ЎЗБЕКИСТОН — РОССИЯ ҲУДУДЛАРАРО ҲАМКОРЛИК ФОРУМИ

/
«Ўзэкспомарказ»да 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўз ишини бошлади.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, мамлакатларимизнинг турли соҳалар бўйича ҳамкорлиги кенгайиб, иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш имконини берди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалигида бу кўрсаткич икки баробар ўсган. Бугунги кунда мамлакатимиз савдо айланмасининг қарийб 18 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.
Форум икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудлари раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакилларининг бизнес нонуштаси билан бошланди. Унда мамлакатларимиз ҳудудларининг экспорт салоҳияти, Ўзбекистондаги янги иқтисодий зоналар истиқболлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳаси қонунчилигини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир шўъба мажлисларида давом этди. “Ўзбекистон – Россия минтақавий ҳамкорлиги: лойиҳалар ва кластерлар янги босқичи” мавзусида бўлиб ўтган сессияда Ўзбекистон саноатида кластер услубини қўллаш тажрибаси ва истиқболлари, саноат кластерлари корхоналарининг рақобатбардошлигини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Мажлисда саноат ва илмий-техникавий соҳаларга инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шароит яратиш, технопарклар ва кластерларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан Россия кластер ва технопарклари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
«Рақамли трансформация – Ўзбекистон ва Россия учун янги воқелик» мавзуидаги шўъба мажлиси икки мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Бугунги кунда мамлакатларимизнинг ахборот коммуникациялари соҳасидаги муносабатлари қатор муҳим йўналишларда олиб борилмоқда. Телекоммуникация тармоқлари ва почта алоқасини ривожлантириш, юқори технологияли саноат тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар шулар жумласидан. Хусусан, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси кўп йиллардан буён Россиянинг «Ростелеком», «ВимпелКом», «Мегафон» жамиятлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Йиғилишда рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш имкониятлари, иқтисодиётнинг турли тармоқларига замонавий космик технологияларни қўллаш, давлат бошқаруви тизимини рақамлаштириш, миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш каби масалалар юзасидан тармоқ компаниялари вакилларининг фикрлари тингланди. Иштирокчилар рақамли иқтисодиёт, АКТ мутахассислари тайёрлаш, жамоатчилик билан алоқалар бўйича кадрлар малакасини ошириш, рақамли телевидение фаолиятини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
Агросаноат комплексида кооперация ҳамкорлигини ривожлантириш мавзусида ташкил қилинган амалий семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий усуллари, халқаро меъёрлар бўйича якдил тизимни ташкил қилиш истиқболлари, экспорт бўйича транзит йўналишлари, қадоқлаш ва сертификатлаштириш амалиёти масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига дунё бозорида талаб юқори. Ушбу соҳани жадал тараққий эттириш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу каби маҳсулотлар экспортини янада оширишга мустаҳкам замин яратмоқда.
2016 йилда мамлакатларимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсиб, 398 миллион долларга етган. Сўнгги вақтларда бу кўрсаткич икки баробар ўсган. Семинарда мамлакатимизда етиштирилган, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди.
Форум давомида иштирокчилар Россия тармоқ корхоналарининг иқтисодий салоҳияти, имконияти ва амалиётга жорий қилинган лойиҳалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
– Ерни фазодан суратга олиш ва шу орқали илм-фан ривожига ҳисса қўшишга оид тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг асосини ташкил қилади, – дейди “Геоскан” компанияси директори Владислав Мисап (Россия). – Майдонлар, шаҳарларнинг 3D кўринишдаги тасвирларини олиш орқали шаҳарсозликни тўғри ташкил қилиш, кадастр ҳужжатлари, юқори аниқликдаги чизмаларни тайёрлаш мумкин. Бу замонавий архитектурада муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда қурилиш соҳасида мазкур технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Форум манфаатли келишувларга эришиш ва ўзаро қарашларимиз билан ўртоқлашиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Россиянинг “Спецтяжавтотранс”, “Логрокон”, “ITPS”, “FerMA”, “Дмтел-Сервис” каби компаниялари ҳам маҳсулот ва хизматларини Ўзбекистон истеъмол бозорига олиб кириш бўйича ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Шунингдек, Россия энергетика ва муҳандислик тармоқ компанияларининг салоҳияти намойиш этилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда жадал ривожланмоқда. Бу савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар мустаҳкамланишида, икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида ўз ифодасини топмоқда.
