Ҳуқуқий онг юксалса, жамият тараққиётига йўл очилади

/
Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ. Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини англаш, ушбу жараёнда иштирок этиш фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юқори бўлишини тақозо этмоқда.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқ ва бурчларини ҳамда масъулиятини пухта билиши, буни ҳаётий эҳтиёж сифатида англамоғи лозим. Фуқароларимизнинг дунёқараши, тафаккури мамлакат ҳаётига, янгиланишларга мос равишда ўзгариб бориши ҳуқуқий маданият тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. Аён бўлмоқдаки, одамларимизнинг ҳуқуқий маданияти давлат ва жамият тараққиётининг бугунги талабларига тўла жавоб беради, деб бўлмайди.
Президентимиз томонидан жорий йилда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон мазкур йўналишда олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берган муҳим ҳужжат бўлди.
Фармонда мазкур йўналишдаги мавжуд камчиликлар бирма-бир кўрсатиб берилгани унинг аҳамиятли жиҳати саналади. Ҳужжатда қайд этилганидек, бугунги кунда аҳолида қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс ёндашилаяпти, деб айта олмаймиз. Шахсий манфаатлар ва жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишлари етарли эмаслиги — қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир этмоқда. Сўнгги вақтларда республикамизнинг турли ҳудудларида баъзан мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари камситилишига оид ҳолатлар ҳақида глобал ахборот тармоғида мақолалар берилаётганлиги кузатилади. Бу салбий ҳолатларнинг асл сабаби фуқароларда ҳуқуқий билим етишмаслигига бориб тақалади.
Бундан ташқари, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ёшлар қатлами билан олиб борилаётган ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар ҳам тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Бу масала узоқ йиллар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки етарлича таъминланмаган. Очиғини айтганда, тарғибот тадбирларида кўпинча самарасиз семинар, давра суҳбатлари ва шу каби учрашувларни ташкил этиш билан чекланиб қолинмоқда, тарғибот жараёнида инновацион усуллардан етарлича фойдаланилмаётгани аён бўлмоқда. Бу эса жамиятимиз тараққиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Яъни қонунларнинг ижроси бир хилда таъминланмаяпти, ислоҳотлар бўйича қабул қилинган ҳужжатлар ҳам ўзининг етарли самарасини бермаяпти.
Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмаяпти.
Шулардан келиб чиқиб, фармонда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқий маданият кишиларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган ҳурмати, ҳуқуқий нормаларни ижро этиши, ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаси, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик, қонунларга итоаткорлик, ҳуқуқий фаоллик ҳамда ташаббускорлигини англатади. Жамият аъзоларининг юксак ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти жамиятимиз тараққиётини таъминлайди.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг тўлиқ ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив ҳужжатларга нисбатан ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эга.
Айни шу мезонлардан келиб чиқиб, фармонда фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш бирламчи вазифалардан эканлиги таъкидланади.
Шу билан бирга, бу борада таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилмоқда. Бунда, айниқса, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш бўйича ўзига хос тизим яратилади.
Ҳақиқатдан ҳам, ёш авлод онгида нима яхши, нима ёмон, нима мумкину нима мумкин эмаслигини, ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини одоб-ахлоқ нормалари асосида тушунтириб бориш ҳамда Бош қомусимиздаги энг муҳим тамойилларни содда тилда болалигидан ўргатиб бориш келажакда ўз самарасини беради.
Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли жуда муҳим. Шу боис миллий медиа маконда ҳуқуқий мавзулардаги рукнларга эътиборни янада кучайтириш, аҳоли ўртасида кўпроқ кўтарилаётган муаммоларни даврий нашрлар саҳифаларида, телевидение ва радио эшиттиришларида тушунтириб бориш зарур.
Фармон билан ушбу йўналишда оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтиришга доир вазифаларнинг белгиланиши айни муддаодир.
Эътибор қаратадиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий адолатни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш тамойиллари асосий ўринга қўйилган. Бунга мисол сифатида Америка Қўшма Штатларида халқни бирлаштирувчи ва ҳаракатга келтирувчи куч сифатида “Америка орзуси” ғояси асосий ўринда турса, “Олға, Сингапур!” шиори Сингапур мўъжизаси ислоҳотлари орқали ҳаётга татбиқ этилган. Францияда барча нарса инсон ва унинг манфаатлари учун, эркинлик, тенглик ва биродарлик ғоялари асосида давлат инсонларга чексиз ҳуқуқ ва эркинликларни яратиб берган ва уларни мамлакат манфаатлари йўлида бирлаштирган. Хитойда эса маънавий тарбия тизими она ватанга хизмат қилиш ва содиқ бўлиш ғояси асосида ташкил этилган. Шунингдек, Буюк Британия, Япония, Эрон, Германия, Туркия давлатларида илгари сурилган ўзига хос ғоявий йўналишлар уларнинг тараққиётида муҳим ўринга эга бўлиб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади.
“Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бунда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади. Дарҳақиқат, ҳуқуқ асосларини, Конституция ва қонунлар мазмун-моҳиятини, янги қонуний ҳужжатлар, ҳуқуқий меъёрларни кишиларнинг, биринчи навбатда, ёшларнинг онги, қалбига сингдиришда ҳеч бир нарса ўз аҳамиятига кўра ҳуқуқий таълим-тарбияга тенглаша олмайди.
Жумладан, биз жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, фақат эркин, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган фуқаро ўз ҳуқуқларидан тўлалигича фойдалана олади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, ёшларнинг ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишларини ошириш, уларни ҳуқуқий саводхонлик жиҳатдан етук, баркамол авлод қилиб тарбиялаш мақсадида ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танлови, ҳар ҳафтанинг сешанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган сиёсий ўқувлар ҳамда бошқа ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мазкур фармон ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиз. Бугунги кунда қонунларимизни оддий халқ тушунадиган даражада содда тилда ишлаб чиқиш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Қонун лойиҳаларини ўзбек тилида тайёрлаб, кейинчалик рус тилига ўгириш мақсадга мувофиқдир. Амалиётда эса бир қатор қонун лойиҳалари рус тилида тайёрланиб, сўнгра ўзбек тилига ўгирилиши оқибатида ундаги айрим жумлалар ғализ ва тушунарсиз бўлиб қолмоқда.
Қолаверса, қонун ҳужжатларини аҳолига етказадиган веб-сайтлар номи ҳам ўзбек тилида, қисқа жумлада ифодаланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан, ҳозир амалдаги Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали — www.regulation.gov.uz номи балки мутахассислар учун, зиёлилар учун тушунарлидир, аммо оддий фуқаролар учун эсда қоларли, дейиш қийин. Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ўзбек тилида сўзлашишини инобатга олган ҳолда бу каби оммавий интерактив порталлар ўзбекча номланса, улар барчага тушунарли бўлади, деган фикрдамиз.
Шу жумладан, Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”га биноан ишлаб чиқилиши белгиланган аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган ҳуқуқий ахборот тизими номини (Аdvice.uz) ҳам ўзбек тилида номлаш айни муддао бўлар эди. Бу борада Mening fikrim — Жамоавий мурожаатлар портали (www.meningfikrim.uz) номи аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар орасида кенг оммалашгани мисол бўла олади. Шундай экан, ўзбек тилидаги веб-сайтлар номининг инглизча бўлишига асло ҳожат йўқ. Бошқача айтганда, ушбу сайтларда ҳуқуқий мавзуда берилган ахборот, тушунтиришларни кўпчиликнинг ўқиши маълум даражада ана шу омил билан ҳам боғлиқдир.
Хулоса қилиб айтганда, фармонда белгилаб берилган жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги муҳим йўналиш ва вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш биз, партия ходимларидан масъулият ва фидойиликни талаб этади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гаровидир”.
Фарҳод ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига ўтказилади...
01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда....
01 янв 1970
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намо...