Адҳамжон Ҳасанов: “680 йилликка 680 минг қадам”

/
Халқимиз ҳаётида турфа байрамлар, тўй-томошалар, анжуманлар, аждодларимизнинг умр йўллари билан боғлиқ шонли саналар кўп. Бу байрамлар юртимизда шунчаки ўтказилмайди, балки миллатимизга хос гўзал урф-одатлар, анъаналарни намоён қилган ҳолда катта тайёргарликлар кўрилиб, муносиб совға-саломлар ҳозирланиб, аждодларимизнинг бой мероси эъзозланган ҳолда нишонланади.
Айни кунларда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган йиғинлар, давра суҳбатлари, учрашувлар, илмий анжуманларда ҳам ана шундай руҳ етакчилик қилмоқда. Юртимизнинг бир гуруҳ меҳнат фахрийлари бу шонли санага бағишлаб ажойиб сафар уюштирдилар. Улар Соҳибқирон таваллуд топган Хожа Илғор қишлоғидан Тошкентгача бўлган йўлни пиёда босиб ўтишди.
Ана шу яёв кечган сафарда партиямиз фаоли, 67 ёшлик Адҳамжон ака Ҳасанов ҳам иштирок этди.
Мухбиримизнинг у билан суҳбати сафар таассуротлари ҳақида бўлди.
— “Кичик марафон” деб атаганимиз бу пиёда сафарга республикамизнинг турли жойларидан 6 нафар меҳнат фахрийси — Абдулҳофиз Хуррамов, Абдужаббор Холбоев, Мавлонжон Хўжаев, Ахтамжон Исматуллаев, Қобилҳожи Умаров ва мен тўпландик. Ёшларимиз 60-70 ёшлар орасида бўлганлиги сабабли жиддий тиббий кўрикдан ўтдик. Пиёда сафаримиз учун “Буюк давлат арбоби, улуғ саркарда, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига 680 минг қадам”, деган ғояни шиор қилиб танладик. Бундай жиддий сафардан мақсад, биринчидан, Соҳибқирон Амир Темур босиб ўтган йўллардан юриш, улуғ саркарданинг ҳаётига боғлиқ бўлган жойлар билан танишиш, унинг бунёдкорлик фаолиятига алоқадор масканларни, тарихий иморатлар, иншоотларни кўриш эди. Иккинчидан, юртимизда бугунги кунда амалга оширилаётган улуғвор ишлар билан, халқимизнинг фидойилиги, меҳнатсеварлиги эвазига янада обод бўлаётган гўзал қишлоқлар, овуллар, туманлар, шаҳарлар билан яқиндан танишиш эди. Айтиш мумкинки, бу эзгу мақсадларимиз тўла амалга ошди.
Пиёда сафаримизни 25 мартда Хожа Илғор қишлоғидан бошладик, кейин Шаҳрисабз шаҳри, Мингчинор қишлоғи, Китоб тумани йўллари, қадимий Тахта Қорача девони, Ургут, Тайлоқ туманларидаги боғлар, Самарқанд шаҳри, Жомбой, Булунғур, ўаллаорол, Жиззах туманлари йўллари, Сирдарё, Бахт шаҳарлари, Чиноз, Янгийўл туманларидаги қишлоқлар, обод йўллари орқали ўтиб, 7 апрелда Тошкент шаҳрига етиб келдик. 13 кун давомида 450 километрдан ошиқ масофани яёв босиб ўтдик. Маълумки, Амир Темур бобомизнинг ҳам мана шу йўлларда излари қолган. Маълумки, Соҳибқирон Хожа Илғор қишлоғида таваллуд топган, Шаҳрисабзда ниҳоятда улуғвор қурилишлар қилган, Мингчинорда ҳаёт йўллари кечган, Ҳисор, Зарафшон тоғ тизмаларида лашкарлари билан ҳарбий машқлар ўтказган, Самарқандни мамлакат пойтахти қилиб танлагани, уни обод, гўзал шаҳарга айлантиргани, атрофларида ўнлаб боғлар, дам олиш масканлари барпо эттиргани тарихдан маълум. Жиззах тоғлари, Мирзачўл бағрида карвонсаройлар, сардобалар қурдирган. Сирдарё соҳилларида Шоҳрухияни бунёд қилдириб, уни кечув ва порт шаҳрига айлантирган. Чиноз ва унинг атрофларида юрт озодлиги учун Лой жанги кечганлиги тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган. Тошкентда жуда кўп мадрасалар, мақбаралар, хонақолар, ёдгорликлар тиклатганини халқимиз яхши билади. Сафаримиз давомида биз ана шу жойларни бориб кўрдик. Гўё Соҳибқирон руҳи билан диллашгандек бўлдик.
Шу билан бирга, бу жойларда бугунги кунда катта бунёдкорлик, яратувчилик ишлари олиб борилаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Айниқса, Шаҳрисабз ва Самарқандда, Жиззах ва Тошкентда ҳам тарихий масканларни обод қилиш, қайта қуриш, ҳам замонавий, миллий шаҳарсозлик намуналарини бунёд этиш борасида ҳайратомуз ишлар қилинмоқда. Сафаримиз давомида халқимиз ниҳоятда меҳнаткаш, меҳмондўст эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Жойларда учрашувлар ўтказиш билан бирга кўкаламзорлаштириш, боғ яратиш ишларида қатнашдик. Боғларга, йўллар, мактаблар, болалар боғчалари атрофларига турли кўчатлар ўтқаздик. Қанча меҳнатсевар, фидойи инсонлар билан танишдик. Сафар қалбимизда бир олам қувончли туйғулар уйғотди.
Сафаримиз Тошкентда 9 апрелда Амир Темур бобомиз ҳайкали пойига гул қўйиш ва бу ерда ташкил этилган анжуманда иштирок этиш билан якунига етди. Биз, меҳнат фахрийлари бундай сафарларни келгусида ҳам амалга ошириш ниятини билдирдик.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакили сифатида аввал ҳам бундай сафарларда иштирок этганман. 2014 йилда велосипедда Қозоғистон, Россия, Белорус мамлакатларини кезиб чиққанман. Партиямизнинг мақсади, олиб бораётган ишлари билан одамларни таништирганман. Бу галги сафаримиз давомида ҳам партиямизнинг адолат ҳимоячиси эканлигини тарғиб қилдим. Мени ана шу сафарим давомида қўллаб-қувватлаб турганлиги учун партиядошларимизга миннатдорлик билдираман.
М.КАМОЛОВ ёзиб олди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ислом Каримовни айрим сиёсатшунослар авторитар усул тарафдори қаторидаги раҳбарлар тоифасига киритишарди....
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади... 
01 янв 1970
“Ўғлимни яхши кўраман, шунинг учун машина олиб бермайман!”