Адабиётимиз даҳосига эҳтиром

/
1991 йил. Тарих саҳифаларига бу сана юртимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, буюк янгиланишларга бой йил сифатида муҳрланди. Ундаги муҳим янгиликлардан бири йил бошида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши бўлди.
Ўлкамизда буюк шоирнинг номини, бой меросини улуғлайдиган, хотирасини абадийлаштиришга хизмат қиладиган кўп ишлар амалга оширилди. Айниқса, улуғ мутафаккир номи билан боғланган ўша йилда мамлакатимизда халқимиз асрлар давомида орзу қилган мустақилликнинг, озодликнинг қўлга киритилиши чуқур рамзий маъно касб этди. Гўё Алишер Навоий сари, шоир ижодиёти, мероси сари йўл истиқлол сари йўлнинг бошланишига айланди. Мустақилликка эришилганидан кейин буюк шоирга эҳтиром янада кучайди. Дастлабки улуғвор ишлардан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти номи ўзгартирилиб, унга Алишер Навоий номи берилиши бўлди. Тошкентда пойтахтнинг марказида ўрин олган собиқ ёшлар боғи Алишер Навоий номидаги Миллий боғга айлантирилди. Боғнинг тўрида, энг баланд, хушманзара жойида Юртбошимиз саъй-ҳаракати билан Мир Алишер Навоийнинг муҳташам ҳайкали қад ростлади. Шу йил октябрь ойида юртимиз олимлари, бутун дунё навоийшунослари ҳамкорлигида шоир ҳаёти, мероси ва асарларининг илмий тадқиқига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.
Буюк мутафаккирга бундай эҳтиромнинг сабаблари кўп, албатта. Халқимиз собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида шоир меросини бир ёқлама, чекланган доирада ўрганишга маҳкум қилинган эди. Бу меросдан тўла баҳраманд бўлиш имкониятлари йўқ эди. Бошқача айтганда, халқимиз ўзига ғурур ва ифтихор бахш этадиган, дунё кўз ўнгида ўзини намоён қиладиган ўтмиш маънавиятидан узиб қўйилганди. Юртбошимиз, биринчи навбатда, ана шу камчиликни бартараф этишга, Алишер Навоий даҳоси орқали халқимиз, миллатимиз ғурурини, кўп асрлик ифтихорини, қудратини уйғотишга эътиборни қаратди. Бу истиқлол йўлида узоқни кўзлаб бошланган иш эди.
Қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳам улуғ даҳо меросининг беқиёс хизматлари билан боғлиқ эди. Маълумки, мустамлакачилик кишанларини парчалаб истиқлолга эришган ҳар қандай халқ, миллат, мамлакат учун энг асосий вазифа шу мустақилликни сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш, унинг абадийлигини таъминлашдан иборат ҳисобланади. Бунда асосий эътибор мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий масалалари билан бирга юрт ҳаёти учун ғоят муҳим бўлган вазифа — инсон омилига қаратилади. Яъни, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлашда инсоннинг ўз юртига фидойилиги, меҳр-муҳаббати, ҳурмат-эҳтироми, маънавий юксаклиги, башарий етуклик, комиллик даражаси каби олий туйғулари, хусусиятлари етакчилик қилади.
Бундай гўзал хулқларни ҳар бир инсон, миллатда камол топтириш осон кечмайди. Улуғ шоир Алишер Навоийнинг барча асарларида ана шундай инсоний камолотга, комилликка етишиш йўллари аксини топган. Шунинг учун ҳам Президентимиз истиқлолнинг илк давридаёқ янги давр инсонини камол топтиришда Алишер Навоий даҳосини, ижодий меросини халққа яқинлаштириш, бу меросдан халқни баҳраманд этиш ғояларини ўртага ташлади. Айни пайтда, бу хайрли иш бошқа кўплаб буюк аждодларимизнинг номларини тиклаш, маънавий бойликларини халқимизга қайтариб бериш учун асос бўлиб хизмат қилди.
Улуғ шоир даҳосини халққа яқинлаштириш, беқиёс тафаккур оламини англатиш осон кечадиган жараён эмас эди. Бу шоир номини улуғлаш, асарларини тўла нашр этиш, уларни чуқур илмий тадқиқ қилиш, хотирасини абадийлаштириш, сиймоси, ҳайкалларини яратиш, унга бағишлаб хиёбонлар, майдонлар барпо қилиш каби кўплаб ишларни амалга оширишни талаб этарди. Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг марказида шоир номида Миллий боғ ташкил этилиши, бу ерда ҳайкалининг ўрнатилиши, хиёбоннинг бунёд қилиниши ушбу ишларнинг дебочаларидан бири бўлди.
Миллий боғнинг барпо этилишида унинг ниҳоятда сўлим, гўзал гўша, ҳамма ифтихор қиладиган маскан бўлишига эътибор қаратилди. Шоир ҳайкали учун боғнинг баланд нуқтаси танланди. У шаҳарнинг барча томонларидан кўриниб туриши ҳисобга олинди. Ҳайкал пойига бир неча ўнлаб пиллапоялардан кўтарилиб борилади. Бу рамзий маънода авлодлар учун гўё камолот пиллапоялари бўлиб хизмат қилиши назарда тутилган эди. Баланд саҳнда шоирнинг маҳобатли ҳайкали қад ростлади. Ҳайкал устига эса қадимий меъморчилик услубидаги гумбазли айвон тикланди. Самовий тусдаги гумбазнинг остки қисми турли нақшлар билан безатилди. Ўзбек, рус, инглиз тилларида битилган шеърий китоба нақшларга уйғунлашиб кетган. Гумбаз айланасидаги ўйма ва бўртма безаклар ҳам қадимий нақшинкорлик анъаналари асосида ишланган. Гумбазни тўрт жуфт мармар устун кўтариб турибди. Оқ мармардан тайёрланган устунларнинг пастки ва юқори қисми – муқарнас ҳолатда безак қилинган. Устунларнинг жуфт ҳолда ишланиши гумбазни мустаҳкам тутиб туришидан ташқари, айвоннинг гўзаллигини оширган, ҳайкалнинг ҳамма томондан яққол кўзга ташланиб туришига имкон берган.
Маҳобатли ҳайкал – шоир қиёфаси улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзод тасвирлаган кўринишга монанд аксини топган. Сиймосида самимийлик, донишмандлик, буюк яратувчилик намоён бўлган улуғ шоир қўлда асоси билан авлодлар хузурига пешвоз чиқиб келаётгандек.
Олам аҳли, билингизким,
иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким,
эрур ёрлиғ иш,

— дея барча халқларни аҳилликка, дўстликка, ҳамкорликка чорлаётгандек. Ҳайкал қад ростлаган хиёбон анвойи гулларга, яшиллик оламига бурканган, авлодлар қадами узилмайдиган масканга айланган. Бир сўз билан айтганда, Юртбошимиз саъй-ҳаракати билан ташкил этилган Миллий боғ, шоир ҳайкали ва уларга ёндош гўзал меъморчилик мажмуалари эндиликда нафақат Тошкентнинг, балки бутун мамлакатимизнинг рамзи, тимсоли бўлиб қолди.
Алишер Навоий улуғ шахс, буюк мутафаккир эди. У назм мулкининг султони даражасида юксак бадиият намуналарини яратиш билан бирга, адабиётшунос, тарихчи, тилшунос, файласуф, сиёсатшунос, мутасаввуф аллома сифатида ҳам ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. Унинг ижодий фаолиятини, илмий-бадиий меросини ўрганиш беш ярим асрдан ошиқ вақтдан бери давом этиб келмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин шоир меросини тадқиқ этиш янги босқичга – давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Эндиликда у қолдирган бой меросни, улуғвор ғояларни ўрганиш баробарида уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳаётимизнинг асосий аъмолига айланди. Эътибор беринг: шоир асарларида юрт ободлиги, фаровонлиги, инсон ҳуқуқлари, эрки, озодлиги, яхши яшаши улуғланган эди. Бугун бу ғоялар ҳаётимизда амалий ифодасини топмоқда. Ёхуд Алишер Навоийнинг тарих ва башарият олдидаги улуғ хизматларидан яна бири шуки, у адолат туйғусини ҳар бир инсон, халқ ва миллат интилиб яшайдиган олий мезон даражасига кўтарди. Юртимизда халқимизнинг истиқлол даври ҳаётида ана шу мезон асос қилиб олинди. Улуғ шоир XV асрда тилимизнинг адабий-бадиий асосларини яратди, унинг илмий негизларини исботлаб берди. Бу тил истиқлол даврида мамлакатимизнинг давлат тилига айланди. Бундай ғоялар эндиликда истиқлол ғояларига ҳамоҳанг тарзда амалга ошмоқда.
