Ўзбекистон Президентининг ташрифи Ҳиндистон матбуоти нигоҳида

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтарди.
Ташриф доирасида турли соҳаларда икки мамлакат ҳамкорлиги ривожига хизмат қиладиган муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Ушбу тарихий воқеа Ҳиндистон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Ҳиндистоннинг йирик кундалик нашрларидан бири Economic Times газетаси 800 минг нусхада чоп этилади. Бу Wall Street Journal (АҚШ) газетасидан кейинги энг йирик иқтисодий нашрдир.
Газетанинг 1 октябрь сони асосан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифига бағишланган. Биринчи саҳифада “Ўзбекистон – Ҳиндистон: икки томонлама ҳамкорликнинг янги саҳифаси” сарлавҳали мақола, Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Модининг сурати жой олган.
Иккинчи саҳифада тўртта мақола чоп этилган бўлиб, уларнинг асосийси “Ўзбекистон – Ҳиндистон: тараққиёт йўлида ҳамкорлар” деб номланади. Материалда икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш жараёнлари тавсифланган, иқтисодий алоқалар батафсил таҳлил қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “илк давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деб ёзади Economic Times газетаси.
“Нима учун Ўзбекистонга сармоя киритиш керак? Очилаётган бозор янги иштирокчиларга кенг имкониятлар яратади” сарлавҳали иккинчи мақолада Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти баён этилган ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иқтисодиётни либераллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берилган. Материалга илова тарзида жойлаштирилган инфографикада Ўзбекистонга сармоя киритиш афзалликларининг асосий омиллари, жумладан, диверсификация қилинаётган иқтисодиёт, юртимизнинг Марказий Осиёдаги энг йирик бозор экани, қулай географик жойлашуви, улкан инсоний ва интеллектуал ресурслари, табиий захиралари ва сармоядорларга берилаётган имтиёзлар кўрсатилган.
“Андижон эркин фармацевтика зонаси бизнес алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади” деб номланган мақолада Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароит, хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар, Ҳиндистон билан ўзаро муносабатларнинг ривожи хусусида сўз юритилган.
Газетанинг иккинчи саҳифасида “Uzbekistan Airlines Тошкент-Мумбай тўғридан-тўғри авиақатновларга таклиф этади” сарлавҳали мақолада янги авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланади.
Indian Express газетаси ҳам Президентимиз ташрифини кенг ёритган. 1 октябрь сони бош саҳифасининг ярми ва учинчи саҳифаси тўлиқ ушбу давлат ташрифига бағишланган. Мазкур нашр ҳар куни 495 минг нусхада чоп этилади.
Газета Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг сурати ҳамда ташриф жараёнларига оид маълумотларни эълон қилган. “Ўзбекистон – Ҳиндистон: алоқалар мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали мақола жойлаштирилган.
Материалларда икки томонлама муносабатлар таҳлили, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар суръати, мамлакатнинг Ҳиндистон сайёҳлари учун жозибадорлиги, маданий алмашувлар ва Ўзбекистонда “Хойчой” номли ҳинд фильмини суратга олиш жараёнлари, Агра ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш масалалари баён этилган. Хусусан, асосий мақолада ташриф доирасида икки томонлама ўнлаб ҳужжатлар имзоланиши кутилаётгани, Деҳлида ўтган Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес-форуми натижасида ONGC Videsh, Sun Group, Sharda Univervity каби компаниялар Ўзбекистонга сармоя киритишни режалаштираётгани ёзилган. Марказий Осиё билан муносабатларни мустаҳкамлашда Ўзбекистон Ҳиндистоннинг энг асосий шериги экани қайд этилган.
Ҳиндистон – Ўзбекистон дўстлик жамияти раҳбари Анил Шастри билан суҳбатда маданий-гуманитар муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган. Анил Шастри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларнинг мустаҳкамланишида янги саҳифа очишига ишонч билдирган.
Шунингдек, The Statesman, The Times of India, Daily News & Analysis, Millenium Post каби газеталар ҳам ташриф воқеаларини кенг ёритган.
Ҳиндистонда Президентимизнинг давлат ташрифига бағишлаб махсус нашрлар ҳам чоп этилди.
Business opportunities of Uzbekistan (Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари) деб номланган 70 саҳифали йўриқномада мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, мавжуд инвестициявий имкониятлар баён этилган. Ўн икки бўлимдан иборат нашрда «Нима учун Ўзбекистонга инвестиция киритиш керак?», «Макроиқтисодий кўрсаткичлар ва ташқи савдо», «Инфратузилма», «Агро-саноат мажмуаси», «Бозор», «Экспорт имкониятлари», «Бизнес юритиш бўйича Жаҳон банки рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни», «Хорижий инвестицияларнинг кафолати ва ҳимояси», «Солиқ сиёсати», «Хорижий инвесторлар учун имтиёзлар ва преференциялар» каби мавзуларда мақолалар берилган. Алоҳида бобда «Ангрен», «ўиждувон», «Ҳазорасп», «Жиззах», «Қўқон», «Навоий», «Наманган», «Ургут» эркин иқтисодий зоналари ҳамда фармацевтика зоналари ва улардаги истиқболли йўналишлар тўғрисида ҳикоя қилинади.
