Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш тартиби

/
Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизими ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш, либераллаштириш ва сайлов амалиётини такомиллаштиришнинг тўртинчи босқичи (2010 йил ва бугунги кунга қадар) – бу муддат мамлакатимизда фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш давом эттирилиб, мазкур ислоҳотлар доирасида 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий фаолият юритувчи конституциявий орган сифтида мақоми ва фаолиятининг асосий принциплари мустаҳкамлаб қўйилди. 2014 йил 4 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик тартиби ва асослари белгилаб қўйилди.
2015 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш, номзодларни рўйхатга олиш учун тўпланадиган сайловчилар имзоларининг миқдорини камида беш фоиздан бир фоизга камайтириш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усулларининг белгиланиши, овоз бериш тартибига ўзгартириш киритиш каби янги қоидалардир.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 18 ёшга тўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эгадир. 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эса Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиши мумкин. Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, сайлов ва референдум ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тузиладиган ва доимий асосда фаолият кўрсатувчи конституциявий орган ҳисобланади. Қонунга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайлов округларини, округ сайлов комиссияларини, округ сайлов комиссиялари эса сайлов участкаларини, участка сайлов комиссияларни тузади.
Ушбу қоидаларнинг амалий ифодаси сифатида 2016 йил 15 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округлари тузилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этувчи сиёсий партияларни ва номзодларни рўйхатга олиш тартиби, муддатларини, номзодларга қўйилган талаблар ва ҳуқуқларининг кафолатлари мустаҳкамланганлигида ҳам намоён бўлади. Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партиялар эгадирлар.
Мазкур қоида сиёсий партияларни сайлов жараёнининг энг фаол иштирокчисига айлантириб, уларнинг давлат ва жамият ишларида фаоллигини янада оширишга хизмат қилади. 2016 йилнинг 19-20 сентябрь кунлари 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш учун барча сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига ўз ҳужжатларини, хусусан, Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни тақдим этдилар.
Ушбу қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва сайловолди ташвиқотида тенг имкониятларнинг кафолатланишида ҳам кўринади. Қонунга мувофиқ, сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади ҳамда сайлов кунигача давом этади. Сайловга бир кун қолганида сайлов ташвиқоти олиб борилишига йўл қўйилмайди. Бу эса сайловчилар томонидан ўзи танлаган номзодини яна бир бошқа номзодлар билан солиштириб, якуний хулосага келишга имконият яратади. Сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилади.
Овоз беришни ташкил этиш, сайловчилар ўз хоҳиш-истакларини яширин билдиришларини таъминлаш, биноларни жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш учун участка сайлов комиссияси жавобгардир. Ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди. Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси сайлов участкаси сайловчиларининг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради.
Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади, бюллетенни тўлдириш вақтида у ерда овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабинага таклиф қилишга ҳақли. Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этиш қатъий ман қилинади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқароларга сайловларда иштирок этиш учун барча қулайликлар яратиш мақсадида санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги турар жойларида, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларида овоз беришлари мумкин. Бундан ташқари, сайлов куни истиқомат жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз истиқомат жойидаги участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, муддатидан аввал овоз бериш хуқуқига эгалар.
Хусусан, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз бериш сайлов варақалари орқали амалга оширилади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради.
Сайлов қонунчилигимизнинг яна бир ўзига хос хусусияти, айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда уларнинг илтимосига биноан участка сайлов комиссияси холисликни таъминлаш мақсадида камида икки комиссия аъзосига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.
Ўтган йилги сайлов натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафар сайловчидан 18 миллион 942 минг 349 нафари овоз беришда иштирок этганини аниқлади. Бу сайловчилар умумий сонининг 91,08 фоизини ташкил қилади. Бу кўрсаткичдан ҳам кўриниб турибдики, фуқароларимизнинг йилдан-йилга сиёсий фаоллиги ошиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мамлакатимизда эркин ва адолатли сайловлар принципини жорий этишга йўналтирилган ҳуқуқий асослар тўла-тўкис яратилган. Сайловлар халқнинг эркин тарзда ифода этиладиган хоҳиш-иродасини аниқлайди ва унинг бевосита рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайловчиларга номзодларни танлаш, сайлаш имконини беради. Бу эса фуқароларимизнинг сайловлардаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошишига янада кенгроқ имконият яратади.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлари номзоди, доцент

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 18 ёшга тўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти с...
01 янв 1970
“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси айни кунларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қили...
01 янв 1970
ОСПХКнинг асосий мақсади мамлакатлар ва қитъалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашдир....
01 янв 1970
Ўзбек халқининг ўзига хослигини, унинг миллий яхлитлигини кўрсатадиган ва ўзида миллат, халқ руҳини ифодалаган ҳолда дунёга танитадиган бебаҳо воси...