Ўзбекистонлик ёш олимлар дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга

/
Мутахассислар таъкидлашича, ҳаракатларимиз, аъзолар фаолияти, моддалар алмашинуви, фикрлашимиз, сезгиларимиз, ҳиссиётларимиз, хоҳиш-иродамиз — барчаси бош мия фаолиятига боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, асаб тизими инсон танасидаги барча органларни мувофиқлаштирувчи тизим бўлиб, бутун дунё олимлари ҳанузгача унинг таркибий қисмлари ва ўзига хос хусусиятлари бўйича бир тўхтамга келиша олмаган. Айни пайтда асаб тизими касалликларини аниқлаш ва даволашнинг янгидан-янги услублари ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг жорий қилинаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Шу ўринда мамлакатимизда инсоннинг марказий ва переферик асаб тизими касалликлари бўйича тўғри ташхис қўйиш ва даволашда ўзига хос “маҳорат мактаби”ни ярата олган муассасалардан бири – Республика нейрохирургия илмий маркази фаолияти хусусида тўхталиб ўтсак.
Кейинги йилларда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўла жиҳозланган марказнинг малакали мутахассислари томонидан нейрохирургиядаги энг оғир масалалардан бири — бош ва орқа мия патологиясини жарроҳлик йўли билан даволашнинг янги услублари ўзлаштирилди, травматик бош мия гемотомалари, калла суягининг ботиб синишлари, бош миянинг паразитар касалликлари, юзаки ҳамда чуқур жойлашган бош мия ўсмаларини олиб ташлаш, шунингдек, умуртқалараро диск чурраларини кам жароҳатли усуллар билан олиш, умуртқа таналарига махсус кейжлар ўрнатиш, умуртқа синишларида транспедикуляр фиксация йўли билан маҳкамлаш операциялари ҳам кундалик амалиётга айланиб улгурган. Хусусан, кейинги 10 йил ичида Ўзбекистон нейрохирурглари томонидан 50 га яқин оригинал даволаш усуллари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган.
Бош мия саратон ўсмаларини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш операциясида қўлланилаётган ретрактор мосламаси ҳам ана шундай изланишларнинг натижасидир.
— Нейрохирургик ретрактор мосламаси ривожланган мамлакатларда кенг қўлланиб келинаётган ускуна ҳисобланиб, аввало, бош мия чуқур ўсмаларини олиб ташлаш операциясида инсон омили камайишига хизмат қилади, — дейди марказнинг катта илмий ходими, бош мия асоси бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Улуғбек Асадуллаев. — Яъни, бош мия ўсимтасини олиб ташлаш жараёнида нейрохирург беморнинг чаноғидаги бошқа қисмларга зиён етказмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Ретракторнинг функционал вазифаси шундан иборатки, у бош мия чаноғини нейрохирург учун қулай баландлик ёки текисликда, бир сўз билан айтганда, бир маромда ушлаб туради. Авваллари операция вақтида бош мия чаноғини жарроҳ ёрдамчиси икки қўли ёрдамида ушлаб турарди. Операция узоқ вақтга чўзилганда истайсизми-йўқми, инсон қўли чаноқни бир маромда ушлаб тура олмайди. Оз бўлса-да, жарроҳ ёрдамчисининг қимирлагани оқибатида миянинг ҳаёт учун зарур бўлган марказлари жароҳатланиши беморда амалиётдан кейинги ҳолат ҳар хил асоратлар билан кечишига сабаб бўлади. Шу боис бир гуруҳ нейрохирургларимиз “Magnum Мedikal Servis” МЧЖ технологлари билан ҳамкорликда нейрохирургик ретракторни ўзимизда ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдик. Яна бир муҳим жиҳати, бу мосламанинг нархи жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида 7-10 минг АҚШ долларини ташкил қилса, ўзимизда ишлаб чиқарилганида унинг таннархи 200-300 АҚШ долларига тўғри келаяпти. Асосийси, бир неча йил ичида биз ретрактор ёрдамида кўплаб операцияларни ўтказдик. Яқин кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида шу ва шу каби инновацион мосламаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ниятидамиз.
Кези келганда таъкидлаш лозим, бир гуруҳ ўзбекистонлик нейрохирурглар АҚШ, Германия, Австрия, Швейцария, Япония, Малайзия ва бошқа хорижий давлатларда ўтказилган халқаро конференцияларда нейрохирургиянинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалари билан муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда. Бундан ташқари, ёш ва иқтидорли соҳа мутахассислари ривожланган мамлакатларнинг нуфузли тиббий муассасаларида билим ва малакаларини оширишга муваффақ бўлмоқда. Суҳбатдошимиз — Ўзбекистон, Осиё ҳамда Бутунжаҳон нейрохирурглари уюшмаси аъзоси Улуғбек Асадуллаев ҳам ана шундай имкониятдан баҳраманд бўлган мутахассислардан бири.
— 2013 йилда биз, 2 нафар мутахассис АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Пресбетериан шифохонасида машҳур нейрохирург Теодор Шварцнинг қўл остида билим ва малакамизни оширдик, — дея давом этади суҳбатдошимиз. — Малакавий имтиҳонларни муваффақиятли топширгач, махсус сертификатга эга бўлдик. Бугунги кунда “Болаларда мия саратони касаллигини эрта аниқлаш ва даволаш” мавзусига бағишланган илмий тадқиқот устида иш олиб бормоқдамиз. Илмий ишимда болаларнинг бош мия органини ҳар йили камида 1 марта МРТ ёки КТ ёки МСКТ текширувларидан ўтказиб туриш амалиётини тарғиб қилиш ғояси илгари сурилган. Бу ғоя нафақат бизнинг юртимизда, балки дунёнинг исталган давлатида амалиётга татбиқ этилса, болалар ўлими камайишига хизмат қилади. Шунинг учун аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифатини оширишга, умуман, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадини илгари сураётган Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлдим. Мендан ташқари, марказимизнинг яна 11 нафар ходими партия аъзоси бўлишди. Яқин истиқболда партиянинг жонкуяр фаоллари ёрдамида жойларда, маҳаллаларда, тиббиёт муассасаларида болалар ўртасида саратон касаллигини эрта аниқлашни тарғиб қилишга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарларни ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Шу пайтга қадар олиб борган инновацион лойиҳалари асосида Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 5 та патентга эга бўлган катта илмий ходим Улуғбек Асадуллаев касалликни эрта аниқлаш, нохуш асоратларининг олдини олишга қаратилган изланишларида илгари сурилган ғояни ўтган йили Италиянинг Рим шаҳрида Бутунжаҳон нейрохирурглари уюшмаси йиғилиши доирасида бўлиб ўтган халқаро конференцияда ҳам баён этди. Бу фикр хорижлик ҳамкасбларга ҳам маъқул келиб, тадбир якунида ҳамюрт олимимиз маърузаси алоҳида эътироф этилди.
Чиндан ҳам, кўпчилигимиз қайта-қайта таъкидлашга одатланганимиздек, касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал. Замонавий юқори технологиялар ривожланаётган бугунги кунда эса касалликни эрта аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби хайрли ва муҳим вазифаларни амалга оширишда, илмий-амалий натижаларни қўлга киритишда эса Улуғбек Асадуллаев сингари ўзбекистонлик олимларнинг ҳам ҳиссаси борлиги бизни қувонтиради.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. ...
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Байрам муносабати билан халқлар, давлатлар ўртасида урушларга, одамлар орасида низоларга барҳам берилган....
01 янв 1970
Ҳуқуқий тарбия — демократик жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим омилларидан бири саналади. ...