Темур мақбараси каби устки ва остки қисмлардан иборат. Мақбараларнинг устки қисмларида зиёратчилар учун рамзий қабрлар ўрнатилган бўлиб, майитлар остки даҳмаларга кўмилган. Авваллари ана шу даҳмаларга кириш йўллари топилмаганди. Қайта тиклаш ишларидан сўнг йўлаклар очилди.
Илмий изланишлар туфайли мақбара ва масжидларни қурган усталар, уларни қурдирган шахслар аниқланиб, тарихий ҳақиқат тикланди. Иншоотларнинг қурилиши билан боғлиқ йил саналари ҳам ўрганиб чиқилди. Шунингдек, бинолардаги ёзувлар тарихий маълумотлар асосида қайтадан битилди.
Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси илмий ходими Ҳамроқул Қаюмов шундай дейди: “Кекса усталар XIV асрда барпо этилган Хўжа Аҳмад мақбарасини қурган устанинг номи борлиги ҳақида айтишарди. Лекин биз уни ҳеч тополмасдик. Кутилмаганда ана шу уста номи аниқланди. Унинг номи ислимий тарзда ишланган гуллардан бирининг барги ичига битилган экан. Биз уни баргнинг безаклари деб юраверган эканмиз. Аждодларимиз ана шундай юксак санъат эгалари бўлишган. Ҳали бундай тарихлардан яна қанчасини аниқлашимиз керак...”
Бу ерда масжидлар, аркли айвонлар, тўртбурчак, кўп қиррали, айланма шаклидаги мақбаралар, турли хил баландликдаги миноралар, ўймакор қабр тошлари каби Ўрта Осиё меъморчилигининг барча кўринишлари мавжуд. Ҳар бир бино, масжид ва мақбаранинг қурилишидан тортиб безатилишигача ўзига хос, бир-бирини такрорламайди. Маълумки, биноларни майолика билан безаш ишлари дунёда Ўрта Осиё, Эрон, Ҳиндистон ҳунармандчилик мактаблари вакиллари томонидан амалга ошириб келинган. Бошқа ўлка ҳунармандлари эса бундай амалий санъат сирларидан воқиф бўлмаганлар.
Шу сабабли XX асрда юртимизда безакли кошин, ўйма ва бўртма майолика тайёрлаш унутила бошланган эди. Аждодларимизнинг уларни тайёрлашга доир сирларини билмаслигимиз натижасида XX асрда таъмирланган ёдгорликларнинг умрзоқлиги сақланмади ва тайёрланган кошинлар, майолика, терракота безаклари вақт синовига дош беролмади. Шунинг учун Шоҳи Зиндани таъмирлаш жараёнида кошин, терракота, майолика тайёрлашнинг янги-янги усуллари синовдан ўтказилди. Натижа яхши бўлди. Аждодларимизга хос кошинпазлик сирлари ўрганилди ва таъмирлаш ишларида улардан фойдаланилди. Обидалар асл ҳолига келтирилди. “Буларнинг бари фаолиятимиз учун янгилик бўлди, — дейди Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдусафи Раҳмонов. — Республикамизда фаолият юритаётган 700 дан ошиқ ҳунарманд қадимий ёдгорликларни қайта тиклаш, таъмирлашнинг барча услубларини яхши биладилар. Шу сабабли бу усталарнинг ҳаммаси Шоҳи Зинда ёдгорликларини таъмирлашда қатнашдилар“.
Шоҳи Зиндада бошланган ободонлаштириш ишларига ҳар ким қўлидан келганча ўз ҳиссасини қўшди. Кимдир тупроқ ташиди, кимдир ғишт теришга ёрдам берди. Яна кимдир ҳиммат кўрсатиб, бу ерда ишлаётганлар учун дастурхон тузади, усталарни сийлади. Боболарнинг дуолари ишлаётганларнинг руҳини кўтарди. Халқимизнинг тарихимизга, аждодлар меросига эҳтироми бу ерда ҳам намоён бўлди.
