Тарғиботнинг таъсирчан воситалари имкониятидан унумли фойдаланилмоқда

/
Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда сиёсий партиялар алоҳида ўрин тутади. Шу боис мазкур жамоат ташкилотларининг фаоллигини кучайтириш, соғлом рақобат муҳитида уларнинг жамият ҳаётидаги таъсирчан роли, ижтимоий-сиёсий жараёнларда муносиб иштирок этишини таъминловчи ҳуқуқий асослар такомиллашиб бормоқда. Хусусан, буни айни кунларда пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига ўтказилажак сайловга ҳозирлик кўрилаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялар ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари номзод кўрсатиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига сайловда муносиб иштирок этиш ҳамда вакиллик органларида кўпчилик ўринни эгаллаш мақсадида сайлов кампаниясида фаол қатнашаяпти. Ушбу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича шаҳар партия кенгаши томонидан белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида ушбу муҳим сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сайлов партиянинг сиёсий майдонда қандай кучга эга эканлигини намоён этувчи асосий мезон ҳисобланади. Шу жиҳатдан унда муносиб иштирок этиш, барча даражадаги ташкилотлар уюшқоқлик билан ва юқори даражадаги тайёргарлик асосида, энг асосийси, кўпчилик ўринни эгаллаш учун кураш олиб бориш асосий мақсад ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб пойтахтимиз туманларида ташкил этилган 330 та сайлов округининг ҳар бирига тегишли туман партия ташкилотининг сайлов конференциясида тасдиқланган бир нафардан номзод кўрсатилди. Маълумки, Тошкент шаҳридаги туман сайлов комиссиялари қарори билан сайловда қатнашувчи номзодлар, жумладан Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан кўрсатилган 330 нафар номзоднинг рўйхати тасдиқланиб, матбуотда эълон қилинди.
Партия номзодлари таркибига назар соладиган бўлсак, улардан 37 фоизини педагоглар, 15 фоизи — шифокорлар, шунингдек, партия ходимлари, тадбиркорлар, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда 34 фоизини бошқа соҳалар ходимлари ташкил этганини келтириб ўтиш мумкин. Номзодларнинг 41 фоизи хотин-қизлардан иборат эканлиги эса аёллар манфаатларини рўёбга чиқариш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, ўз қобилиятларини намоён этишда кўмаклашиш борасида амалиётга йўналтирилган партия лойиҳалари ижобий натижалар бераётганини ҳам кўрсатади.
Шуни таъкидлаш жоизки, сайлов кампаниясига тизимли, босқичма-босқич ва юқори савияда тайёргарлик кўриш ушбу жараёнда номзодларнинг муваффақиятли иштирок этишига пухта замин ҳозирлайди. Шу билан бирга, алоҳида ёндашув асосида номзоднинг шахси ҳамда жамоатчилик ўртасидаги обрў-эътибори, ҳудуд аҳолисининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўла олганлигини назарда тутган ҳолда ҳар бир сайлов округига муносиб номзодларни танлаш муҳим аҳамият касб этади. Сайловни намунали ташкил этиш ҳамда унда муносиб иштирок этиш ва кўп сонли ўринларни эгаллаш мақсадида муносиб номзодларни саралашда асосан партия томонидан ўтказиладиган турли тадбир, лойиҳа, кўрик-танловларда муносиб қатнашиб келаётган, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан хабардор, ўз иқтидори ва ташаббускорлигини намоён этган фаоллар орасидан танлашга эътибор қаратилди.
Айни кунларда номзодларнинг сайлов округлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишларида яқиндан ёрдам бериш, фуқароларнинг сайлов жараёнидан хабардорлигини ошириш ҳамда номзодларнинг имижини шакллантириш диққат марказидаги масала саналади.