Энергетика секторида ҳам кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ўзаро фойдали илмий-технологик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда биринчи атом электр станцияси қурилиши билан боғлиқ жараёнларда «Росатом» давлат корпорацияси билан йўлга қўйилган ўқувлар бунга ёрқин миcолдир.
Анжуманда Россиянинг “НИПИГОРМАШ”, “GIRAFFE”, “Группа ГМС”, “Интер РАО – инжиниринг” каби етакчи энергетика ва муҳандислик тармоқ компаниялари салоҳиятли импорт шартномаларини рўёбга чиқаришга қаратилган тақдимотлар ўтказди. Корхоналар фаолияти, имкониятлари, йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Россиянинг кран ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Giraffe” заводи вакилининг таъкидлашича, корхона 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон бозорига кенг турдаги маҳсулотларни етказиб бермоқда. Мамлакатимизда бино ва иншоотлар қурилишида ушбу заводда ишлаб чиқарилган 8 тоннадан 16 тоннагача юк кўтариш қувватига эга кранлардан самарали фойдаланилмоқда.
Пойтахтимиздаги «Халқаро савдо маркази»да (ITC) Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳам ташкил қилинди. Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган вилоятлари, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон Республикаси, Оренбург, Иванов, Ростов, Астрахань, Свердловск, Новосибирск, Тюмень, Ленинград, Нижегород, Пензан вилоятларининг 300 дан зиёд ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири ўринбосари Г.Каламанов, Россия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши президенти, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси бошқаруви ва кенгаши аъзоси Ф.Дегтярев ва бошқалар 2005 йилдан бери фаолият юритаётган мазкур кенгаш мамлакатларимиз ишбилармонлари ўртасида фаол шериклик ўрнатиш учун қулай шароит яратиш, ҳамкорликда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, кооперацияни ривожлантириш йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш имконини бераётганини қайд этди.
Мажлисда Ўзбекистон – Россия ўртасидаги савдо-инвестициявий, минтақавий ва ҳудудлараро иқтисодий шерикликни янада ривожлантириш, мамлакатларимизнинг савдо айланмаси ҳажмини ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Кооперация, ишлаб чиқариш, саноат, озиқ-овқат, тўқимачилик, туризм, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Россиялик тадбиркорлар ҳамкорлигида мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва транспорт-коммуникация инфратузилмасини модернизациялаш, молия институтлари билан инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларига кенг урғу берилди.
Ўзбекистон – Россия ишбилармонлари кенгаши, Россия Федерацияси Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Россия экспертлар кенгаши ва мамлакатимизнинг ҳукумат тузилмалари, давлат идоралари, етакчи компаниялари вакиллари иштирок этган очиқ мулоқот фойдали келишувларга бой бўлди. Унда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, экспорт соҳасини кенгайтиришга бағишланган маърузалар тингланди. Машинасозлик ва электротехника, тўқимачилик саноати, ахборот коммуникациялари, соғлиқни сақлаш, нефть-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, металлургия ва кончилик, қурилиш саноати каби соҳаларда қўшма дастурларни амалга оширишга оид икки томонлама кўплаб шартномалар имзоланди.
Анжуман икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболларини белгилаб олиш, мамлакатларимизнинг савдо-инвестициявий, иқтисодий, илмий-техникавий соҳалардаги стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми 20 октябрга қадар давом этади.
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
10 январь куни Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон Ислом Республикаси) Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника...
01 янв 1970
Яратилган ҳуқуқий асослар мамлакатда ННТларнинг эркин ва барқарор ривожланишига олиб келди....
01 янв 1970
Бундан 25 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган...
01 янв 1970
9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда....