Тарих сабоқлари билан қадрли

/
Истиқлол туфайли халқимиз онгида, тафаккурида янгича дунёқараш шаклланди. Бу дунёқараш асосида гўзал юртимизни, меҳнатсевар халқимизни улуғлаш, қадим тарихимизни тиклаш, буюк аждодларимиз номларини абадийлаштириш, хотирасини эъзозлаш, уларнинг ўлмас меросидан ёш авлодни баҳраманд этиш, қадриятларни қарор топтириш каби ғоялар бўй кўрсатди. Юртимизда бу борада кўплаб улуғвор ишлар амалга оширилди.
Халқимизнинг энг қадимий асари, дунё адабиётида муҳим ўрин тутган маданий мерос намунаси “Авесто”га бағишланиб Урганч шаҳрида, “Алпомиш” достони улуғланиб Термиз шаҳрида майдонлар барпо этилди, ёдгорликлар ўрнатилди. Улуғ Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида хиёбонлар ташкил қилиниб, ҳайкаллари қад ростлади. Шунингдек, “Шаҳидлар хотираси”, “Кўҳна ва боқий Бухоро” деб аталган ансамбллар, Бурхониддин Марғиноний, Абу Наср Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий номлари билан боғлиқ ёдгорликлар мажмуалари яратилди. Буларнинг бари тарихимизга, аждодларимиз меросига чуқур эҳтиром билан бирга асл миллий қадриятларимизни қарор топтиришга, ёшлар ота-боболаримиздан ибрат олиб яшаб, уларнинг улуғ ишларининг давомчилари бўлиб етишишларига хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда ана шундай улуғвор мақсадда бунёд этилган масканлардан бири Ватанимиз пойтахтидаги Хотира майдони ҳисобланади.
Хотира майдони Тошкент шаҳрининг марказида, Мустақиллик майдонига туташ нуқтада мамлакатимиз Президенти ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан 1998-1999 йилларда барпо этилди. Узунлиги 60 метр, эни 30 метрдан ошадиган ҳудудни эгаллаган майдон миллий ва замонавий шаҳарсозликка хос қиёфада яратилган. У икки қисмдан иборат ҳолда қурилган. Майдоннинг биринчи қисмини айвонлар хиёбони ташкил қилади. Айвонлар майдоннинг икки томонида жойлашган. Уларнинг ташқи қисми мармар қопланган девор билан ўралган, ички тарафлари эса ёғоч устунли колонналардан иборат. Шунинг учун улар очиқ айвон тарзида қад ростлаган. Ҳар бир айвоннинг 16 тадан, жами 32 та айвончаси мавжуд. Айвонларнинг баландлиги 5 метрдан ошиқ бўлиб, уларни 42 та устун кўтариб турибди. Устунлар пойидан то тепа қисмигача миллий ҳунармандчилик анъаналари асосида ўйма ва бўртма нақшлар билан безатилган.
Айвончаларнинг шифтлари вассажуфт асосида ҳавозали кўринишда яратилган. Ҳар бир ҳавоза тархи, қурилиши, безалиши ва бошқа жиҳатлардан бири иккинчисини такрорламайди. Устунларни, шифтларни, ҳавозаларни, безакларни ишлашда усталар республикамиздаги ҳар бир воҳа, водий, вилоятнинг ўзига хос хусусиятлари, ҳунармандчилик мактаблари анъаналаридан келиб чиққанлар. Умуман, майдоннинг айвонлар хиёбонида аждодлар руҳини, Иккинчи жиҳон урушидан қайтмаган ота-боболар ўчмас хотирасини эсга соладиган ҳолатлар ўз ифодасини топган. Ушбу миллий, замонавий иморатлар эса майдоннинг ўзига хос кўркига, бунёдкорлик тимсолига айланган.