Йигирмадан ортиқ иморатларни ўз бағрига олган ёдгорлик мажмуада қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етди. Қусам ибн Аббос қабри ва масжиди, Туркон оқа, Туман оқа, Шоди Мулк оқа, Ширинбека оқа, Туғли Текин мақбаралари, Жоме масжиди, Амирзода, Амир Бурундуқ, Хўжа Аҳмад, Қозизода Румийга нисбат берилувчи хилхоналар ниҳоятда гўзал ва кўркам қиёфа касб этди. Чилзина атрофидаги иморатларнинг гумбазлари, равоқлари асл ҳолига келтирилди. Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдулазиз томонидан барпо эттирилган, мажмуага киришдаги арк-айвон ҳам аслидек қилиб қурилди. Кириш аркининг пештоқига сайқал берилди. Энг муҳими, Шоҳи Зинда тарихий асосда тикланди ва аждодлар мероси асл ҳолига келтирилди.
Ўша вақтда Биринчи Президентимиз зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ушбу тарихий ёдгорликлар воситасида ёшларни Ватанга садоқат, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур ва ифтихорни шакллантириш масаласини ҳам ўртага қўйди. Ёдгорлик мажмуаси тўла таъмирланиши билан бу борадаги ишлар ҳам ўз ижобий ечимини топди.
Бугун мажмуадан зиёратчиларнинг кети узилмайди.
— Мен Самарқандга 25 йил илгари келган эдим. Аввал кўрганларим билан бугунги манзара ўртасида катта фарқ бор. Қадимдан келаётган юксак маданиятни асраб-авайлаш, халқнинг ўзига хослигини намоён этиш учун кўп ҳаракат қилинмоқда, — дейди германиялик сайёҳ Генрих Хоффман. — Эндиликда бу ерда халқнинг урф-одатлари, ўзига хос гўзал анъаналари, маросимлари ҳам тикланибди. Халқнинг тарих билан боғлиқ юксак руҳияти, улуғвор туйғулари уйғонибди. Бу ўзлигини англаган халқнинг буюк қудратини намоён этади. Менинг назаримда, Самарқанд шу ҳолатида инсониятнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини кўрсатиб турибди.
Қадимий Афросиёб ҳудудидаги қайта қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари Шоҳи Зинда ёдгорлиги билангина чекланиб қолмади. Биринчи Президентимиз Шоҳи Зинданинг ғарбий томонида жойлашган Ҳазрати Хизр масжидини таъмирлаш ишларининг ҳам ташаббускори бўлди. Маълумки, бу масканни тарихчилар Самарқанддаги, умуман, Ўрта Осиёдаги биринчи мусулмон масжиди деб маълумот берадилар. Унинг қурилиш санасини VII асрга мансуб, деб ёзадилар. Шаҳарнинг энг баланд нуқталаридан бирига жойлашган бу масжиднинг қурилишида халқимизнинг ақл-заковати, бунёдкорлиги намоён бўлган.
Масжид қадимда шаҳардан четда жойлашган. Унинг яқинида Кеш дарвозаси бўлган. Бу дарвозадан шаҳарга Бақтрия, Ҳиндистон, Эрон, Хитойдан келган карвонлар кирган. Шу сабабли масжид мусулмон оламида машҳур бўлган. Масжид ниҳоятда обод жойда қурилган. Чунки унинг ёнидан қадимда Арзиз ариғи ўтган. Бу ариқ шаҳарни сув билан таъминлаган. Масжид яқинидаги Арзиз қудуғи эса бугунги кунда ҳам сақланиб қолган.
Масжид барпо этилганидан бери ўтган ўн тўрт асрлик вақт мобайнида неча бор бузилиб, неча бор қурилган. Унда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз, Фарғона меъморчилик мактабларига хос кўринишлар сақланиб қолган. Масжид XIII асрда мўғуллар томонидан ёндириб юборилади. Темурийлар даврига келиб, у яна асл ҳолида тикланади. Аммо урушлар, табиий офатлар натижасида бу ерда темурийлардан кейин ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Супасимон табиий асосга қурилган, ҳар қандай одамнинг эътиборини тортадиган бу ёдгорликнинг XX асрдаги тақдири оғир кечди. Эътибордан четда қолди, қайта қуриш, таъмирлаш ишлари бажарилмади. Бажарилганда ҳам тарихий-илмий асослардан йироқ тарзда амалга оширилди. Масжид биноси маълум фурсат ёпилиб, омборхона вазифасини ҳам ўтади. Унинг деворларидаги нақшу нигорлар, безакларга зиён етказилди. Айвонидаги устунлардан бири Самарқанд ҳунармандчилигига хос бўлмаган шакл-шамойиллар билан безатилди. Натижада бу ерга зиёратга келувчиларда масжид ҳақида нотўғри қарашлар, халқ амалий санъатимиз, ҳунармандчилик тўғрисида нотўғри таассуротлар пайдо бўла бошлади. Масжид атрофини ўраб олган савдо дўкончалари, вақтинча тикланган иморатлар ҳам ёдгорликнинг олдини тўсиб қўйган эди. Биринчи Президентимиз Самарқандга ташриф буюрганида, масжидни кўздан кечириш асносида унинг атрофини очиш, орқа ва олд томонларини кенгайтириш, олд томонидан ўтган катта йўлни ёдгорликдан узоқлаштириш вазифасини қўйди. Шу асосда масжидни тарихий асосда қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари бошланди.
