Жаҳонни лол этмоқда Ўзбек спорти

/
Рио-де-Жанейрода ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия мусобақаларида Ватан шаъни, обрў-эътибори учун курашаётган спортчиларимиздан ҳар куни хушхабарлар келмоқда. Ўзбекистон вакиллари Рио майдонларида ўзларининг маҳоратларини намойиш этиб, жаҳон спорт жамоатчилигининг нигоҳини ўзларига қаратди. Бу мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин самараси, албатта.
Эътибор берган бўлсангиз, олимпиадада иштирок этаётган спортчиларимизнинг 90 фоизи мустақиллик йилларида таваллуд топган. Ана шу даврда вояга етган авлод катта кучга, дунёни титратадиган салоҳиятга етди. Бу ўзбекистонликлар дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигининг яна бир амалий исботидир.
17 августга қадар Олимпиада мусобақаларида спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган медаллар сони 7 тага етди. Шундан 2 таси олтин, 1 та кумуш, 4 таси эса бронза медаллардир.
Олтин медаллардан бири боксчи Ҳасанбой Дўстматов томонидан қўлга киритилган бўлса, иккинчи олтин медалга оғир атлетикачи Руслан Нурудинов сазовор бўлди.
Риода халқимизга олам-олам қувонч улашаётган боксчиларимизнинг мардонавор кураши барчамизни хушнуд этаётгани рост. Олимпиадада бокс бўйича терма жамоамизнинг 7 нафар вакили тўрт йилликнинг йирик анжумани совриндорлари сафидан жой олиши оддий гап эмас. Бу ўзбек бокс мактабининг улкан ғалабасидир.
— Олимпия ўйинларида Ватанимиз байроғини баланд кўтарганимдан жуда ҳам бахтиёрман, — дейди Ҳасанбой Дўстматов оммавий ахборот воситалари учун берган интервьюсида. — Бу бутун Ўзбекистоннинг ғалабасидир. Президентимизнинг биз, ёшларга қарата айтган маррани доимо юқори олинг, зеро, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас ва ҳеч қачон кам бўлмайди, деган сўзлари қалбимга абадий муҳрланган. Олимпия ўйинларидаги олтин медалимни барчамиз учун энг азиз, энг улуғ байрам — Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлайман.
Рио-де-Жанейро шаҳрида боксчиларимизнинг омадли юришлари давом этмоқда. 69 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам ўиёсов кумуш медалга сазовор бўлди.
91 килограмм вазнли боксчилар баҳсида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Рустам Тўлаганов Олимпиада шоҳсупасининг учинчи поғонасига кўтарилиб, мамлакатимиз ҳисобига бронза медали тақдим қилди.
Бизни хурсанд қилаётгани яна 4 нафар боксчимиз медаллар учун курашни давом эттираётганидир. Бугун Фазлиддин ўойибназаров (64 кг) ҳамда 52 килограммгача бўлган вазнда Шаҳобиддин Зоиров финал йўлланмалари учун рақиблари билан куч синашади.
Олис Риодан спорт мухлислари ва халқимизга иккинчи олтин медални тақдим этган яна бир андижонлик йигит — Руслан Нурудинов бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда оғир атлетика тезлик билан тараққий топмоқда. Буни жаҳон ва қитъа чемпионатларида, халқаро турнирларда атлетларимиз томонидан қайд этилаётган юқори натижалардан ҳам билсак бўлади. Ўз навбатида, юртимизда спортнинг мазкур турини янада ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада оғир атлетика спорти бўйича Ўзбекистон вакиллари жаҳонда кучлилар сафида эътироф этилмоқда.
Руслан XXXI ёзги Олимпия ўйинларида билдирилган ишончни тўла оқлади. У 105 килограммгача оғирликдаги полвонлар баҳсида барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритди. Кескин ўтган кураш натижаларига кўра ўзбек ўғлони даст кўтаришда 194 килограммни, силтаб кўтариш баҳсларида 237 килограмм тошни кўтариб, 2008 йилда ўрнатилган Олимпия ўйинлари рекордини ҳам янгилади.
Юнон-рум курашида Ўзбекистон номини ҳимоя қилган Элмурод Тасмуродов ҳам юртимизга ёруғ юз билан қайтадиган бўлди. У 75 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида бронза медалини қўлга киритди. Дзюдо усталаридан Ришод Собиров ва Диёрбек Ўрозбоевлар ҳисобида ҳам бронза медаллари бор.
Вакилларимиз қолган спорт турларида ҳам медаллар учун курашни давом эттирмоқда. Айниқса, таэквондочиларимиздан кўпчилик ғалаба кутмоқда.
Газета саҳифаланаётганда:
Ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев (56 кг) ярим финалда кубалик Робейси Рамирес билан бўлиб ўтган муросасиз жангда очколар бўйича имкониятни бой берган бўлсада, Олимпиаданинг бронза медалини қўлга киритди.
Яна бир иқтидорли боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) мексикалик Мисаэль Узиел Родригезни енгиб, финалга йўлланма олди.
Шунингдек, енгил атлетиканинг баландликка сакраш тури бўйича баҳсга киришган юртдошимиз Светлана Радзивил ҳам мусобақанинг финал босқичига чиқди.
Спортчиларимизга навбатдаги баҳсларда ҳам омад тилаб қоламиз.

Жобир РАЗЗОҚОВ,
журналист
Анвар ИЛЯСОВ (“Жаҳон” АА) олган суратлар
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Соат миллари тонгги тўртни қувлаб етган паллада ширин уйқуда ётган Шоира (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) шовқинда...
01 янв 1970
Ёки қонун устуворлиги адолатда эмасми?
Ёки қонун устуворлиги адолатда эмасми?
01 янв 1970
Амударёнинг қуйи қисмида, Ҳазораспнинг жанубий уфқлари, Туямўйин бўғозидан тортиб то Шовот туманининг шимолий кенгликлари оралиғида Хоразм воҳаси я...
01 янв 1970
Китоб инсон ҳаётига нур бағишлаб турувчи сеҳрли машъаладир.