Бир умрлик қувонч...

/
Мустақиллик қалбларимиздаги Ватан туйғусини баланд тоғлар каби юксалтирди. Шу сабаб, дунёни эзгу амалларимиз, бунёдкорликларимиз, ижодкорликларимиз, яратувчиликларимиз билан қойил қолдиришга қодир бўлдик.
Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек, “Бир, бир не дейин, бошдин оёғинг яхши...” Яъни ўтган чорак аср давомида қилинган оламшумул ишларнинг қайси бирини айтиб адоғига етиш мумкин. Уларнинг таъриф-тавсифига сўз етмаётгандай туюлади.
Хоразмда юз бераётган янгиланишлар ва иқтисодий-ижтимоий юксалишларга бир нигоҳ ташлаб ҳам мустақиллик шарофати ва саодатининг ёрқин қиёфасини кўриш мумкин. Президентимизнинг 2012 йил 6 декабрда қабул қилинган “Хоразм вилоятининг ободончилик ва аҳоли сув таъминотини тубдан яхшилаш, Урганч шаҳар бош режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган бунёдкорликлар натижасида вилоят маркази янада замонавий қиёфа касб этди. 2013-2015 йиллар ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида Урганч шаҳрида 1 триллион 231 миллиард 600 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада шаҳарнинг барча ҳудудлари янгиланди. Янги замонавий тураржой иморатлари, аҳолига хизмат кўрсатиш масканлари, таълим-тарбия ҳамда спорт муассасалари бунёд бўлди.
Ҳисоб-китоб ҳадду мезон, бирлик ва ўлчов илмларининг беназир билимдони ал-Хоразмий ҳазратлари сонларга чексиз эрку ҳуррият бахш этди. Уларни инсон тафаккури ва идроки измига солди. Аммо, эркин сонларнинг қудратли тошу тарозисига ҳамма ҳам, ҳамма вақт ҳам дош берган эмас. Аниқ ва равшан ҳисоб-китобларсиз, имкон ва режа тасаввурларисиз тузилган сонлар кетма-кетлиги кўп ўтмай дарз кетган. Бунга тарих гувоҳ, бугунги кун шоҳид. Аммо, бизнинг юртимизда улуғ алломалар илми пухта ўзлаштирилганлиги сабабли, ҳар қандай сон-саноқ, ҳисоб-китоб охир оқибатда тўғри чиқиб, қувончли натижалар бермоқда. Бундай мамлакат жаҳонда камдан-кам. Бундай юрт билан ҳар қанча фахрланса арзийди.
Бугун Урганч шаҳрининг равон йўлларида эски давр автомобилларини учратмайсиз, хисоб. Ўзидан қора тутун чиқарувчи автомобиллар эса бутунлай барҳам топганига жуда кўп вақт бўлган.
Яп-янги, бир-биридан чиройли ва бир-биридан салобатли ўзимизнинг автомобиллар тўлқини шаҳар йўлларида дарёга менгзаб оқади. Айниқса, кейинги пайтда ишлаб чиқарилаётган салобатли “Ласетти” ҳамда “Кобальт”лар, “Орландо” ва “Каптива”лар кўзларга ва дилларга жуда хуш ёқади.
Во ажаб, ҳали яқиндагина энг ривожланган хорижий мамлакатлардаги турли русумдаги ҳайбатли енгил автомобилларни кўриб, ғоят ҳайратланардик. Уларда ҳамма бой-бадавлат-да, деб ҳисоблардик. Биз қачон шу даражага эришамиз, деб ўйлар эдик. Бугун эса, тарихан бир қисқа даврда ана шу энг ривожланган мамлакатларни ҳам қувиб етдик. Эндиликда кўплаб турдаги замонавий автомобиллар оқимига ҳар кун гувоҳ бўлиб турсак-да ажабланмаймиз. Мустақиллик бизнинг ҳам бой-бадавлат бўлишимизга имконият яратди.
