Кексалари эъзоз топган юртнинг келажаги ҳам обод бўлади

/
Ўзининг табаррук 91 ёшида саҳар туриб сигир соғишни ёки томорқасидаги сабзавотга ишлов беришни хуш кўрадиган Майрам момо ҳақида эшитганмисиз? Невара келинлари “Бу ишингиз билан бизни уятга қўясиз-ку” дейишганида, “Асло ташвиш тортманг, ахир менинг шу ёшга киришим сигир соғишни, кетмон ушлашни ор билмаганимдан”, деб кулиб-кулиб жавоб қайтаради момо.
Ўхшатмасдан учратмас деганларидек, момонинг умр йўлдоши Абдулла бобо Қосимов ҳам 97 ёш бўлса-да, мактабга мураббийлик дарсини ўташ, қишлоқ болаларини ҳаёт ҳикматларидан баҳраманд этиш учун қадам ранжида қилади. Кенжа ўғил, олий маълумотли педагог Тоҳир Қосимов бу тетикликнинг сабабини нуроний отаси ва аяжони одамлар орасида яшашга ўрганиб қолгани, эл-улуснинг шодлиги-қувончидан қувват олиб келишаётганида, деб бот-бот таъкидлайди.
Оппоқ соқоли нуроний чеҳрасига ярашиб тушган Абдулла бобо Қосимов Иккинчи жаҳон урушининг қаттол синовларини бошдан кечирган марду майдон инсонлардан. Унинг умр саҳифаларини варақласангиз, ҳар бир инсон, албатта, уқиб олиши шарт бўлган бебаҳо ҳикматлар китобига дуч келгандек бўласиз. Ва, бу ҳикмат замирида осуда осмон остидаги дориломон кунларга, тинчлик, хотиржамликка, озодлик ва ободликка, фарзандларнинг бахту иқболи, ёруғ келажагига нисбатан шукроналик борлигига такрор-такрор ишонч ҳосил қиласиз.
Ҳа, оқдарёлик уруш ва меҳнат фахрийси Абдулла бобо Қосимов озод ва обод Ватанимиздаги беқиёс ўзгаришларни бутун вужуди билан ҳис этиб, ҳар қадамда фаровон турмушга шукроналар айтиб яшаётган инсонлардан. Унинг илму одоби, меҳнату садоқати билан эл назарига тушган ўн бир нафар фарзанди, бир юз эллик нафар невара-эваралари ва кўпларга ибрат бўлгулик умр хотиралари борки, шундай толе эгаси эканлигидан ўзини бахтиёр сезади.
— Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, — деб ҳаёт хотираларини варақлашга тушади отахон. — Далада ота-онамнинг ташвишини енгиллатиш учун ўн тўрт ёшимда товонимга кесак ботиб югурганларим, чигит экканим, ғўза парваришлаганим ҳануз ёдимда. Ўшанда меҳнат билан топиладиган ноннинг қадрини илк бора тушуниб етганман.
Иккинчи жаҳон урушида дунё халқларини фашизм вабосидан халос этиш баробарида ўз юртининг озодлигини сақлаб қолиш учун минг-минглаб ўзбек ўғлонлари ҳам қўлга қурол олиб фронтга отланишган эди. Улар қаторида Абдулла Қосимов ҳам оловли йўллардан юриб, душманни қувиб Руминиягача борди. Урушда оғир ярадор бўлиб, не-не азоб-уқубатларни бошдан кечирганида ҳам ўз юртининг, яқинларининг меҳру соғинчи билан яшади. Шу меҳр-соғинч туфайли жанггоҳларда омон қолган умрини халқ хизматига бағишлашни ихтиёр этди.
Ҳа, Абдулла Қосимовнинг бутун умри юртдошлари учун чинакам ибрат мактаби. Урушдан сўнг у узоқ йиллар Оқдарё туманида халқ таълими соҳасида самарали фаолият юритди. Сўнгра тақдир тақозоси билан жамоа хўжалигини бошқариб ғалла, пахта етиштириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида баракали меҳнат қилди.
Тақдирни қаранг-ки, ҳаёт унга Майрам опадек аҳдида қатъий, вафодор умр йўлдошини раво кўрди. Урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида жамоа хўжалигини оёққа қўйиш учун икковлашиб туну кун меҳнат қилишди. Майрам опа қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги изланишлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвонига сазовор бўлди. Энди Абдулла аканинг кўксидаги қўша-қўша жанговор орден, медаллари, Майрам опанинг меҳнатдан топган унвони наинки оила аъзолари, балки қишлоқдошлари, дўст-биродарлари учун ҳам фахру ифтихор, ҳавас ва ҳурматни англатиб турибди.
Оқдарё туманининг Навоий маҳалласида истиқомат қиладиган кексаю ёш бу икки фидойи қалб соҳибларини юлдузи юлдузига тўғри келиб, қўша қариш бахтига мушарраф бўлган инсонлар, деб билишади. Қаранг-ки, Майрам опа 91 ёшни қарши олаётган бўлса-да, ўз қўли билан сигир соғишни, томорқасидаги экинларга ишлов беришни хуш кўради. Бу одати билан невараларига, келинларига меҳнатнинг нони ширин эканлигини уқтирмоқчи бўлади.
Абдулла бобо ҳам маҳалла ёшларидан панду насиҳатини, турмуш ўгитларини аямайди. Уларни ҳаётда қатъий мақсад, эътиқод билан яшашга, дориломон кунларнинг қадрига етишга ундайди.
— Меҳру оқибат, кексаларга иззат-эътибор инсонпарвар жамиятимизнинг энг катта ютуғи деб биламан, — дейди Абдулла бобо. — Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони мени беҳад тўлқинлантириб юборди. Фармонни ўқиб давлатимиз раҳбарининг тинчликсевар, халқпарвар сиёсатини, жамият учун хизмат қилган кишиларга нисбатан чуқур ғамхўрлигини яна бир карра ҳис этдим. Кексалари эъзоз топган юртнинг келажаги ҳам обод бўлади деганларидек, биз, нуронийлар жамият учун, шу жамиятда таркиб топаётган эзгу амалларни мустаҳкамлаш, ёшлар қалбига сингдириш учун ўз бурчимизни ўтамоғимиз лозим. Инсон тарбияси йўлида ишончга лойиқлик — энг катта бахт!
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири
Jessalyn 17:23, 03 февраля 2017
I'm quite pleased with the inoafmrtion in this one. TY!
Matei 10:16, 05 февраля 2017
A minute saved is a minute eadrne, and this saved hours!

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши оила иқтисоди учун муҳим саналади. 
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....
01 янв 1970
Раҳима Бухоро шаҳрига ишга жойлашиш мақсадида қишлоғидан келган эди.
01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...