Дўстлик ва ҳамкорлик тараннуми

/
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 23 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити иштирокчилари учун концерт намойиш қилинди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун бундай тадбирларнинг ўтказилиши анъанага айланган.
Соат 18.00. Залга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф ўани, Мўғулистон Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов кириб келадилар.
Йиғилганлар олий мартабали меҳмонларни гулдурос қарсаклар билан кутиб оладилар.
ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей саммити концерт билан бошланганида чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, маданият ва санъат халқларнинг ўзаро яқинлашуви ва бир-бирини англаши учун ўзига хос воситадир, бинобарин, мусиқа чегара ва масофа билмайди. Шу боис “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида дўстлик ва ҳамкорлик муҳити ҳукм сурди.
Олий мартабали меҳмонлар эътиборига ўзбек халқининг миллий ашула ва рақслари, шунингдек, жаҳон опера санъатининг энг сара асарларидан намуналар ҳавола этилди.
Ўзбекистон санъат усталарининг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросидаги “Ул ким жонон” ашуласи тингловчиларда унутилмас таассурот қолдирди. “Ўзбекистон” ва “Наврўз” рақс ансамбллари ижросидаги “Рақслар гулдастаси” хореографик композицияси ўзбек рақс мактабининг бутун кўрку жозибасини намоён этди.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ғолиби Нодира Пирматова “Эй дилбари жононим” ашуласини ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган катта ашула услубида ижро этди.
Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри П.Чайковскийнинг “Евгений Онегин” операсидан лавҳа ижро этди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри хонандалари Ш.Гунонинг “Ромео ва Жульетта” операсидан Жульетта вальсини куйлади.
Ўзбекистон халқ артисти Нормўмин Султонов ва “Ниҳол” мукофоти лауреати Маъсума Болтабоева “Менинг жонажон Хитойим”, Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова “Қадрдонларим” ашулаларини хитой тилида ижро этди. Қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ халқларининг ашула ва рақслари ҳам ижро этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов “Менга бергил куйларни”, халқаро танловлар лауреати Милена Матмусаева “Севги садоси” деб номланган машҳур рус ашулаларини куйлади. Концерт дастури ШҲТга аъзо давлатларнинг бой маданияти билан янада яқиндан танишиш имкониятини берди.
Ижро этилган ҳар бир куй-қўшиқда инсонга меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, миллий ва умумбашарий қадриятларга эҳтиром юксак пардаларда тараннум этилди. Концерт ниҳоясида “Жон Ўзбекистон” композицияси янгради.
М.МАМЕТОВА,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ўзбекистон деб аталган улуғ юрт учун муҳим ҳужжат бўлди. Унда, бир жиҳатдан, мамлакатимизнинг фа...
01 янв 1970
Бунёдкорлик иштиёқи, она Ватанимизни янада обод этиш истаги билан тинч-осуда ҳаёт кечираётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва қувонч бағишл...
01 янв 1970
Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришнинг муҳим воситаси, сайловл...
01 янв 1970
Амударёнинг қуйи қисмида, Ҳазораспнинг жанубий уфқлари, Туямўйин бўғозидан тортиб то Шовот туманининг шимолий кенгликлари оралиғида Хоразм воҳаси я...