Хотира майдонида бу айвонларнинг қурилиши бежиз эмас. Уларда мамлакатимиздан Иккинчи жиҳон уруши жанггоҳларида қатнашиб, ўлкамизга қайтиб келиш насиб этмаган, эл-юртимизнинг эрки ва озодлиги, бахт-саодати учун ҳаётини қурбон қилган ватандошларимиз номлари битилган хотира китоблари қўйилган. Маълумотларга кўра, уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион одам яшаган. Шундан 1,5 миллиони урушга жалб этилган.
Урушдан 500 мингга яқин ватандошимизга юртга қайтиш насиб қилмаган. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фашизмни маҳв этишда ҳиссаси катта бўлганлигини кўрсатади. Собиқ шўро даврида уруш қурбонларига қўйилган ёдгорликлар номаълум солдат номи билан аталарди, уларнинг аксариятида қўлида қурол тутган аскар ёхуд аскарнинг шинели, каскаси, қурол-аслаҳалари аксини топарди. Уруш қатнашчилари ёки унда ҳалок бўлганларнинг номи ҳам, ўзи ҳам эсга олинмасди. Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган бу ёдгорлик ҳақиқий Хотира майдонига айланди. Айвонлардаги зарҳал варақли китобларга Ўзбекистондан урушга бориб ҳалок бўлган ва бедарак кетган 457 мингдан ортиқ юртдошларимизнинг номлари битилиб, хотираси абадийлаштирилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ва туманлардан урушда қатнашиб, жон фидо қилганлар исми-шарифлари ўрин олди. Рўйхатларга назар ташласангиз, жанггоҳларда ҳалок бўлганлар орасидан ҳаётга энди қадам ташлаган 17-18 ёш йигитларнинг, 25-35 ёш ўрта авлод вакилларининг, 40-45 ёшдан ошган оталаримиз, акаларимизнинг, қизлар, аёлларнинг номларини кўриб кўз ўнгингизда урушнинг даҳшатлари, фожиалари янада яққолроқ намоён бўлади. Шу боис эл-юртимизнинг бахту саодати учун ҳаётини қурбон қилган ватандошларимиз хотирасига эҳтиром нафақат халқимиз қалбига, Хотира майдонига ҳам муҳрланди.
— Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида оиламиздан тўрт ака-ука қатнашганмиз. Урушнинг барча даҳшатларига гувоҳ бўлганмиз. Жанггоҳлардан катта акам ва мен оғир ярадор бўлиб қайтиб келганмиз, — дейди қашқадарёлик Усмон ота Донаев. — Икки акамга юртга қайтиш насиб этмади. Уларнинг қаерда ҳалок бўлганини, қаерга кўмилганини ҳам билмайман. Уларни соғинсам, Қарши шаҳридаги ва Тошкентдаги Хотира майдонларига бораман. Хотира варақларида номларини ўқиб, жигаргўшаларимни қайта кўргандай бўламан, номлари унутилмаганидан, халқимиз хотирасида яшаётганидан кўзларимга ёш келади. Юртимизнинг ўз фарзандларига ҳурмат-эҳтироми рамзига айланган бу маскан ҳамиша эъзозланишига ишонаман.
Хотира майдонидаги марказий хиёбон ва айвонлар орқали ўтадиган йўлаклар унинг тўридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига бориб туташади. Бошқача айтганда, бу ерда айвонлар, устунлар, хотира китоблари, доим ёниб турадиган олов, муштипар она ҳайкали ўзаро уйғунлашиб, Хотира майдонининг яхлит қиёфасини намоён этади.
Шу ўринда хўш, майдон марказига юзига ғамгинлик соя ташлаган, маъюс, пешонасини ажинлар босган “Мотамсаро она” ҳайкали нима учун ўрнатилган, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг бир неча сабаблари бор. Табиийки, ҳар қандай уруш ва қирғинбарот курашлар, аввало, оналар, аёллар қалбини доғлайди. Уларни ака-укалари, умр йўлдошлари, фарзандлари, энг яқин жигарларидан айиради. ўамга ботиради. Бошқача айтганда, шоир Қайсин Қулиев ёзганидек, “Ҳар бир одамга отилган ўқ, аввало, она юрагини тешиб ўтади”.
