Табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз

/
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар хусусида алоҳида таъкидланган. Зеро, инсоният атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан ёндашиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш, унинг неъматларини келгуси авлодларга бекаму кўст етказишга масъулдир.
Она табиатни асраб-авайлаш, уни муҳофаза қилиш ҳамда табиат неъматларидан оқилона фойдаланишга доир ҳуқуқий меъёрлар, қоида ва мажбуриятлар Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларида аниқ белгилаб берилган. Шу билан бирга, соҳага оид қонун ҳужжатлари такомиллашиб бормоқда.
Мазкур йўналишда халқаро алоқалар ўрнатилиб, ҳамкорликда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг Фориш туманида ер ресурсларини барқарор бошқариш бўйича Марказий Осиё давлатларида билимларни йўналтириш “ИКАРДА” ташкилотининг лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилиши, Бахмал туманида Республика Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда “ЭКОСАН” халқаро хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган экосаёҳат аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш, мазкур соҳаларда илғор технологияларни жорий этиш каби мақсадларга қаратилганлиги билан эътиборлидир.
“ИКАРДА” халқаро ташкилотининг ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тадбири ярим чўл ва чўл ҳудудларидаги кичик деҳқон хўжаликларида чорва озуқасини тайёрлаш ва қайта ишлаш технологиялари ҳамда оилавий тадбиркорликни ташкил этиш масалаларига бағишланди. Фориш туманида уюштирилган ўқув йиғилишида юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар вакиллари, фермерлар, чорвадорлар, тадбиркорлик соҳасида иш бошлаш ниятида бўлган ёшлар иштирок этдилар. Тадбирда яйловлар ва лалми ерлардан самарали фойдаланиш усуллари, бундай ҳудудлардаги ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш, кўпайтириш, мазкур йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликка доир ҳуқуқий ҳужжатлар, имконият ва имтиёзлар, кредит олиш тартиблари, оилавий тадбиркорлик субъектларида фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимояси каби масалалар юзасидан тушунтириш бериб ўтилди.
— Ташкилотимиз табиатни муҳофазалаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув танқис ҳудудларда самарали технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби масалаларда бир қатор минтақалардаги йигирмага яқин илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилади, — дейди “ИКАРДА”нинг билимларни йўналтириш лойиҳаси маслаҳатчиси Азиз Расулов. — Лойиҳа доирасида Фориш туманида битта ўн гектарлик ҳамда йигирма тўртта кичик майдонлар тўсиқлар билан ўралиб, ўсимликларнинг кўпайиш ва ривожланиш жараёнлари ўрганилаяпти. Чўл ва дашт ҳудудларида ўсимлик уруғларини кўпайтириш ва етказиб бериш, сувсизликка чидамли дарахтзорлар сонини ошириш тадбирлари ҳам кўрилмоқда.
Дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши, атмосферанинг ифлосланиши, чучук сув, нефть ва газ захираларининг камайиб бораётгани сингари ўнлаб экологик муаммоларнинг юзага келиши биздан табиатдан оқилона фойдаланиш ва унга етарлича муносабатда бўлишни талаб қилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган яна бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили баҳор ва куз ойларида миллионлаб дарахт кўчатлари ўтқазилаяпти. Автомобилларга газ ёнилғи баллонларининг ўрнатилишига доир изчил тадбирлар ҳаво мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари жорий этилаяпти, аҳолининг экологик маданиятини ошириш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, ушбу тадбир ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни кучайтиришда яна бир омил бўлиши билан аҳамиятлидир.
Дилдора ЖЎРАЕВА,
Жиззах туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси,
“Адолат” СДП фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маъмун академияси Хива шаҳрида жойлашганлиги бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш учун имкон яратади....
01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Бундан юз йил бурун маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!” деб даъват эт...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...