Масъулиятни чуқур англаб

/
Шу кунларда мамлакатимиз ва халқимизнинг бугуни, эртанги истиқболига бевосита дахлдор бўлган сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига юритимизнинг ҳамма жойида бўлгани сингари Навоий вилоятида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилаяпти.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги энг гавжум масканлар, корхона, ташкилот ва муассасалар бинолари олдига ўрнатилган, сайлов кампаниясининг қизғин палласидан дарак берувчи даъваткор баннерлар барчанинг эътиборини жалб этаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси ва унинг таркибидаги сайлов участкалари сиёсий тадбирга тайёргарлик кўришнинг фаол марказларига айланиб улгурган. Мустақиллик йилларида бунёд этилган энг замонавий, бир-биридан кўркам биноларда жойлашган бу масканларга келиб-кетаётган кексаю ёш юртдошларимиз сони кун сайин кўпайиб бораётганлиги ҳам шундан далолат беради.
— Сайлов округимиз ҳудудида сайловолди жараёнлари, ташвиқот ишлари сайлов қонунчилиги талаблари даражасида, шаффофлик, очиқлик ва ошкоралик руҳида, демократик тамойиллар асосида ташкил этилмоқда, – дейди округ сайлов комиссияси раиси Нормурод Исоқов. — 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 641 минг 380 нафар навоийликлар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, фуқаролик позицияси, хоҳиш-иродасини намоён этишади. Сайловга тайёргарлик жараёнларида улар учун ҳар жиҳатдан энг қулай шарт-шароитлар яратилишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган жами 363 та сайлов участкасида иш қизғин, айни пайтда бу масканлардан одам аримайди. Сайловчилар бу ерда ўзларини қизиқтирган сайловга оид барча саволларга тўлақонли жавоб олишаяпти.
Биз Навоий шаҳридаги участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишар эканмиз, юқорида айтилганларга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Вилоят марказида фаолият юритаётган жами 42 та сайлов участкаси имкон қадар сайловчилар хонадонларига яқинлаштирилди.
— Сайлов участкамиздаги сайловчилар сони 2665 нафарни ташкил этади, — дейди 8-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 37-участка сайлов комиссияси раиси Хайрулла Нарзуллаев. — Шундан 17 нафари овоз беришда биринчи марта қатнашадиган ёш сайловчилардир. Айни пайтда 11 кишидан иборат комиссия аъзоларимизнинг ҳар бири сиёсий кампанияни юксак савияда ўтказиш мақсадида катта масъулият билан иш олиб бормоқда. Шу мақсадда участка сайлов комиссияси хонаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган услубий тавсиялар асосида тўлиқ жиҳозланди. Участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан ҳамшаҳарларимизнинг сайлов қонунчилиги борасидаги билимлари ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадга хизмат қилувчи сиёсий адабиётлар, сайлов қонунчилиги ҳужжатлари, марказий ва маҳаллий ижтимоий-сиёсий газеталар, сиёсий партияларнинг даврий нашрларидан сайловчиларнинг тўлақонли фойдаланишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бундан ташқари, “Ёш сайловчилар” бурчаги мавжуд. Шунингдек, “Она ва бола хонаси”, тиббий хизмат хонаси ҳам шай ҳолатга келтириб қўйилган.
— Мен бўлажак сайловда илк бор қатнашаман, — дейди Камола Ҳайдарова. — Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб топиш мақсадида бу ерга келдим. Мен сингари ёш сайловчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, “Ёш сайловчилар” бурчаги ташкил этилганидан жуда хурсанд бўлдим. Сайлов тўғрисида кутганимдан ҳам кўпроқ тушунча олдим. 4 декабрь куни она Ватанимнинг порлоқ истиқболи, халқимизнинг фаровон турмуши учун ўзим танлаган номзодга овоз бераман.
Биз билан бўлган суҳбатда Мушарраф ая Тўхтаева ҳамда Мамарайим ота Ортиқовлар ҳам сайлов участкасига келиб, сайлов қонунчилиги, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисидаги билимларини янада бойитганликларини таъкидлашди.
Ҳа, Навоий вилоятидаги сайлов участкаларидан бирор дам сайловчилар қадами узилмайди, десак янглишмаймиз. Бу эса вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига барча бирдек масъулият билан қизғин тайёргарлик кўраётганлигини англатиб турибди.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.
01 янв 1970
Бинобарин, мамлакатимизда истиқлол йилларида демократик сайловлар асосида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими ша...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди...
01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....