Ҳам қулай, ҳам арзон, лекин...

/
Техника ва технология тараққий этган ҳозирги даврда шаҳримиз кўчаларини, автомагистраль йўлларни замонавий русумдаги транспорт воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилмоқда.
Аммо автомобиллар йилдан-йилга кўпайиб бораётгани, йўл ва чорраҳаларда тирбандликлар юзага келаётгани, қанчадан-қанча ҳайдовчи ва йўловчилар қимматли вақтини йўқотаётгани баробарида, ёнилғи сарфи ортиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўлаётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. Шу ўринда, транспорт воситалари ҳаракатини меъёрлаш, инсон саломатлигини яхшилаш ниятида яна бир транспорт тури — велосипеддан фойдаланишни ҳам аҳоли орасида оммалаштириш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу, ўз навбатида, шаҳарда экологик мувозанат сақланишига, техника ва ёқилғи учун сарфланадиган маблағлар тежалишига олиб келарди. Транспорт ҳаракати тизимини яхшилашга ҳам хизмат қиларди.
Таъкидлаш жоизки, кўпчилик юртдошларимиз велосипедни нафақат улов, балки саломатликни мустаҳкамлашнинг беминнат воситаси сифатида ҳам алоҳида қадрлайди. Маълумки, умуртқа касалликлари, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар, иммунитет заифлашиши, ортиқча вазн, сурункали чарчаш сингари қатор хасталикларнинг пайдо бўлишига камҳаракатлилик сабаб бўлади. Қандли диабет ҳам ҳаракатсиз турмуш тарзига одатланиб қолган одамларда кўпроқ учрайди. Шунинг учун пиёда юриш ёки велосипед ҳайдаш соғлом турмуш тарзида муҳим ўрин эгаллайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, велосипеддан фойдаланган инсон жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлади. Қон томирлари ва юрак мушаклари мустаҳкамланади, организмнинг умумий соғломлик даражаси ошади. Нафас олиш орқали ҳаво миқдори ошгани боис қоннинг кислородга тўйиниши яхшиланади, модда алмашинуви меъёрлашади. Юрганда ва ҳатто югурганда ҳам етарли даражада фаол бўлмайдиган оёқ мушаклари велосипед ҳайдаганда чиниқади. Шу билан бирга, кишида ҳаракатлар уйғунлиги ва эпчиллик шаклланади. Узоқни яхши кўролмаслик каби кўз касаллигининг олдини олишда ҳам велосипед ажойиб восита ҳисобланади.
Шундай экан, кўплаб хорижий мамлакатларнинг ҳаётий тажрибасида синовдан ўтган бу транспорт туридан юртимизда, хусусан, шаҳарларимизда фойдаланиш учун нималар қилиш зарур? Бунинг учун, табиийки, велосипед сотиб олиш керак. Агар велосипед сотиб олишга имконингиз бўлмаса-чи? Унда ижарага олиш керак. Ижара эса... дарвоқе, бошқа шаҳарларни билмадигу, лекин пойтахтимизда велосипедларни ижарага берадиган шохобчалар кўп. Бундай шохобчаларни аҳоли гавжум жойларда, масалан, савдо марказларида, серқатнов кўчалар бўйида, ҳатто пиёдалар ўтиш йўлаклари ёнгинасида ҳам учратиш мумкин. Бир сафга тизиб қўйилган турли русумдаги велосипедлар сизга мунтазир.
Ижара-ку тайёр, аммо...
Велосипедларни ижарага берувчи шохобчаларни кўздан кечирганимизда, ушбу транспорт воситасини бир соатга олиш 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача эканини кузатдик. Бунинг учун белгиланган суммани тўлашдан ташқари паспортни гаровга қолдириш ҳам талаб этиларкан. Ўз-ўзидан саволлар туғилади: шахсимизни тасдиқловчи муҳим ҳужжатни гаров сифатида сўрашга шохобчадагилар ҳақлими? Аслида улар қонуний фаолият юритаяптими? Беш-ўнта велосипедни очиқ жойга қаторлаштириб, “Велопрокат” деган ёзув тахтаси осиб қўйган билан иш битадими? Майли, касса аппарати, ҳисоб-китоб терминали ҳақида гапирмайлик. Ҳеч бўлмаганда, шохобчага келган ёшларга велосипедни ҳаракат хавфсизлиги юзасидан қандай бошқариш кераклиги тушунтирилиб, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатиладими?
