“Электрон Ҳукумат” тизими амалда

/
Дунёда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга ҳамоҳанг равишда мамлакатимизда ҳам ахборот-коммуникация технологияларидан барча соҳаларда кенг фойдаланиш ва уни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Аввало, соҳада мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ахборот тизимини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва “электрон ҳукумат”ни шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи, давлат органлари билан қулай ва самарали муносабатларни ўрнатувчи “электрон ҳукумат” тизими изчил татбиқ этилди.
Бугун давлат органлари томонидан ўз фаолиятига ахборот тизими ҳамда ресурсларини жорий қилиш бўйича жадал иш олиб борилаётганлиги натижасида давлат ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали аҳоли ҳамда тадбиркорларга хизмат кўрсатилмоқда.
Тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиш мақсадида давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботларни электрон шаклга ўтказиш натижасида солиқ ҳамда статистика ҳисоботлари тўлиқ электрон тарзда топширилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, солиқ ҳисоботларининг электрон шаклда топширилиши туфайли солиқ тўловчилар томонидан йилига ўртача 197 тонна қоғоз ва 9 миллиард сўм маблағ тежалишига эришилди.
Божхона юк декларацияларини расмийлаштириш ҳам тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, жорий йилнинг биринчи чорагида тадбиркорларнинг 72 мингдан зиёд ташқи иқтисодий шартномалари рўйхатдан ўтказилган.
Шу ўринда давлат органларининг ўзаро электрон муносабатини таъминловчи идоралараро электрон ҳамкорлик тизими жорий қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Сўнгги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари ривожлангани сари мамлакатимизда ҳам мазкур соҳани такомиллаштиришнинг қонуний асосларини шакллантириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида” ва “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар республикамизда “электрон ҳукумат” тизимини яратиш борасида қўйилган илк қадамлар ҳисобланади.
Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни кучга кирганлигини ҳам бу борадаги муҳим воқелик, дейиш мумкин. Мазкур қонунда, энг аввало, электрон ҳукумат тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими – электрон ҳукумат ҳисобланади. Яъни, давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ахборот тизими (интернет) орқали электрон давлат хизматларининг кўрсатилиши, шунингдек, мазкур хизматларни кўрсатиш учун давлат органлари ўртасида ўзаро ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотлар алмашишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуаси ҳамда техник воситалар тизими электрон ҳукумат тушунчасини англатади.
Электрон ҳукумат тизимининг асосий мақсад ва вазифалари давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида “бир дарча” принципини жорий этиш, шунингдек, давлат хизматларидан масофадан фойдаланилишини таъминлаш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг шу мақсадда сарфланадиган вақти ҳамда харажатларини қисқартиришдан иборат.
Электрон давлат хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, қонунда ариза берувчининг электрон давлат хизматларини олиш чоғидаги ҳуқуқлари белгиланган.
Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, электрон давлат хизматлари “бир дарча” принципи асосида, яъни электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи бундай хизмат кўрсатиш учун бошқа давлат органларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиши талаб этиладиган ҳолларда, электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи мазкур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, ариза берувчининг иштирокисиз идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш воситасида олади. Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида давлат органларининг функциялари ва вазифаларини амалга ошириш мақсадида уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди. Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими ахборотни тўплашга, сақлашга, унга ишлов беришга, уни узатишга ва алмашишга доир талаблар асосида ишлайди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, янги қонун ҳаётимизга кириб келиши муносабати билан «Электрон ҳукуматни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Давлат солиқ хизмати тўғрисида», «Давлат божхона хизмати тўғрисида», «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида», «Давлат статистикаси тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги ҳамда «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ахборот олиш учун сўров оғзаки, ёзма, шу жумладан, ахборот тизимлари орқали электрон шаклда бўлиши мумкинлиги, ёзма сўровда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги мурожаат этувчининг сўровга ахборот тизими орқали электрон шаклда жавоб олишга бўлган розилигини англатишига доир нормалар киритилди. Бу билан давлат органларига мурожаат қилаётган шахсларнинг ахборот олишга доир талаби ариза берувчининг хоҳиш-истагига кўра, қоғоз ёки электрон шаклда олиш ҳуқуқини беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги ва “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунларига маълумотлар ва ахборотларни алмашишда идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш орқали амалга ошириш белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларида тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатларни ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориш бўйича меъёрлар киритилиб, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг бекор қилиниши ҳақида ахборотни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш билан бирга ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали ҳам эълон қилиш белгиланди.
“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги ошиши, юридик ва жисмоний шахсларга электрон давлат хизматлари тақдим этилишининг яхшиланиши, фуқароларнинг масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг давлат хизматларини олишдаги ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Кўриб турибмизки, айнан замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш давлат органлари фаолиятининг янада очиқ бўлишига имкон беради. Муҳим бошқарув жараёнларида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун шароит яратади. Шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, бизнес юритишни яхшилашга, миллий иқтисодиётимизда рақобатбардошликни, аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилишини бугун ҳаётнинг ўзи бизга кўрсатиб турибди.
Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва илғор хориж мамлакатлари қонунчилиги билан қиёсий таҳлилдан ўтказилган ушбу қонун келгусида давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларга электрон давлат хизматлари тақдим этилишини яхшилаш, жамият ҳаётининг турли соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, қабул қилинаётган қарорларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш, тегишли ахборот тизимларини яратиш ва уларнинг ишлаши ҳисобига давлат бошқарувига сарфланадиган харажатларни қисқартириш имконини беради.
Ўз навбатида, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда, маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш каби вазифаларнинг амалиётда ўз ифодасини топаётганидан далолат беради.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу қонун мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, очиқ ва шаффофлигини ошириш, фуқаролик жамияти шаклланишида давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида ишончли муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наманганда “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаётганлиги халқимизнинг нақадар бағрикенглигини ифодалайди....
01 янв 1970
Шу кунларда Музработ туманидаги учта маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда....
01 янв 1970
Маълумки, шу йилнинг 1 февралида пойтахтимиздаги “Tashkent Сity” қурилиш майдонида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилиб, матбуот а...