Табиат инъом этган неъмат

/
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳақида алоҳида таъкидланган.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга уринишлар бутун дунёда кенг қулоч ёймоқда. Бундай эътиборнинг бир кўриниши ҳар йили 15 июнь — Бутунжаҳон шамол куни сифатида нишонланишидир.
Мазкур байрам ташаббускорлари шамол энергияси бўйича Бутунжаҳон кенгаши ҳамда шамол энергетикаси бўйича Бутунжаҳон ассоциацияси ҳисобланади. Бу кунни нишонлашдан мақсад шамол энергетикаси потенциалига дунё жамоатчилиги диққатини қаратишдан иборат.
Шамол энергетикасининг ривожланиши нафақат электр энергия таъминоти муаммосини, балки давлатлар иқтисодиётини, дунё бўйича экологик барқарорликни ҳал қилишда ҳам катта аҳамият касб этади. Шамол энергетикаси бўйича дунёда кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борилаётган бўлиб, 80 дан ортиқ давлатда шамолдан энергия олиш соҳалари жадал ривожланмоқда.
2010 йилда дунёдаги ҳамма шамол генераторлари ишлаб чиқарган электр энергиянинг қуввати 430 терават/соатга етди, бу бутун дунё давлатлари ишлаб чиқараётган электр энергиясининг 2,5 фоизини ташкил қилади, холос. Лекин айрим ривожланган давлатларда бу улуш ҳақида сўз юритганда йил давомида ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг Португалия давлатида 16 фоизи, Ирландияда 14 фоизи, Испанияда 13 фоизи, Германияда 8 фоизи шамол энергиясига тўғри келади. Ҳозирги пайтда 100 дан ортиқ давлатда шамол энергетикаси ривожланмоқда.
Шамол энергиясининг потенциал қуввати дунёда ишлаб чиқилаётган электр энергия миқдоридан 30 баравар ортиқлиги аниқланган. Ҳозирги шамол тезлиги бўйича кўрсаткичлар анеморумбометр ва флюгер асбоблари орқали олинади, улар ер юзасидан 10 метр баландликда ўрнатилади. 10 метрдан юқорида шамол тезлиги янада катта, чунки шамол ҳаракатига тўсқинлик қиладиган элементлар камаяди. Шу боис баъзи давлатларда 120 метр баландликда, парраклар диаметри 80 метрдан ортадиган, қуввати 6,0 мВтли шамол генераторлари ўрнатилмоқда.
Шамол генераторлари шамол тезлиги 3 м/сек.дан бошлаб электр токини бера бошлайди. Шамол тезлиги 5 м/сек.дан 10 м/сек. оралиғида электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 8 марта ошади. Ўзбекистонда очиқ текис ҳудудларда, тоғлар орасидаги водийларда, сув ҳавзаларига яқин жойларда (кўл, сув омборлари) шамолнинг йиллик ўртача тезлиги 3,5-6,5 м/сек.ни ташкил қилади. Ҳатто, битта кичикроқ ҳудуднинг турли қисмларида шамол тезлиги фарқ қилади. Масалан, Самарқанд шаҳрида 10 метр баландликда шамолнинг йиллик ўртача тезлиги 2,4 м/сек. Лекин аэропорт ҳудудида шамолнинг ўртача йиллик тезлиги 4,0 м/сек.дан ошади. Бунинг сабаби Зарафшон дарёси, дарё соҳилидаги қалин тўқайзор, очиқ тошлоқ Чўпонота тепалиги ва Самарқанд шаҳрининг ёнма-ён жойлашганлиги билан боғлиқ. Бу учта “географик майдон” устида ҳаво ҳарорати ва шунга боғлиқ ҳолда ҳаво босими фарқ қилади, натижада доимо эсиб турадиган маҳаллий шамолни келтириб чиқаради.
Самарқанд вилоятида баландлиги 1000 метрдан 2000 метрга етадиган, баъзи чўққилари 2000 метрдан ошадиган тоғлар вилоятнинг 25-30 фоиз майдонини эгаллайди. Улар бир томондан шамол ҳаракатига тўсқинлик қилади. Иккинчи томондан эса тоғлар орасидаги ботиқлар, букилмалар, водийлар, сойлар, довонлар ҳавонинг тез ҳаракатига шароит яратади. Бу “шамол йўлаклари”даги ҳаво оқими шиддат билан ҳаракатланиб кучли шамоллар ҳосил бўлади.
Шамол электростанциялари ёрдамида ишлаб чиқиладиган электр энергиясининг қиймати АҚШ долларида қуйидаги кўрсаткичларга эга. Шамол тезлиги 7,16 м/сек. – 4.8 цент.кВт/соат, 8,8 м/сек. – 3,6 цент.кВт/соат, 9,32 м/сек. – 2,6 цент.кВт/соат. Ушбу маълумотлардан электр энергияси қийматининг пасайиши шамол тезлиги ошишига боғлиқлиги кўриниб турибди. АҚШда кўмир ёқилғиси асосида ишлайдиган электр станцияларда электр энергия қиймати АҚШ долларида ўртача 4,5-6 цент.кВт/соатни, Хитой давлатида ўртача 4 цент.кВт/соатни ташкил қилади. Рақамлардан кўриниб турибдики, шамол электр станциялари ёрдамида ишлаб чиқиладиган электр энергиянинг қиймати кўмир ёқилғиси билан ишлайдиган электростанциялар қийматига тенг ва қисман паст экан. Бироқ ҳар икки турда ишлаб чиқиладиган электр энергиясининг экологик оқибатлари бир-биридан кескин фарқ қилади.
Кези келганда таъкидлаш лозим, Самарқанд давлат университети гидрометералогия кафедраси ходимлари доцент Орзумурод Раҳматуллаев раҳбарлигида Самарқанд шамол ресурсларини ўрганиш ва харитасини тузиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб боришмоқда. Бу ишга кафедранинг магистрантлари, иқтидорли талабалари ҳам жалб қилинган. Хусусан, СамДУнинг тўққиз қаватли биноси томига 40 метр баландликка шамол кучи ва йўналишини ўлчайдиган асбоб (анеморубометр) ўрнатилганлиги тадқиқотларнинг сифатини оширмоқда.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш лозим, Ўзбекистонда табиат инъом этган неъмат — иқлим, об-ҳаво, шамол ёрдамида электр энергиясини олиш салоҳияти юқори бўлиб, бу борада олиб борилаётган изланиш ва тадқиқотларни сон ва сифат жиҳатдан ошириш, камхарж ва экологияга зиён етказмайдиган инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш устувор вазифа ҳисобланади.
Ирода ОРИФЖОНОВА,
Самарқанд давлат университети талабаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Элликқалъа туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчилик ишларида ҳам намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан....
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳар дақиқада халқнинг фикрини илғашга, дардига дармон бўлишга интилди. ...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...