“Ёш адолатчилар” парламентда

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари парламент фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига ташриф буюрдилар.
Тадбирдан кўзланган мақсад ёшларнинг сиёсий тафаккурини ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказиладиган муҳокамалар ва қонун қабул қилиш жараёнларида ҳамда сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида йигит-қизларнинг бевосита иштирокини таъминлаш, уларнинг таклифларини ўрганиш ҳамда депутатлар билан мулоқот ўрнатишга қаратилди.
Партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчилари учун дастлаб “Парламент ва ёшлар” мавзусида депутатлар билан учрашув ўтказилди.
Шунингдек, тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ёшлари эришган муваффақият ва зафарлар замирида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта ғамхўрлик, яратилган кенг имкониятлар, юксак эътибор мужассамлиги ҳамда уларда келажакка ишонч ҳисси тобора ортиб бораётганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
— Бугун Ўзбекистонда ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилиятларини рўёбга чиқариш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш масаласига давлат сиёсати даражасида кенг эътибор қаратилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши раиси Умиджон Сулаймонов. — Айниқса, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий позицияси, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, спортга жалб қилиш орқали улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар доирасида ёшларга оид давлат сиёсати алоҳида ўрин тутмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилганлиги ва 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилиниши, турли соҳа ва тармоқларда юксак натижаларга эришаётган ёшларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медаллари таъсис этилгани ҳам келажагимиз эгаларининг юксак мақсадлар сари интилишларида муносиб рағбат вазифасини ўтамоқда.
Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сургани, жорий йилда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилди ҳамда унинг тарихий аҳамияти очиб берилди.
— Парламентга қилган саёҳатимиз бизда жуда катта таассурот қолдирди, — дейди халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Турсунали Ҳамидов. — Депутатларимиз бу ерда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти, жамиятимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, унда бизнинг ўрнимиз ва бурчларимиз ҳақида батафсил тушунчалар беришди.
Қонунчилик палатасида Президентимиз ташаббуси билан тузилган Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва унинг бугунги кундаги фаолияти ҳамда қуйи палата биносида депутатларга яратилган шарт-шароитлар, мажлислар заллари, ўқув хоналари, кутубхоналар, миллий парламентимиз тарихи билан яқиндан танишиб, депутатларнинг иш жараёни ҳақида тасаввурга эга бўлдик. Ўзимизни қизиқтирган барча саволларга депутатлардан батафсил жавоб олдик.
Ўйлайманки, бу каби учрашувлар биз, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онгимиз ва маданиятимизнинг юксалишига, юртимиздаги сиёсий жараёнлардаги узвийликни чуқур англашимиз ва янги қадамларни дадил қўйишимизга замин яратади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида ҳам бўлиб, бу ердаги бўлимлар, “Ёш адолатчилар” қаноти ва “Аёллар қаноти” фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, партиянинг тарихи ва бугун сиёсий майдонда тутган ўрни, дастурий мақсад-вазифалари ҳақида янада чуқурроқ билимларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат бос...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифалар жамоатчилигимизнинг эътиборини тортмоқ...
01 янв 1970
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намо...
01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...