Юртга муносиб фарзандлар бўламиз

/
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги тобора яқинлашган сари бу шонли санага бағишланган тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда. “Биз — буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида барча вилоятларда навбатма-навбат ўтказилаётган фестиваль ёшларнинг энг катта тантанасига айланмоқда.
Ўтган ҳафтада Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ана шу фестиваль шодиёналари ўтказилди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ва вилоят ҳокимлиги мазкур тадбирнинг асосий ташкилотчилари ҳисобланадилар. Фестиваль иштирокчилари орасида депутатлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъат, илм-фан арбоблари, спортчилар ҳам бор.
— Мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёзган бу фестивалда партиялошларимиз ҳам фаол қатнашдилар, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Гулираъно Ваққосова. — Президентимиз раҳбарлигида баркамол авлодни вояга етказиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил сўз юритилганлиги тенгдошларимда катта таассурот қолдирди. Айниқса, йигит-қизларга ўз истеъдод ва қобилиятларини, турли соҳалардаги салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратилгани ҳақида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада катта аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Фестиваль қатнашчиларидан иборат тарғибот гуруҳлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлишди. Масалан, Поп тумани ёшлари “Бу – менинг Ватаним” лойиҳасида иштирок этдилар. 7-умумтаълим мактабида турли ҳаётий воқеаларга бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ўқувчилар қизиқарли мавзуларда ташкил этилган викториналарда ҳам фаол иштирок этдилар. Мазкур ўзига хос “ақлий синов”ларда ғолиб чиққанлар “Камолот кутубхонаси” туркумида чоп этилган ва фестиваль қатнашчилари дастхатлари туширилган китоблар билан тақдирландилар.
Ҳунармандлар макони Чустда ҳам байрам шукуҳи меҳмонларни хурсандчилик ва очиқ чеҳра билан кутиб олишдан бошланди. Мавлоно Лутфуллоҳ номидаги маданият ва истироҳат боғида халқимиз суйган санъаткорлар, маданият ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳозир бўлишди. Айниқса, “Ёшлар жонли ижро тарафдори” лойиҳаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди. Тўрақўрғон туманида фестиваль тарғиботчилари “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари, юз билан юзлашган отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олишди.
Косонсой туманидаги “Қўқумбой” аҳоли дам олиш ва маданият марказида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” лойиҳаси доирасида тарғибот гуруҳи вакиллари имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 45-сонли мактаб-интернати тарбияланувчилари билан учрашишди.
Уч кун давом этган фестиваль Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” стадионида таниқли санъат усталари ва ёш истеъдод эгаларининг гала-концерти билан якунланди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсониятнинг бугуни ва келажагига хавф туғдираётган трансмиллий жиноятчилик турларидан бири — наркотик моддалар савдоси ҳисобланади....
01 янв 1970
Бугунги кунда халқаро спорт мусобақаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришаётган юртдошларимиздан беҳад фахрланам...
01 янв 1970
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” СДП Сайловолди дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланга...
01 янв 1970
Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам янги ўқув йили “Биз сизни доимо ёдимизда сақлаймиз” шиори остида Ўзбекистон Республика...