— Ёдгорликни таъмирлаш жараёнида Юртбошимиз масжид айвонидаги устунлардан бирига эътиборимизни қаратди, — деб эслайди моҳир уста, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдуғани Абдуллаев. — Айвоннинг ҳамма томонларидан келадиган ёғочларни бирлаштириб турган бу марказий устун ғалати шакллар билан безатилган, кўриниши ҳам бошқа устунлардан бўлакча эди. Усталаримиз устунни жиддий равишда текширдилар. Шунда унинг бир “сири” очилди. Устуннинг пастки 1-1,5 метрлик асоси чириган, шу жойлар билинмаслиги учун унинг усти бўялиб, ҳар хил шакллар чизилган экан. Натижада масжид учун ҳам, одамлар ҳаёти учун ҳам хавфли бўлган бу устун ўрнига юртимиз қайрағочларидан Самарқанд ҳунармандчилигига хос усулда ясалган устун қўйилди.
Ҳазрати Хизр масжиди қайтадан тикланиб, шаҳарнинг обод масканига айланди.
Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ва Ҳазрати Хизр масжидининг қайта тикланиши ва таъмирланиши жараёнида яна бир тарихий ҳақиқат тикланди. Самарқанднинг, Афросиёбнинг ёши илгари шўролар даврида белгиланганидек 2500 йил эмас, балки ундан ҳам қадимийроқ тарихга эга эканлиги маълум бўлди. Буни Афросиёбда илмий изланишлар ва қазишма олиб бораётган турли мамлакатлар археологлари ҳам тан олишди. 2007 йилда унинг 2750 йиллик юбилейи нишонланди.
Бугун Самарқандга борсангиз, шаҳарнинг обод ва кўркам замонавий қиёфасида тикланиб, таъмирланиб гўзаллик ва муҳташамлик касб этган Жомье масжиди, Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Бибихоним мақбараси, Чорсу галереяси, Хожа Аҳрор Вали қадамжоси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва бошқалар кўзга ташланади. Улар сафидан эндиликда асл қиёфасига кирган, кўп минг йиллик тарихи тикланган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ҳазрати Хизр масжиди ҳам ўрин олди. Бу ноёб ёдгорликлар пиллапояларидан юқорига кўтарилар экансиз, тарих ва бугун, бугун ва келажак ўртасидаги бунёдкорлик ришталарини кўргандай бўласиз. Бу гўзалликларнинг яратувчиси бунёдкор халқимиз бўлса, уни истиқлол даврида асл тарихий ҳолида қайта қурдириб, таъмирлатиб, халқимизнинг бетимсол маънавий бойлигига айлантирган улуғ инсон мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳисобланади. Шунинг учун унинг юртимиз тарихини тиклаш, маданий бойликларимизни қайта бунёд этиш, келажак авлодлар бойлигига айлантириш борасидаги хайрли ишлари халқимиз хотирасидан ўчмайди. Бу улуғ зотни миллатимиз ҳамиша эҳтиром билан эслайди.
Самарқанд ЮНЕСКО томонидан археологик музей-шаҳар сифатида жаҳон моддий ва маънавий ёдгорликлари рўйхатига киритилганини назарда тутсак, муҳташам тарихий обидалар бутун башариятнинг мулки ҳисобланади. Шу сабабли ЮНЕСКО вакиллари Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр ёдгорликларида Юртбошимиз бошчилигида олиб борилган қайта тиклаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди. Халқимиз қўли билан яратилган башариятнинг бундай тенгсиз бойлиги бизнинг фахр ва ифтихоримиз, аждодларимиз даҳосининг бетимсол мўъжизасидир.

Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....
01 янв 1970
Инсон азиз ва мукаррам бўлган бу жаннатмонанд юртда аждодлар хотираси ҳам муқаддасдир....