Сайлов округида иш қизғин

/
Наманган шаҳрининг қоқ марказидаги кўркам бинода эртадан кечгача одамлар оқими тинмайди. Оқшомлари ҳам деразалардан кўзга ташланадиган чироқ нурлари бу ерда ҳаёт қайнаётганлигидан дарак беради. “Ёшлар маркази” деб аталадиган бу даргоҳда айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округи сайлов комиссияси фаолият олиб бормоқда.
Округ сайлов комиссияси билан биргаликда сайлов кампаниясининг боришини ёритиш бўйича вилоят матбуот маркази ҳам шу ерда жойлашган. Унинг таркибида бир қатор тажрибали, қалами ўткир журналистлар иш олиб бормоқдалар. Олти кишидан иборат жамоага Соҳибжон Рапиқов бошчилик қилмоқда. Ёш бўлишига қарамай у етарли ҳаёт тажрибасига эга мутахассис, айни пайтда вилоят телерадиокомпаниясида ишлайди.
— Маълумки, сайловлар ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси ҳисобланади, — дейди С.Рапиқов. — Сайлов фуқароларнинг ўз хоҳиш-истагини эркин ифода этиши, уларнинг сиёсий ҳаётда бевосита иштирок қилиши учун давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда қатнашишга имкон берадиган жараён ҳисобланади. Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда демократик тамойилларга ва халқаро андозаларга мос келадиган сайлов тизими шакллантирилди. Эндиликда бу сайлов тизими дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида ҳам эътироф этилмоқда. Бизнинг вазифамиз эса мана шу жараёнларнинг очиқ ва ошкоралигини яна бир бор кўрсатиб беришдан иборат.
Матбуот маркази ходимлари, албатта, сайловга кўрилаётган тайёргарлик ва унинг боришини кенг ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида эканлигини яхши тушунадилар. Бутун фаолият ана шу мақсадни кўзлаган ҳолда ташкил этилмоқда. Матбуот марказида 3 та гуруҳ тузилган ва ўз соҳасига ихтисослаштирилган. Уларнинг бири электрон оммавий ахборот воситалари, бошқаси босма, кейингиси эса интернет нашрлар билан ҳамкорликда иш юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ва сайловнинг ўтиши холисона ёритиб борилишини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг вакиллари аккредитациядан ўтказилишини сўраб ёзган аризалари ўз вақтида ўрганиб чиқилди ва қондирилди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ, 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг қарори билан шу кунга қадар 20 дан зиёд ОАВнинг қирқ нафардан ортиқ ходими аккредитациядан ўтказилди. Ҳар ҳафта марказий ва маҳаллий нашрларда, телевидение ва радиода кўплаб материаллар ёритилмоқда.
Матбуот маркази ходимлари Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш бўйича тадбирлар дастурини амалга оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Мазкур ҳужжатда истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов тизимининг, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун ва унга кейинги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг, Марказий сайлов комиссиясининг сайловга оид қарорлари ҳамда сайловчилар ҳуқуқ ва эркинликларининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш кўзда тутилган. Шу муносабат билан Наманган шаҳар ҳокимлигининг “Наманган садоси” газетаси ўз саҳифаларида “Сайлов қонунчилигини ўрганамиз” рукнини очди. Ушбу рукн остида берилаётган материалларда мавзуга оид саволларга жавоблар эълон қилинмоқда. Уларни тажрибали ҳуқуқшунослар ва журналистлар ўзаро ҳамкорликда тайёрламоқдалар.
Ёки Косонсой туман ҳокимлигининг “Косонсойнома” газетасини олайлик. Мазкур нашр саҳифаларида айнан сайлов қонунчилигига доир масалалар ёритилмоқда. “Президент сайловини ўтказиш принциплари нималардан иборат?” ҳамда “Округ ва участка сайлов комиссияларига кимлар аъзо бўла олади?” каби саволларга жавоблар газетхонлар эътиборини тортмоқда.
Матбуот марказида иш ҳар куни эрталаб қисқа йиғилишдан бошланади. Раҳбар Жумабоева, Акрам Сатторов, Нилуфар Ниёзова, Обид Парпиев ва Ўғилой Болтабоева ўзларига бириктирилган йўналишлар бўйича тайёрлаган маълумотларини баён қиладилар. Соҳибжон Рапиқов эса уларни умумлаштиради, Марказий сайлов комиссияси ва унинг қошидаги матбуот маркази янгиликларидан хабардор қилади. Шундан кейин қилинадиган ишлар режалаштириб олинади.
Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи ҳудудида ушбу муҳим сиёсий тадбирга ана шундай тайёргарлик кўрилмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун бағрикенг, меҳмондўст, санъатсевар ўзбек диёрида катта байрам, катта шодиёна....
01 янв 1970
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда....
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Самарқанд шаҳрида БМТ шафеълигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференцияси бўлиб ўтди....