Истиқлол йилларида улуғ мутафаккир даҳосини улуғлаш, номини абадийлаштириш бирор шонли сана доирасида ўтказиладиган мавсумий иш эмас, балки бугунги авлодларнинг унга муҳаббатини намоён этувчи доимий эътирофга, эъзозга айланди. Тошкентда шоирга бағишлаб ўрнатилган ёдгорликдан кейин давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан 2001 йилда Навоий шаҳрида ҳам унинг маҳобатли ҳайкали қад ростлади. Улуғвор ҳайкал шоир номи билан аталадиган вилоят ва шаҳар аҳлининг буюк ижодкорга эҳтироми натижаси эди.
Юртбошимиз ҳайкал очилиши тантанасида “Навоий номи билан аталган, бу муборак номни шараф ва ифтихор билан баланд кўтариб, эъзозлаб келаётган вилоят ва шаҳарнинг қоқ марказида буюк бобомизнинг муҳташам ҳайкали ўрнатилгани бежиз эмас. Бу – навоийликларнинг Навоий даҳосидан руҳ ва илҳом, Навоий қаҳрамонларидан ўрнак ва ибрат олиб яшаётганликлари намунасидир”, дея қилинган ишларга юксак баҳо берган эди. Навоий шаҳрида улуғ шоирнинг 12,5 метрлик ҳайкалининг очилиши билан боғлиқ ҳолда бу ерда беқиёс даражада бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳайкал атрофида 102 гектарлик мажмуа яратилди. Турфа дов-дарахтлар билан қопланган, яшиллик бағрига бурканган бу гўша шаҳарнинг энг гўзал, обод, кўркам масканига айланди.
Мажмуанинг тармоқланиб кетган йўллари, йўлаклари бўйлаб ҳар хил кўринишдаги фавворалар ўрин олган. Шаҳарга салқинлик ва кўрк берадиган, чирой бахш этадиган ўндан ортиқ фаввораларни ўзаро уйғунлаштирадиган бу масканни фавворалар хиёбони дейиш мумкин. Бу хиёбон Алишер Навоий ҳайкали пойига бориб туташади. Хиёбоннинг марказида эса энг баланд, юксакликка сув сочадиган, тунда турли рангларда товланувчи фаввора жойлашган. Фавворалар бағрида яна бир мўъжиза – шоир асарлари қаҳрамонлари акс этган ҳайкаллар намоён бўлади.
Кейинги йилларда мажмуа бағрида замонавий меъморчилик ансамбли — амфитеатр ҳам барпо этилди. Бу маскан шоир номи билан боғлиқ анжуманларни, шеърхонлик кечаларини, Навоий бадииётини улуғловчи илмий конференцияларни ўтказувчи марказга айланди. Мажмуа яқинидаги кўл шоир асарларида тараннум этган об-ҳаёт денгизини эслатади. Дарвоқе, мажмуа шаҳарнинг икки нуқтасида жойлашган – Фарҳод ва Ширин номидаги маданият саройлари, зиё масканларини ҳам бирлаштириб туради. Буюк мутафаккирнинг ҳайкали шаҳарнинг ҳамма нуқталаридан кўзга ташланади ва бу мажмуа атрофида барча йўллар туташади. Бошқача айтганда, Навоий шаҳрида шоир номини улуғлайдиган обод мажмуа билан бирга, мамлакатимизда унинг ўлмас ғояларини намоён қиладиган яна бир марказ юзага келди. Буларнинг ҳаммаси халқимизнинг улуғ даҳога эҳтиромнинг яна бир ифодаси эди.
Алишер Навоий нафақат шоир, мутафаккир аллома, балки буюк шахс сифатида ҳам ўчмас ном ва мангулик мерос қолдирган. У зот ўз даврида Хуросон ва Мовароуннаҳр ўлкаларида 1001 та иншоот, бинолар, иморатлар бунёд қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришларича, у ҳаёти давомида ана шу орзу-ниятларининг салкам ярмини амалга оширишга эришган, яъни 450 дан ортиқ иншоотлар барпо эттирган. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган улуғвор бунёдкорлик ишлари буюк мутафаккир шоир орзуларининг амалий ифодасидек намоён бўлмоқда.