— Ушбу муҳим мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида фаолият юритаётган партия сайлов штабида ишлар қизғин давом этмоқда, — дейди партия сайлов штаби раҳбарининг ўринбосари Одилжон Омонов. — Жумладан, ҳар бир номзод учун плакат, буклет, флаер ва бошқа шу каби тарқатма материаллар тайёрланди. Уларда номзод ҳақида маълумотлар, унинг сайловолди дастури ўрин олган ва сайловчиларни партия номзоди учун овоз беришга ундовчи чақириқлар акс этган.
Пойтахтимиздаги ҳар бир туман партия кенгашида фаолият юритаётган сайлов штаблари билан индивидуал иш олиб бориш муҳим вазифага айланган. Номзодларимиздан ҳар бири депутатликка кўрсатилган сайлов округининг ўзига хос жиҳатлари, мазкур ҳудудда ечимини кутаётган долзарб масала ва муаммолар ўрганилмоқда ва сайловчилар билан бўлажак учрашувларга ҳозирлик кўрилмоқда. Жойларда сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувларни самарали ташкил этиш учун номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари, партиядан жалб этилган масъул мутахассислар билан биргаликда иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситаларининг таъсирчан имкониятларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Тошкент” каналининг кечки дастурида 20 дақиқалик видеоролик намойиши ва эшиттируви сайловчилар эътиборига ҳавола этилмоқда. Шунингдек, шартнома асосида айрим хусусий радиоканалларда ҳам партия номзодларини тарғиб этувчи эшиттиришлар радио тўлқинларида янграмоқда.
“Тошкент оқшоми” ҳамда партиямиз нашри бўлган “Адолат” ижтимоий-сиёсий газеталарида партиямизнинг ушбу сайловдаги иштирокига доир бир қатор мақолалар чоп этиб келинмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг веб-сайтида сайловга тайёргарлик жараёнлари, партия номзодларининг сайловчилар ишончини оширишга қаратилган материаллар кундалик эълон қилиб борилмоқда.
— 24 декабрда ўтказиладиган сайлов пойтахтимиздаги ҳар бир туман маҳаллий Кенгашида депутатлик гуруҳлари тузилишида амалий аҳамиятга эга бўлиб, сиёсий партиялар янада тўлақонли фаолият олиб боришига хизмат қилади, — дейди Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси ўринбосари Бобир Отамуродов. — Сайловлар партиялар фаолиятига баҳо берадиган энг муҳим жараён эканлигини инобатга олсак, сайловолди кампаниясида, албатта, ҳар бир партия аъзосидан ва номзодлардан фаоллик билан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш талаб этилади.
Мазкур сайловнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, фуқаролар туманлар даражасидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни шу ҳудуддан сайланган ўз вакиллари, яъни маҳаллий Кенгаш депутатлари орқали ҳал қилиш имконига эга бўлишади. Шу билан бирга, халқ депутатлари туман Кенгашлари сессиясида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш, шу орқали фуқароларга ўз фикр ва таклифларини билдириш, долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда иштирок этишга имконият яратилади.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига депутатлар сайлови партиямиз дастурий мақсад ва вазифалари билан аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб бориш, халқчил ғоялар воситасида инсон манфаатларини ифода этиш ҳамда партиядан кўрсатиладиган номзодларнинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беради.
Сайлов жараёнларида “Адолат” СДПнинг халқчил мақсад-вазифалари, ғояларини сайловчиларимиз орасида янада кенг тарғиб этиш кенг жамоатчиликнинг партиямизга бўлган ишончини оширишга, унинг мавқеини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ватан. Бу қутлуғ сўз замирига жо бўлган моҳиятни тўлалигича тушуниш, англаб етиш учун инсоннинг маънавий камолоти жуда юксак даражада бўлмоғи лозим...
01 янв 1970
«МАҲАЛЛА ИФТИХОРИ» КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Маълумки, сайловлар кишилик жамиятининг бир неча асрлик тарихий ривожланиши маҳсули бўлиб, давлат ва жамиятнинг такомиллашган моделларини шаклланти...
01 янв 1970
Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онг...