Ўзбекистон — Қозоғистон: ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

/
Халқаро муносабатларда бугунги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва уни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан, хусусан, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида қайд этилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ушбу минтақадаги бизга қўшни давлатлар билан чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари қўшни Қозоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи баҳор ва янгиланиш, дўстлик ва аҳиллик, эзгулик ва ҳамжиҳатлик байрами – Наврўзи олам бутун Марказий Осиё халқлари томонидан кенг нишонланаётган бир пайтга тўғри келганлиги ҳам ташрифга ўзгача маъно ва кўтаринкилик бахш этди. Икки қардош халқ ўртасида биродарлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлади. Бугун ҳар иккала халқ вакиллари мазкур ташриф жуда самарали бўлганлигини, у истиқболда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашмоқда.
Дарҳақиқат, ташриф доирасида қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилганлиги ҳар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганлигидан далолат беради.
Президентимизнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан олий даражадаги учрашувида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда муҳим аҳдлашувларга эришилганлиги билан бир қаторда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчилик ва хатарларга қарши курашиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилганлиги айни муддао ҳисобланади. Зеро, Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор тараққиётга эришиш Ўзбекистон ва Қозоғистон каби етакчи давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига чамбарчас боғлиқдир.
Бугунги кунда ҳар иккала давлат минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келишмоқда. Чунончи, Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаши натижасида 2006 йил 8 сентябрда минтақада ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этиш тўғрисида тегишли Шартнома минтақа давлатлари томонидан имзоланди. Мазкур Шартнома минтақадаги барча давлатлар томонидан ратификация қилинганидан сўнг 2009 йил 21 мартда расман кучга кирди. 2014 йилнинг 6 май куни эса Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида Нью-Йорк шаҳрида бешта ядровий давлат (АҚШ, Россия, Буюк Британия, Хитой ва Франция) томонидан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги Шартномага доир Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протокол имзоланиши билан халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан узил-кесил расмийлаштирилди.
Шунингдек, Қозоғистон мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ҳам, ўз навбатида, Қозоғистоннинг минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ва конструктив таклифларини қўллаб келмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини маъқуллаб овоз берди. Зеро, Қозоғистоннинг ушбу нуфузли халқаро тузилмага аъзо бўлиши Марказий Осиё минтақаси халқлари манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш имконини беради.
Олий Мажлис вакили сифатида мен, айниқса, Президентимизнинг мазкур ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга бағишланган алоҳида ҳужжатнинг имзоланишини ижобий баҳолайман. Бугунги кунда жаҳон сиёсатида парламентлар ўртасидаги алоқалар тобора юксалиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Дунё парламентлари ўзларининг анъанавий қонун ижодкорлиги фаолияти билан бирга глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ҳам тобора фаол иштирок этмоқдалар. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш иккала мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга, хусусан, Президентимизнинг мазкур ташрифи давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Чулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди, унинг янги уфқларини белгилаб берди, икки қардош халқни бениҳоя хурсанд қилди. Ташриф давомида қатор стратегик соҳалар бўйича муҳим келишувларнинг имзоланганлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиш билан бирга, пировардида қардош ўзбек ва қозоқ халқлари манфаатларига хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро муносабатларга киришади....
01 янв 1970
Ватан. Бу қутлуғ сўз замирига жо бўлган моҳиятни тўлалигича тушуниш, англаб етиш учун инсоннинг маънавий камолоти жуда юксак даражада бўлмоғи лозим...
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Тошкентда 20 сентябрь куни “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” м...