Буюк аждодларимиз сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром мамлакатимиздан ташқари хорижий элларда ҳам кучайди. Бунинг тасдиғини дунёнинг турли мамлакатларида уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида эълон қилинаётган илмий ва бадиий асарлар, улуғ аждодларимиз хотирасига барпо этилаётган ёдгорликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу эҳтиром, хусусан, буюк аллома Аҳмад Фарғонийга Қоҳирада, Абу Али ибн Синога Бельгияда, Мирзо Улуғбекка Литвада қўйилган ҳайкаллар мисолида ҳам ёрқин намоён бўлди. Буюк шоир, мутафаккир Алишер Навоий ҳам дунё миқёсида юксак эҳтиромга сазовор бўлаётган аждодларимиздан бири ҳисобланади. Унинг кейинги йилларда Франция, Германия, Туркия, Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Япония, АҚШ, Канада каби бир қатор мамлакатларда асарларининг ўша давлатлар тилларига ўгирилиб нашр қилиниши, унга бағишлаб кўплаб илмий мақолалар, бадиий асарлар яратилаётгани улуғ даҳо ўлмас ғояларининг барча халқлар қалбига кириб бораётганлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, сўз мулкининг султони бўлган бу зотнинг ҳайкали Москва шаҳрининг марказий хиёбонларидан бирида, Боку шаҳридаги адабиёт ва маданият марказида, Токио шаҳридаги олий ўқув юртлари шаҳарчасида ҳам қад ростлади. Бошқача айтганда, бу шаҳарларда шоирнинг ўлмас мероси унинг сиймоси тимсолида яшамоқда. Қанча халқларга адабиётнинг, маънавиятнинг мангулик рамзи сифатида намоён бўлмоқда.
Шу ўринда ушбу ҳайкалларнинг яратувчиси, ҳайкалтарош Равшан Миртожиевнинг сўзлари хаёлимда айланади. “Алишер Навоийнинг ҳайкали Токиода бор. Унинг яна бир ҳайкали Америка Қўшма Штатларининг Конгресслар залига қўйилган, — деган эди у. — Демак, оламнинг меҳвари бўлган қуёш Токиода бобомизнинг боши узра балқиб, Ер юзини айланиб, Вашингтонда яна бобомизнинг пойида заминга бош қўяди. Бунда бир буюк ҳикмат, мангулик эҳтиром бор”. Дарҳақиқат шундай. Шоир асарларидан бирида:
Бу гулшан ичра йўқдур
бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса
яхшилиқ била от,

— дея инсоннинг бу ёруғ оламда яхшилик билан ном қолдиришини улуғлаган эди. Не бахтки, шоир орзу қилган олижаноб ният унинг ўзига ҳам насиб этди.
Ҳаёт тасодифларга тўла. Кутилмаганда рўй берадиган ҳар бир воқеа-ҳодиса тасодиф деб изоҳланади. Лекин файласуфлар ҳаётда тасодифан ҳеч нарса рўй бермайди, ҳар бир тасодифий воқеа асосида ҳам ҳаётий зарурат ётади, деб таърифлашади. Бу илмий фараз тарихда кўп бор исботланган ҳақиқат. Шунинг учун мамлакатимиз Президенти истиқлолнинг илк йилида Алишер Навоий хотирасини абадийлаштириш, даҳосини улуғлаш, меросини чуқур ўрганиш борасида бошлаган хайрли ишлари тасодиф эмас, ҳаётий зарурат эканлигини орадан ўтган вақт тўла тасдиқлади. Бу ҳақиқатни ҳали ҳаёт кўп бор исботлаши аниқ.
Орадан йиллар, асрлар ўтаверади. Ер юзида инсоният яшар экан, мангуликка юз тутган олам ва боқий ҳаёт давр ва замонлар оша янгиланиб бораверади. Башариятнинг ақл-идроки тарихни яратувчиликлар, кашфиётлар билан бойитади, тамаддуннинг янги босқичларига йўл очиб беради. Бу борада улуғ ўзбек шоири, буюк мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг ҳам хизматлари беқиёс бўлади. У ўлмас ғоялари билан келгуси авлодлар, халқлар, миллатлар камолоти учун яна хизмат қилаверади.
Камол МУҲАММАД ЁҚУБ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини катта қизиқиш билан тинглаш орқали ҳар бир ватандошимиз кўнглида халқими...
01 янв 1970
2012 йилда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг амалий санъат йўналиши бўйича вилоят босқичида I ўринни эгалладим....
01 янв 1970
XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган атоқли шоир Абай Қўнонбоевдан нафақат қозоқ адабиёти учун, балки умумтуркий маданият учун ҳам салмоқли мерос ...
01 янв 1970
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Уни чуқур ҳис қилган одам асло ўз бурчига хиёнат қилмайди. Кимки ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилса, албатт...