МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

/
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. Бу Андижон вилояти туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов ўтказган сайёр қабулларда ҳам яққол намоён бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, мулоқотнинг ўзига хос механизм ва самарали усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Одамлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Қўрғонтепа, Бўз, Асака туманлари ва Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳамда жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар билан ўтказилган сайёр қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, республика Бош прокурори ўринбосари У.Суннатов мурожаат қилувчи ҳар бир фуқаронинг ариза ва шикоятини тинглади, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар, масалага дахлдор бошқармалар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида зарур чоралар кўрилди. Саломатликни тиклаш, ер ажратиш, кредит олиш, нафақаларнинг кечикиши, инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, мурожаат қилувчи фуқаролар талаби қондирилди. Маълум вақт, атрофлича ўрганишни тақозо этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Сайёр қабулларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан фуқаролар иштирок этди.
– Уйим канал бўйида бўлгани учун захлаб кетган, деворлари нураб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. 3 нафар фарзандим бор, уйни таъмирлаш, янгидан қуришга эса имконим йўқ, – дейди Хўжаобод тумани Кўприкбоши маҳалласида яшовчи Ўғилхон Холбоева. – Уйимни таъмирлашга ёрдам кўрсатиш, уй қуриш учун ер ажратиб берилишини сўраб, мурожаат қилган эдим. Бугунги сайёр қабулда мурожаатим ўз ечимини топди. Ҳомий ташкилотлар бириктирилди, уйим таъмирлаб бериладиган бўлди. Дардимизни бизнинг олдимизга келиб эшитиш ва шу ернинг ўзида ҳал қилиш тизимини яратган Президентимиздан миннатдормиз.
– Хонадонимда қўй боқиш мақсадида имтиёзли кредит олиш бўйича қатор тўсиқларга учрадим, – дейди Пахтаобод тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи Барно Бекмирзаева. – Имтиёзли кредит ажратилишини сўраб, Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига қилган мурожаатим ижобий ечим топди. “Агробанк”нинг Пахтаобод туман бўлими томонидан имтиёзли кредит ҳисобига 7 бош қўй беришди. Энди уйда қўй боқаман. Болалар ҳам меҳнат қилиб ўсади, мен учун энг муҳим жиҳатлардан бири шу. Бўлар экан-ку! Бу йўлни ўйлаб топганларнинг отасига раҳмат!
– Мен Меҳрибонлик уйида вояга етганман, – дейди Улуғнор тумани Шаҳриобод маҳалласида яшовчи Дилафрўз Жабборова. – Шахсий уй-жойим йўқлиги учун уй олиш масаласида Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдим. Ижобий ҳал бўлди. Ҳомий ташкилотлар кўмагида уйли бўлдим. Бунинг учун оддий инсонлар ташвиши билан яшаётган, одамларга ғамхўрлик қилиб, оғирини енгил қилиш йўлида астойдил қайғураётган Президентимиздан миннатдорман.
– Келиним Гулбаҳор Жалилова қанд хасталиги билан оғриб, ногирон бўлиб қолган, – дейди Шаҳрихон тумани Бўстон маҳалласида яшовчи Шоҳиста Жалилова. – Сайёр қабулда келиним учун ногиронлар аравачаси олишимга ёрдам кўрсатилишини сўраб, мурожаат қилдим. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ногиронлар аравачаси ажратиладиган бўлди. Тўғриси, бундай тез ҳал бўлишини кутмаган эдим.
Сайёр қабулларда уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш тизими, ижтимоий муҳофаза, тиббиёт, таълим, ҳуқуқ-тартибот, банк идоралари фаолияти ва бошқа ижтимоий-иқтисодий, маиший масалалардаги 300 дан зиёд мурожаат кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Мурожаатларнинг аксарияти ўз жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага дахлдор ташкилотларга тақдим этилди.
– Халқ дарди, қувончу ташвишларига шерик бўлаётган, одамларнинг оғирини енгил қилиш йўлида ибратли ишларни амалга ошираётган Президентимиздан миннатдормиз, – дейди “Нуроний” жамғармаси Асака тумани бўлими раиси Жалолиддин Абдувалиев. – Давлатимиз раҳбарининг бундай эътибор ва ғамхўрлиги юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси эса Ўзбе...
01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намо...