Майдондаги ҳайкал қиёфасида ҳам юртимиздан урушга бориб, халқимизнинг эрки ва озодлиги, бахту саодати учун ҳаётини қурбон қилган ватандошларимизни интизор кутаётган она тимсоли намоён бўлади. Ҳайкал пойидаги мангу олов оналарнинг оила ўчоғини, юртимизда ҳаётнинг бардавомлигини асраб қолганлигининг рамзи ҳисобланади. Қолаверса, Иккинчи жаҳон уруши халқимиз, юртимиз учун жанг майдонларидагина кечмади. Фронт ортини мустаҳкамлаш, жангчиларни озиқ-овқат билан таъминлаш, жанг майдонларидан кўчириб келтирилган миллионлаб оилалар, етим-есир болаларни боқиш, тарбиялаш каби оғир ишлар ҳам аёллар, оналар елкасига тушди. Уруш оналарни, аёлларни ана шундай оғир синовлардан ўтказди. Улар бундай қийинчиликларга сабот билан бардош берди. Шунинг учун майдондаги ҳайкал тимсолида нафақат муштипар она, балки она Ватан, она Ўзбекистон рамзи ифодасини топган.
— Хиёбондаги ҳайкал қиёфасига монанд оналарни ҳаётда кўп кўрганмиз. Жигаргўшаларини жанггоҳларга кузатиб, узоқ йиллар уларнинг йўлига кўз тиккан, жудолик аламларини юраги тубида асраган бу муштипар оналар қаҳрамонлик тимсоли ҳисобланади. Мотамсаро онанинг маҳзун қиёфаси ҳар биримизни бугунги ёруғ ва доруламон кунларимизнинг қадрига етиб яшашга даъват этади, — дейди андижонлик меҳнат фахрийси Сардор Шамсуддинов.
Мамлакатимиз маркази — Тошкентда барпо этилган Хотира майдони 1999 йилнинг 9 майида тантанали равишда очилди. Унинг очилишида иштирок этган ва нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди. Майдон, унинг атрофидаги айвонлар, гўзал қилиб ишланган устунлар, хотира китоблари, “Мотамсаро она” ҳайкали, бу ердаги экотизим, гуллар, дарахтлар — барча-барчаси халқимизнинг миллий руҳига монанд қилиб яратилганини, ушбу майдон келгуси авлодлар учун ҳам муқаддас даргоҳ бўлиб қолишини таъкидлади.
Майдонга хотира номининг берилиши бежиз эмас. Зеро, хотира қон-қонимизга сингиб кетган улуғ туйғу ҳисобланади. Ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини ёд этиш халқимиз учун асрлар давомида эзгу одат, анъана бўлиб келган. Тарихий хотира — ҳаёт мазмунини, авлодлар ўртасидаги ворислик туйғусини англатади. Ҳар бир авлодни узоқ-яқин ўтмишда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан бугунги кун учун зарур сабоқ ва хулосалар чиқариб яшашга ундайди. Бундан ташқари, хотира туйғусининг яна бир асл маъноси бугунги тинч ва осуда, эркин ҳаётга осонликча эришмаганимизни, бу ёруғ кунлар осмондан тушмаганини, у оғир машаққатлар эвазига қўлга киритилганлигини англатиб туради. Бу майдон барча авлод вакиллари, жумладан, бугунги ёшлар қалбида ҳам ота-боболаримиз, аждодларимизнинг эл-юрт учун фидойилигига, матонатига юксак эҳтиром уйғотади.
— Дунёнинг кўп шаҳарларида бўлганман, ҳар хил номлар билан аталган майдонлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари, ғаройиб боғларни кўрганман. Лекин хотира номи билан аталган майдон ҳам, хотира куни ҳам фақатгина Ўзбекистонда мавжуд, холос. Шундай бўлиши ҳам табиий. Негаки, бу юртнинг нафақат ўтмиши, бой тарихий мероси, балки аждодлар номлари ҳам ниҳоятда эъзозланади. Шу сабабли бу ўлкада хотира — шунчаки туйғу эмас, инсонга эҳтиромнинг олий даражаси ифодаси, деб қаралади. Тошкентдаги Хотира майдони тарих давомида не-не бало-қазоларни, қирғин-қатағонларни бошидан кечирган, айни пайтда ўз эркинлиги, инсоний ҳақ-ҳуқуқларини қўлга киритган халқнинг матонатига қўйилган ҳайкалдир. Зеро, ўтмишини унутмаган халқнинг келажаги ҳам порлоқ бўлади, — дейди АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Вашингтон университети доктори Ильза Сиртаутас.
Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар номини ёдлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида Хотира майдонлари, хиёбонлари, ёдгорликлари барпо этилиши баробарида Президентимиз яна бир хайрли ишга қўл урди. Юртимизда 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонлаш белгиланди.
Маълумки, бу сана аввал фашизм устидан қозонилган ғалаба куни тарзида байрам қилинарди. Хўш, ушбу сананинг “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида белгиланишининг сабаби нимада? Ҳаёт фалсафаси шундан иборатки, аввало, ҳар қандай уруш қурбонларсиз бўлмайди. Кўплаб инсонлар қурбон берилган урушда эса ғолиб ва мағлубликнинг чегарасига путур етади. Фашизмга қарши кураш кўплаб инсонлар ҳаёти бой берилган қаттол урушга айланди. Айни пайтда, бундай урушдан кейин ғалаба нашидасидан кўра, уни қўлга киритишда жонини фидо қилганлар хотираси кўпроқ эсланади, ғолибликка ҳисса қўшганларнинг қадр-қиммати юксакроқ туради.
Бошқача айтганда, инсон хотираси ва қадр-қиммати ғалабадан кўра улуғворроқ маъно касб этади. Шунинг учун Президентимиз бу кунни “Хотира ва қадрлаш куни” деб белгилаганда халқимизнинг аждодлар қадрини, авлодлар ғурурини юксалтиришдек орзу-армонларини рўёбга чиқарди. Қолаверса, хотира ва қадрлаш деганда бугун биз яшаётган ёруғ ҳаётни асраб қолиб, Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойи зотларни эслаш, улар хотирасини абадийлаштириш билан бирга ҳозирда ҳаёт бўлган уруш қатнашчиларини қадрлаш, асраб-авайлаш, оғирини енгил қилиш каби халқимизга хос улуғ қадриятлар ҳам англашилади. Шу сабабли мамлакатимизда 1999 йилдан бошлаб 9 май “Инсон азиз, хотираси ундан ҳам азиз” деган ғоя асосида “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу ғоянинг умрбоқий эканлигини ҳаёт ҳали кўп бор исботлайди.
Хотира майдони...
Бу майдон жанггоҳларда фарзандларидан айрилган она Ватанимизнинг, аждодларимиз босиб ўтган мураккаб ҳаёт ва кураш йўлларининг, яқин ўтмиш тарихимизнинг тимсоли. Тарих сабоқларидан бугунги авлодларнинг чиқарган хулосаси. Бу майдон эл-юртимизнинг эрки ва озодлиги, келажак авлодларнинг бахт-саодати учун ҳаётини қурбон қилган ватандошларимизнинг мангулик рамзи. Бу майдонда туну кун сокинлик ҳукмрон. Сокинлик бағрида хотиралар уйғонади. Хотиралар эса, шоир айтганидек, Ватан қиёфасига айланган аждодларимизни улуғлашга хизмат қилаверади:
Сиздек фарзандларга шарафдир пеша,
Сизга мангуликнинг хуш таронаси.
Сиздек ўғлонларни ёдлар ҳамиша
Мунис Ўзбекистон — мардлар онаси.

Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг ҳар бир региони ва вилоятига ташрифи ва амалий кўрсатмалари ўша жойларда иқтисодий, и...
01 янв 1970
Бу даргоҳда ҳамма нарса юксак интизом, уюшқоқлик, ҳозиржавоблик, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишнинг юрак-юракдан ҳис этилган шарафли масъулиятид...
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам т...
01 янв 1970
Барчамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 25 йил тўлади....