Тўғри, орамизда вақтини чоғ ўтказиш учунгина велосипед минишни ният қилган, умрида илк маротаба улов эгарига ўтираётган ўсмирлар ҳам учраб туради. Улардан махсус ўқув курсини тугатгани ҳақида ҳужжат талаб қилинмайди. Аммо велосипедчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар учун ҳам қатор ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкинлигидан кўз юмиб бўлмайди. Айтайлик, йўловчилар йўлак бўйлаб бораётганида, кутилмаганда орқа тараф, рўпара ёки бинолар орасидан велосипедда бир-бири билан қувлашиб келаётган ёш-яланг чиқиб қолади. Чорраҳаларда ҳам бу ҳаваскор велосипедчилар “Бизга тўрт томон очиқ”, деган хулосага келгандай, светофор чироғи, автомобиллар сигналига эътибор қаратмайди. Бундай қалтис хатти-ҳаракатлардан, аввало, ўзларига, қолаверса, бошқаларга шикаст етиши эҳтимолдан холи эмас.
«Йўл ҳаракати қоидалари»да белгиланган талабларга кўра, йўлда велосипедни бошқариш 14 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади. Велосипедларни ҳайдаш пайтида йўлнинг ўнг томонида чекка қисмида бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳам ҳаракатланишга рухсат этилади. Велосипед ҳайдовчиси йўл ёқасини тротуар, яъни пиёдалар йўлагидан фарқлаши лозим. Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда ўзаро бир-бирини ва уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак. Велосипедга қўйиладиган асосий талабларга биноан, у товуш бергич мослама билан жиҳозланган ва тормози соз бўлиши зарур. Қоронғида ва етарли кўринмаслик шароитида велосипеднинг олд томонига оқ рангли, орқа томонига қизил рангли чироқча ёки қизил рангли нур қайтаргич, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши шарт.
Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари сингари велосипедчилар ҳам ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги учун қонуний тартибда жавобгар ҳисобланади. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасида велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги – энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида, йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида авария ҳолатини вужудга келтириши – энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Афсуски, велосипедларни ижарага олувчи баъзи ёшлар юқорида келтириб ўтилган тартиб-қоидаларни билмайди. Шохобчадагилар эса негадир бу борада тарғибот олиб боришни, йўл-йўриқ ва кўрсатмалар беришни лозим топмайди.
Албатта, велосипед ҳайдашни оммалаштириш учун, биринчи навбатда, йўлларнинг икки четида махсус йўлаклар ажратилиши зарур. Бундай йўлаклар велосипедларнинг бошқа транспорт воситаларига ва пиёдаларга халақит бермаслиги ҳамда хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам керак. Бундан ташқари, велосипедларни қўйиш учун махсус жойлар бўлиши лозим.
Бугун дунёнинг қатoр мамлакатларида автoтранспoрт вoситаларининг атрoф-муҳит ва инсoн салoматлигига eтказаётган салбий таъсирини ҳисoбга oлган ҳoлда улар экoлoгик тoза улoвларга алмаштирилмoқда. Гeрмания, Италия, Франция, Нидeрландия, Бeлгия, Дания ва бошқа давлатларнинг айрим шаҳарларида вeлoсипeдлар аллақачон жамoат транспoртига айланиб улгурди. Масалан, Дания шаҳарларида ҳар бир ташкилoт ва кoрxoналар, ўқув муассасалари, дўкoнлар, мeтрo бекатлари ёнида вeлoсипeдлар учун маxсус турар жoйлар ташкил этилган, вeлoсипeдлар ҳаракатланиши учун алoҳида йўлаклар мавжуд.
Бундай лoйиҳалар Oсиё қитьасида (Хитой, Корея, Въетнам, Таиланд ва бошқа давлатларда) ҳам oммалашаётганини кузатиш мумкин.
Велосипед экологик жиҳатдан тоза, ортиқча харажат талаб қилмайди, янада муҳими, инсон соғлиғини мустаҳкамлаш учун ҳам фойдали восита. Шу боис юртимиз шаҳар ва қишлоқларида велосипедга аҳолининг эҳтиёжи, ёшларнинг қизиқиши ортаётгани бежиз эмас. Истиқлол йилларида республикамизнинг бир неча вилоятида замонавий русумдаги велосипедлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Нархи ҳамёнбоплигидан ташқари, улар ташқи дизайни, қўшимча имконият ва қулайликлари жиҳатидан ҳам хорижникидан асло қолишмайди.
Шу билан бирга, айниқса, шаҳар ҳудудларида велотранспортга оид инфратузилмани ривожлантириш, велосипедларни ижарага берувчи шохобчалар замон талабларига мос фаолият юритишини назорат қилиш борасида мутахассислар ўрганишлар олиб бориб, зарур таклифларни ишлаб чиқса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Эрталаб уйдан хурсанд бўлиб чиқиб кетган Нозима тушдан сўнг йиғлаб кириб келди.
01 янв 1970
Азалдан аён ҳақиқат бу: шогирдларнинг ютуғи — Устознинг ютуғидир.
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....
01 янв 1970
Қўнғирот нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг, балки мамлакатимизнинг энг шимолий тумани ҳисобланади. ...