Ал-Хоразмий кўчасидаги тураржой иморатларига, хизмат кўрсатиш муассасаларига, корхона ва ташкилотлар офисларига назар ташлаб бугунги бадастурликнинг, тартиб-интизомнинг, бунёдкорликлар самараларининг маҳсулини чуқур ҳис этиш мумкин. Катта кўчада замонавий ҳамда қадимий меъморчилик анъаналари бир-бирига уйғунлашиб кетган.
– 25 йилда юртимизда катта мўъжизалар юз берди, – дейди меҳнат фахрийси Отабой ота Бобожонов. – Бундай мўъжизалар фақат ўз мустақиллигига эришган юртдагина рўй бериши мумкин. Халқнинг якдиллиги, оғзибирлиги ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Мустақиллик бизга ана шу аҳиллик бахтини ҳам хатлаб берди.
Истиқлол Ватан туйғусини қалбларимиздаги меҳру муҳаббат тоғига айлантирди. Энди биз шу тоққа суяниб дунёни эзгу ишларимиз, жаҳоншумул амалларимиз билан қойил қолдиришга қодирмиз. Худди шундай бўлаяпти ҳам. Илгари асрлар давомида рўёбга чиқиши мушкул бўлган бунёдкорликлар бугун бир йил, узоғи билан бир неча йил давомида амалга ошмоқда. Бундай шитоб ва қудрат эндиликда оддий турмуш тарзимизга, ҳаётий эҳтиёжимизга айланиб қолгани ҳам айни ҳақиқат.
Бир шогирд донишманд устозига мурожаат қилибди:
– Устоз, доимо қувониб яшашни истайман. Бунинг учун нима қилишим керак?
Донишманд шогирдига тушунтира бошлабди:
– Кўнгил қувончи беш хил бўлади: бир неча лаҳзалик, бир неча кунлик, бир неча ойлик, бир неча йиллик ва бир умрлик.
– Менга айнан шу бир умрлик қувонч керак, – дебди шогирд.
– Шошилма, – дебди устоз, – юқорига зинама-зина юриб кўтариладилар. Ҳис-туйғу қувончи – бир неча лаҳзалик. Фарзанд дунёга келиши қувончи – бир неча кунлик, никоҳ қувончи — бир неча ойлик. Бойлик қувончи — бир неча йиллик.
Шогирд сўнгги қувончни айтмай сукут сақлаган устозига илтижо билан тикилибди. Буни англаган донишманд шундай дебди:
– Ватанга муҳаббат қувончи – бир умрликдир!
– Тушундим, – деб хитоб этибди шогирд.
– Лаҳзалик қувончдан маст бўлма, – дебди устоз. – Мен сўзимни ҳали тугатганим йўқ. Асосий гапим ҳали олдинда. Шу гапни мудом қулоғингда сақла. Бир умрлик қувонч, яъни Ватанга муҳаббатда қолган бошқа тўртта муҳаббат ҳам ўз-ўзидан бино бўлади. Яъни ҳис-туйғуларинг завқ-шавқ, фарзандинг умид ва ишонч, никоҳинг ғурур туғдиради. Мол-дунёинг эса тотли бўлади.
Бир умрлик қувонч. Ҳаммамиз ана шундай қувончга сазовор бўлганмиз. Уни бизга Мустақиллик бахш этган.
Мустақиллигимиз боқий бўлсин! Шунда умримиз ҳам боқий бўлади. Яъни биздан азиз ва муқаддас Ватан мерос бўлиб қолади. Унда яхши номимиз дунё тургунча яшайди.
Сотим АВАЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Дўстлик” ордени соҳиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хусусан, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши лозимлиги таъкидланган: ...
01 янв 1970
Аёл — жамиятимиз гултожи, оиламиз фариштаси. У гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзи. ...
01 янв 1970
“Cамарқанд — ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир”. ...
01 янв 1970
Обуна деб аталадиган бу жараёнда таҳририятлар фаол қатнашадилар.