Ўзбекистон — Тожикистон: парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари

/
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Тожикистон билан алоқаларимиз тобора юксалиб бораётганлигини яққол кузатишимиз мумкин.
Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўтган салкам икки йил давомида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббускорона сиёсати ва дадил саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги ўзаро кенг қамровли муносабатлар қайта тикланди.

Йиллар давомида йиғилиб қолган гина-кудуратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди. Айниқса, Ўзбекистон раҳбарининг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган тарихий ташрифи билан икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очилди.
Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан, биринчи навбатда, оддий одамлар манфаат кўрмоқдалар. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги қатор назорат постларининг қайта очилганлиги, виза режими бекор қилиниши ва икки мамлакат фуқароларининг 30 кун давомида ҳеч қандай рухсатнома ёки таклифнома тақдим этмаган ҳолда қўшни давлатда бўлиши ҳуқуқи ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ўтган ҳафтада Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга ташрифи давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга қилган ташрифининг мантиқий давоми сифатида икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқди. Икки мамлакат етакчиларининг Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Конструктив мулоқот натижаси ўлароқ савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича 27 та ҳуқуқий ҳужжат имзоланди. Айниқса, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро стратегик шериклик ҳақидаги шартноманинг имзоланиши ташрифнинг энг муҳим воқеаси ҳисобланади. Шунингдек, истиқболда Сарез кўли чучук сув захираларидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳамда Зарафшон дарёсининг Тожикистон ҳудудида 320 мВт қувватга эга иккита гидроэлектр станциясини қуриш бўйича эришилган келишувлар ҳам ўзбек ва тожик жамоатчилиги томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди.
Юртимизга ташрифи давомида Тожикистон Президенти Э.Раҳмон мамлакатимиз ҳукумати ва парламенти аъзолари билан ҳам учрашди. Олий Мажлис вакили сифатида мен, айниқса, Тожикистон Президентининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ва Олий Мажлис ҳузуридаги Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳ аъзолари билан учрашувини ижобий баҳолайман. Очиқ ва дўстона руҳда бўлиб ўтган ушбу учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди.
Маълумки, парламентлараро алоқалар замонавий халқаро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ҳозирги пайтда дунёда юз бераётган тенденция шуни кўрсатмоқдаки, парламентлараро алоқалар турли давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро муносабатларда парламент омили ҳам муҳим аҳамият касб этади. Барча соҳаларда бўлганидек, охирги икки йил ичида мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқалар ҳам анча интенсивлашди. Тожикистон Республикаси парламенти — Мажлиси Оли қошида Ўзбекистон парламенти билан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида эса Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳлар тузилиб, улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жорий йилда Тожикистон парламентининг қуйи палатаси — Мажлиси намояндагон Спикери Ш.Зухуровнинг мамлакатимизга қилган илк ташрифи парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.
Тожикистон Президенти Олий Мажлис вакиллари билан учрашувда истиқболда парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва доимий йўлга қўйиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтган мазкур учрашувда томонларнинг бир-биридан ўрганадиган ва тўлдирадиган жиҳатлар анча кўплиги, парламентлараро ҳамкорликнинг ривожлантириш йўлида ҳали ишга солинмаган талайгина имкониятлар борлиги алоҳида қайд этилди.
Айниқса, икки мамлакат Президентларининг ўзаро ташрифлари давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган келишув ва битимларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш бу борада жуда долзарб масаладир. Шунингдек, парламент делегациялари алмашинувини доимий йўлга қўйиш; парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти юзасидан ўзаро тажриба алмашиш; томонларни қизиқтирган глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этиш бўйича ўзаро фикр алмашиш; Ўзбекистон ва Тожикистонда ташкил қилинадиган халқаро конференция ва форумларда икки мамлакат парламентарийларининг иштирокини таъминлаш парламентлараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади.
Тожикистон Республикаси Президенти Э.Раҳмон парламентлараро ҳамкорликнинг конкрет йўналишларини белгилаб олиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловни Тожикистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
Хулоса сифатида шуни эътироф этиш жоизки, сўнгги икки йил ичида ўзбек — тожик муносабатларини мустаҳкамлаш сари муҳим қадамлар қўйилди. Ўзаро муносабатларда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар бўлди. Мамлакатларимиз етакчиларининг бевосита саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келган ана шундай бир шароитда биз — депутатларнинг асосий вазифаси қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек — тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Олий Мажлиснинг Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳи аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи дастури ЮНЕСКО бош қароргоҳидан бошланди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари Олий ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижон вилоятида бўлди....
01 янв 1970
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, сўровда қатнашганларнинг асосий қисми 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролардир....