ИҚТИСОДИЁТНИ ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАДАЛ ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

/
Бухоро вилоятида 19 апрель куни Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш имконини берадиган бой углеводород захираларига эга. Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиёдаги барча минерал захираларнинг учдан бир қисми Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Мамлакатимиз газ қазиб чиқариш бўйича дунёнинг дастлабки йигирматалигига киради.
Бугунги кунда Ўзбекистон нефть-газ саноати нафақат ерости бойликларини қазиб олиш, балки қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчи мажмуалар тизимига айланди. Бу тармоқда саноат юксак даражада ривожланиб, ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича қатор йирик корхоналарни бирлаштирди.
Ҳозирги босқичда тармоқнинг асосий иқтисодий йўналишларидан бири углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва ундан қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш ҳисобланади. Бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатимизга нефть ва газ қазиб чиқаришда етакчи бўлган қатор йирик чет эл компаниялари жалб этилмоқда. Россиянинг “Лукойл” нефть компанияси билан ҳамкорликда “Қандим – Хаузак – Шоди – Кўнғирот” маҳсулот тақсимоти битими доирасида бунёд этилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси улардан биридир.
Таъкидлаш жоизки, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муддатидан 8 ой аввал қуриб битказилди. Бундан роппа-роса икки йил илгари 2016 йил 19 апрелда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтган эди. Мажмуа ва инфратузилма объектларини барпо этишда 10 мингга яқин ишчи-мутахассис қатнашди. Корхона фойдаланишга топширилиши билан 2 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилди.
Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси таркибига газ қазиб олиш ва йиғиш тизими, иккита газни қайта ишлаш технологик тармоғи, маҳсулотларни ортиш ва ташиш учун терминаллар, магистрал газ қувури орқали табиий газни экспорт қилиш ҳамда муҳандислик ва энергоресурслар билан таъминлаш қурилмалари киради. Бу ерга газ иккита табиий газ йиғиш пунктига бирлаштирилган 114 қудуқдан келади.
Мажмуанинг ишга туширилишига бағишланган маросимда Россия Федерацияси энергетика вазири Александр Новак, “Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов, дипломатик корпус, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, завод ишчи-муҳандислари, ёшлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар саноатнинг етакчи йўналишларини изчил ривожлантиришга хизмат қилаётгани самарасида ёқилғи-энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар фаол жалб этилаётганини таъкидлади. Хусусан, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлиги барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганининг ёрқин намунаси эканини қайд этди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг табригини ушбу мамлакатнинг энергетика вазири Александр Новак ўқиб эшиттирди.
“Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муҳандиси Шаҳзод Қурбонов, нефть-газ соҳаси фахрийси Комил Фозилов ушбу сана мамлакатимиз учун тарихий кун экани, чўлдаги мўъжизага айланган мазкур мажмуа Ўзбекистонда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилаётган ислоҳотларнинг натижаси эканини таъкидлади.
Шундан сўнг Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.
– Биз бугун жуда муҳим воқеа гувоҳи бўлдик, – деди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. – Мен икки йил аввал мана шу мажмуа пойдеворига тамал тоши қуйилган кунни мамнуният билан эслайман. Қандим лойиҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида алоҳида ўрин тутади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Қандим мажмуаси Ўзбекистонга фақат табиий хомашё билан чекланиб қолмай, уни чуқур қайта ишлаш борасида ҳам катта имконият яратади.
– Мазкур улкан саноат корхонаси Ўзбекистон, Россия ва Корея Республикаси муваффақиятли ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир, – деди Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ёнг У. – Қандим мажмуаси Ўзбекистонда газдан унумли фойдаланиш, уни экспорт қилиш кўрсаткичларини оширишга салмоқли ҳисса қўшади. Ўйлайманки, муваффақиятли амалга оширилган ушбу лойиҳа бошқа соҳаларни модернизация қилиш ва ривожлантириш жараёнида кореялик инвесторларнинг иштироки ортишига катта туртки беради.
Хулоса қилиб айтганда, Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилиши Ўзбекистонда газ конларини ўзлаштиришда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлган нефть-газ соҳаси ривожи мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги янада ошишида муҳим омил бўлади.
Давлатимиз раҳбари мажмуанинг технологик жараёнини кўздан кечирди. Лаборатория ва марказий бошқарув пультида бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи давомида вилоят ва туманлар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, мутасаддилар билан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16-17 февраль кунлари вилоятга ташрифи асносида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
 
Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб вилоятдаги тўрт сектор раҳбарлари, ташкилот ва идоралар масъуллари билан мулоқот қилди. Унда Президентимизнинг жорий йил 2 март куни вилоятга ташрифи чоғида белгиланган вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди. Вилоят ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.
“Навоийазот” акциядорлик жамияти 1964 йилда ишга туширилган. Корхонада қишлоқ хўжалиги, нефть-газ тармоғи, энергетика ва тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун 70 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Вақт ўтиши билан технологик ускуна ҳамда қурилмалар жисмонан ва маънан эскирди. Кўп миқдорда электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни сарф қилиш эвазига маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Яъни фойдали иш коэффиценти бугунги даврга умуман мос келмай қолди. Бу жиҳатлар эътиборга олиниб, корхонада босқичма-босқич модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, жамият ҳудудида учта йирик инвестицион лойиҳа – Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳамда Азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши қизғин давом этмоқда. Ушбу корхоналарга замонавий, тежамкор технологик ускуналар ўрнатилади.
Президентимиз янги объектлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар, хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди.
Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Қурилиш ишларини Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва «HQC (Shanghai)» компаниялари консорсиуми ҳамда юртимиз мутахассислари амалга оширмоқда.
Корхона фойдаланишга топширилгач, йилига импорт ўрнини босувчи 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. 900 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг 50 фоиздан зиёдини экспорт қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш ишларида 197 замонавий техника, 1280 ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонани малакали ходимлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу ерга ўрнатиладиган замонавий ускуналарни бошқариш учун мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида муҳандис-технолог, механик, энергетик, иқтисодчи ва дастурчилар тайёрланяпти. Ишчиларнинг асосий қисми Навоий шаҳридаги касб-ҳунар коллежларида тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари бу каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ҳақида тўхталиб, қурилиш ишларини тез ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг мавжуд энергия сарфи юқори бўлган аммиак ишлаб чиқариш 1-2 навбатларини эксплуатациядан чиқариш кўзда тутилган. Хусусан, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, шунингдек, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. 500 га яқин иш ўрни яратилади.
Япониялик ҳамкорлар (“Mitsubishi Heavy Industries, Ltd”, “Mitsubishi Corporation” компаниялари) билан биргаликда барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Акциядорлик жамиятининг азот ишлаб чиқариш бўйича эски 1-2 навбатлари ҳам эксплуатациядан чиқарилмоқда. Яъни келаси йили яна бир лойиҳа – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ умумий қиймати 216,6 миллион долларга тенг ушбу ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади, 122 та иш ўрни яратилади.
Бу каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қиладиган тажрибали муҳандис ва ишчи-ходимларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Керак бўлса, уларни хориждаги корхоналарга жўнатиб, тажриба алмашиш ва малака оширишини йўлга қўйишимиз лозим, деди Шавкат Мирзиёев.
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА махсус мухбирлари
Суратлар муаллифлари А.Абдуллаев, О. Ғуломов ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 27 сентябрь куни ушбу мам...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари Олий ...
01 янв 1970
Халқаро муносабатларда бугунги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсат...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди....