Миллий манфаатлар йўлида ёшлар бор куч ва билимини сафарбар этмоқда

/
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, эртамиз эгаларини ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли мустақиллик йилларида ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақалари, турли йирик мусиқа ва санъат танловлари, фестиваллари, кўргазмаларида дунёда ҳеч кимдан кам эмасликларини намоён қилиб келмоқдалар.
Ёш сафдошларимиз партиямиз аъзоларининг кўпчилик қисмини ташкил этади, улар орасида ташаббускор, иқтидорли талабалар, фан ва спорт соҳасида қўлга киритган ютуқлари билан юртимиз номини дунё бўйлаб улуғлаётган юксак истеъдодли йигит-қизлар бор.
Маълумки, давлат дастурлари, қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида партия тизимида бир қатор лойиҳалар амалиётга йўналтирилган. Жумладан, партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоят партия ташкилоти томонидан “Қулай ахборот муҳитида ёшлар онгида ижтимоий-сиёсий жараёнлар”, вилоятдаги тижорат банклари билан ҳамкорликда “Оилавий тадбиркорлик аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда”, “Тадбиркорлик — тараққиётнинг муҳим таянчи”, “Биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлайлик” мавзуларида, “Интернет маданияти: жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланиш”, “Ижтимоий тармоқлардаги жиноятчиликларнинг олдини олиш ва ҳуқуқий маданият”, “Ёшлар ва ахборот хавфсизлиги: мобиль телефондан фойдаланиш одоби” каби мавзуларда ёшлар ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бухоро вилоят партия кенгаши раиси Асрор Турсунов, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳамдамова томонидан мазкур лойиҳа доирасида Когон ва Пешкў туманлари ҳамда Бухоро шаҳар ёшлари билан учрашувлар ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
— Бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистоннинг буюк келажагига бор билим ва малакаси, ижодий куч-қудратини бағишлаш орқали она Ватанимизнинг миллий манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қиладиган ёшларни тарбиялашдан иборат, — дейди Асрор Турсунов. — Бугунги кунда вилоятимизда партиянинг 189 та бошланғич ташкилотига 5654 нафар аъзо бирлашган бўлиб, уларнинг 1800 нафардан ортиғини, яъни 32 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Партия аъзолари сафида ўзининг фаоллиги, интеллектуал салоҳияти, ижодий қобилияти билан катта муваффақиятларга эришиб келаётган ёшлар талайгина. Жумладан, “Ёш адолатчилар” қаноти сафларида давлат стипендиатлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, спортнинг бир неча турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари, илм-фаннинг турли йўналишлари бўйича республика ва халқаро фан олимпиадалари ҳамда санъат турлари бўйича халқаро фестиваллар ғолиблари ва бошқа кўплаб ютуқларга эришган ёшлар борки, улар ўз билим ва қобилиятлари билан мамлакатимиз тараққиётига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилиш баробарида партия дастурий ғояларини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш ва унинг танилувчанлигини оширишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Ёшлар масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири саналади. Бинобарин, мустақиллик йилларида мамлакатимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий асослари яратилди, уларнинг салоҳияти, истеъдодини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам механизми шакллантирилди. Конституциямиз, соҳага оид йигирмадан ортиқ қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини бажармоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти ёшларни сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий жиҳатдан баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларнинг барча жабҳалардаги ислоҳотларда кенг иштирокини таъминлаш, уларда жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш туйғусини шакллантиришда фаол қатнашмоқда.
— Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида деб ҳисоблайди ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўзининг муҳим вазифаларидан бири сифатида билади, — деб таъкидлади халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳамдамова. — Шу мақсадда партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти ёшлар билан фаол иш олиб бормоқда, уларни жамиятнинг бу ижтимоий қатламига нисбатан давлат ва партия сиёсатини амалга оширишга жалб этмоқда, партия мафкурасига ҳамфикр бўлган 30 ёшгача сиёсий фаол ёшларни ўз сафига бирлаштирмоқда.
“Ёш адолатчилар” қаноти ёшларга жамиятнинг муҳим қатлами ва келажаги сифатида қараб, уларнинг маълумотлилиги, мустақил фикр ва кенг дунёқарашга эгалиги, шунингдек, ҳаракатчанлиги ва интилувчанлиги, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишдаги кенг имкониятларини инобатга олган ҳолда ўз фаолиятини олиб боради. Бундан кўзланган асосий мақсад, мамлакатда янги инновацион иқтисодиёт юзага келаётган, таълим тизими тараққий топаётган, бандлик даражаси ўсаётган, соғлом турмуш тарзининг кенг имкониятлари яратилаётган шароитда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг мафкураси ва дастурий ғояларига садоқатли ёш йигит-қизларни ягона эзгу мақсад йўлида сафарбар этишдан иборат.
Учрашув доирасида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди. Кўтаринки кайфиятда ташкил этилган бу каби мулоқотлар, албатта, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Обиджон ЗИЁДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ободлик, тозалик, бунёдкорлик, иқтисодиёт барқарорлиги, элимиз-юртимиз фаровонлиги, бир сўз билан айтганда, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида сувнинг алоҳ...
01 янв 1970
Сафдошимиз мазкур танловда “Ижтимоий шериклик мавзуси энг яхши ёритилган материал учун” номинацияси ғолиби бўлди....
01 янв 1970
Ватан озодлигини ҳис этиб яшаш, мустақиллик деб аталган буюк неъматдан баҳраманд бўлиб, ўз орзу-мақсадлари, эл-юрт фаровонлиги учун эркин меҳнат қи...
01 янв 1970
GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди....