Эртаси бугунгидан ҳам мунаввар бўлади

/
Ватан. Бу қутлуғ сўз замирига жо бўлган моҳиятни тўлалигича тушуниш, англаб етиш учун инсоннинг маънавий камолоти жуда юксак даражада бўлмоғи лозим. Она юртда, тинч-тотувликда отган ҳар бир тонгнинг ўзи саодат, эмин-эркинликда ўзинг хоҳлаган орзуларинг рўёбини кўришингга катта ишонч билан меҳнат қилиш эса бахт.
Обод ва озод юртда, тинч-осойишталикда, бугундан миннатдор, эртадан кўнгли тўқ яшаш ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги орзу-истаги саналади. Шукрким, истиқлол халқимизнинг ана шу орзуларига қанот берди.
Тинчлик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрига етиш, уни асраш, шу юртда яшаётган барча фуқароларнинг энг муқаддас бурчи саналади. Зеро, барча орзу-умидларимизнинг рўёби бевосита ана шу осойишталик билан боғлиқ. Шундай экан, ўзи ва Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган инсон борки, осойишталикни асраш учун курашмоғи лозим.
Бу кураш биз бугун эзгу мақсадда амалга ошираётган ва одамларимиз онгу тафаккуридаги ўзгаришларга сабаб бўлаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан ҳам бевосита боғлиқ.
Давлатимиз раҳбарининг “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Термиз шаҳрида бунёд этилган Хотира майдони бугунги кунда ана шундай азиз ва мўътабар масканлардан бирига айлангани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.
Жорий йилнинг 30 июнь куни муҳтарам Юртбошимиз вилоятимизга ташрифи чоғида мазкур Хотира майдони билан танишар экан, бу масканнинг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Юртбошимизнинг ушбу Хотира майдонини янада обод, кўркам ва файзли қилиш ҳақидаги пурмаъно фикрларини мамнунлик ҳисси, шу кунларга етишимиз учун ўз жонини фидо этган ота-боболаримиз ёдига чексиз ҳурмат туйғуси билан тингладик.
Чиндан ҳам, бугунги авлод машъум уруш йилларига, ўша даврдаги азоб-уқубатларга гувоҳ бўлган эмас. Лекин ўша воқеалардан бехабар ҳам қолмаслиги керак. Бундай табаррук масканлар боболар жасорати ҳақида гувоҳлик бериш билан бирга тинчликнинг қадрига етишга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундовчи муқаддас жой бўлиб қолмоғи шарт.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, бу майдон кундан-кунга чирой очиб, обод бўлаётган Термиз шаҳридаги улуғ бунёдкорлик ишларининг бир намунаси сифатида ҳам бениҳоя қадрли саналади.
Термиз давлат университетида ўқиганман. Ўша даврдаги Термиз билан шаҳарнинг бугунги қиёфасини қиёсласам, талабалик пайтларим ўтган Термиз шаҳри нақадар ғариб бўлганлигига амин бўламан. Ҳеч эсимдан чиқмайди, биз талабалар шаҳар айланмоқчи, бирор-бир соя-салқин жойга бориб, дам олмоқчи бўлсак, бундай сўлим масканнинг ўзи йўқ эди. Ҳар ойда бир марта бўлса ҳам буюк қомусий олим Ал Ҳаким ат-Термизий сўнгги макон тутган жойга зиёратга бориб турардик. Яйдоқ чўлнинг ўртасида жойлашган қум тепаликлар орасидаги Термиз ота мақбарасига кирар эканмиз, бир-икки дона бўйра устига ташланган эски наматдан бошқа нарсага кўзимиз тушмасди.
Бугун-чи? Бугунги Термиз унинг тамоман акси. Кенг ва равон кўчалар. Марказий йўлларнинг икки томонида қад ростлаган ёки янги барпо этилаётган замонавий кўринишдаги кўп қаватли уй-жойлар, ҳар қадамда бир-биридан муҳташам бинолар, барча шароитлар муҳайё этилган истироҳат боғлари, дам олиш масканлари ва бошқа кўплаб янги қурилган иншоотлар кўзни қувонтириб, халқимизнинг фаровон ҳаётидан дарак бериб турибди. Айниқса, сўнгги беш йил давомида Термизнинг ҳусни-жамоли буткул чирой очди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Термизнинг тунлари, кундузларидан ҳам чароғон.
Юртбошимиз ташрифи чоғида шаҳар марказида барпо этилаётган 700 ўринга мўлжалланган муҳташам санъат саройининг қурилиш ишлари билан танишиб, бу иншоотни янада мукаммал, замонавий талабларга мос бунёд этиш юзасидан берган қимматли маслаҳатлари бизни ҳам тўлқинлантириб юборди. Нега деганда, бунёд этилаётган бу иншоотлар ким учун, аввало, Сурхон заминида яшаётган воҳадошларимиз учун, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз учун хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг Термиз туманидаги “Янгиариқ пахтакори” фермер хўжалиги даласида вилоят фаоллари ва фермерлари билан бўлган учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш, мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш ҳақидаги аниқ ва муҳим таклифлари партиядошларимизнинг ҳам кўнглидаги гап бўлди. Шу ўринда долзарб аҳамиятга эга бўлган бу фикрлар ернинг ҳосилдорлигини ошириш, барча агротехник тадбирларни зарур даражада ўтказиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, уруғчилик ва селекция ишларини ривожлантиришга доир дастурий вазифаларимизга ҳамоҳанглигини таъкидлаш жоиз.
Юртбошимизнинг вилоятни, жумладан, Термиз шаҳрини янада обод масканга айлантириш юзасидан берган тавсия ва кўрсатмалари сурхондарёликларни беҳад қувонтирди. Демак, турли соҳаларда улкан марраларни забт этаётган, мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб туҳфалар тайёрлаётган Сурхон воҳасининг эртаси бугунгидан-да мунаввар ва чароғон бўлади.
Рустам ҲАМРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат бос...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифалар жамоатчилигимизнинг эътиборини тортмоқ...
01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....