Ҳинд тилида нашр қилинган “Ўзбекистон: Ҳаракатлар стратегияси. Жадал ислоҳотлар” номли китоб Ҳиндистоннинг йирик Жамия Миллия университети билан ҳамкорликда тайёрланган бўлиб, мазкур университет профессори, ўзбек тили кафедраси мудири Шаҳид Таслим томонидан ҳинд тилига таржима қилинган. Ўзбекистондаги “Тараққиёт стратегияси” маркази мақолалари асосида нашр этилган ушбу китобда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларига шарҳ берилган. Юздан ортиқ саҳифали китобда бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, таҳлили ва шарҳи берилган.
Business Central Asia журналининг махсус сони Ўзбекистонга бағишланган. Мазкур журнал ҳар ойда 42 минг нусхада чоп этилади ҳамда мамлакатдаги расмий ва бизнес доиралар, дипломатик корпус ва халқаро ваколатхоналарга тарқатилади. Журналнинг махсус сонида муаллиф ва экспертлар Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган. Нашр, шунингдек, ташқи сиёсат, Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатлари шарҳи, мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, инвестициявий жозибадорлигига оид янгиликларни ҳам ўз ичига олган. Махсус сондан Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқи ва Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарига Мурожаатномасига бағишланган мақолалар ҳам ўрин олган.
Ҳиндистон – МДҲ савдо-саноат палатасининг Business Magazine журналидаги “Ўзбекистон ва Ҳиндистон: Савдо ва инвестициялар учун янги имкониятлар” сарлавҳали мақола Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Модининг сурати билан чоп этилган. Нашр икки томонлама иқтисодий муносабатлар, Ўзбекистондаги ўзгаришлар динамикаси, инвестициявий имкониятлар, эркин иқтисодий зоналарнинг ривожланиши, фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги каби маълумотларни ўзида акс эттиради.
Visit Uzbekistan махсус нашри Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва маданий салоҳияти ҳамда Ҳиндистон билан ўзаро ҳамкорлигига бағишланган. Унда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, Ўзбекистон – Ҳиндистон маданий ҳамкорлигидаги асосий воқеаларга оид мақолалар, фоторепортажлар ва материаллар чоп этилган.
Ҳиндистоннинг Микро, кичик ва ўрта бизнес форумининг махсус нашри “Ҳиндистон – Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги” деб номланган. Унда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар баён этилади. Икки томонлама товар айирбошлаш, Ҳиндистон бизнесменларининг Ўзбекистондаги фаолияти, фармацевтика, ахборот технологиялари, эркин иқтисодий зоналарга инвестиция киритиш имкониятлари, сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар, логистика, виза тартиботлари тўғрисидаги материаллар рақамлар ва далиллар асосида ёритилган.
Ҳиндистон саноат конфедерацияси (CII) томонидан чоп этилган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги бизнес муносабатларга оид махсус нашрида икки томонлама муносабатлар динамикаси, Тошкент ва Деҳлида ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, бизнес-форумлар, Ҳиндистон тадбиркорлари учун яратилган имкониятлар, Ўзбекистондаги бизнес муҳити ҳақида мақолалар, шунингдек, “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 ислоҳоти” инфографикаси ўрин олган.
CII Communique Ҳиндистон саноат конфедерацияси журналининг сентябрь сонида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифига бағишланган мақолалар эълон қилинган. Жумладан, “Ўзбекистон ва Ҳиндистон: икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш сари” сарлавҳали мақолада ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар, Ўзбекистон иқтисодиёти, бўлиб ўтган бизнес-форумлар ва ишбилармон доиралар ҳамкорлиги динамикаси каби маълумотлар берилган.
Political events ҳафталик журнали 20-27 сентябрь сонларида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар, Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатига бағишланган кенгайтирилган таҳлилий материалларни бериб борган. Журнал 2000 нусхада чоп этилади ҳамда таҳлилий ва академик марказлар, Ҳиндистон ҳукумат муассасалари, дипломатик корпусга тарқатилади.
Президентимизнинг давлат ташрифи Ҳиндистондаги бошқа оммавий ахборот воситаларида, телевидение кўрсатувлари, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилди.
ЎзА мухбири
Алоуддин ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2016 йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) мамлакатимиз...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси ўзининг қизғин палласига кирмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди....