Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш тартиби

/
Барчамизга маълумки, хар қандай мамлакатнинг ижтимоий тараққиётига таъсир қилувчи, демократик характерини кўрсатувчи кўплаб ҳолатлар бўлиб, уларнинг орасида сайлов алоҳида ўрин тутади. Демократик тамойиллар асосида ташкил қилинадиган ва ўтказиладиган сайловлар бир томондан, шу мамлакатдаги фуқароларнинг давлат органларини тузиш, давлат органлари ишида бевосита иштирокини таъминласа, иккинчи томондан, тўғри ташкил қилинган демократик сайловлар натижасида фуқаро ва жамият манфаатига мос давлат органлари вужудга келади.
Ҳар бир сайлов мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик ҳисобланади. Зеро, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки сайловлар жараёнида ҳар қайси давлат ва ҳар қайси жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфиятлари яққол намоён бўлади. Дунё тажрибасидан маълумки, сайловлар қандай ўтиши мамлакатдаги ҳуқуқий меъёрлар, сайлов ҳуқуқи эркинлиги ва фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига боғлиқ.
Мамлакатимиз сайлов тизимининг ҳуқуқий асоси ҳақида сўз юритганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларини алоҳида тилга олишимиз лозим. Мазкур хужжатлар билан мамлакатимиз сайлов тизимининг ҳуқуқий асоси яратилди, демократик тарзда сайловлар ўтказилишининг тартиб ва тамойиллари белгилаб берилди.
Хусусан, Конституциянинг XXIII боби “Сайлов тизими”га бағишланиб, унда жаҳон миқёсида ўзини оқлаб келаётган сайлов ҳуқуқининг умумий принциплари – умумий, тўғридан-тўғри, тенг ҳамда яширин овоз бериш сайлов принциплари мустаҳкамланди. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги белгиланиб, сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланиши кўрсатиб қўйилди.
Хусусан, 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеадир. Ушбу сиёсий жараённи тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун муҳим амалий аҳамиятга эга. Мазкур қонун мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинишидан деярли бир йил олдинроқ қабул қилинган бўлиб, унинг асосида мамлакатимиз тарихида илк маротаба демократик сайлов – 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди.
Мамлакатимиз сайлов тизими конституциявий-ҳуқуқий асосларининг яратилиши даврининг биринчи босқичи (1991-1995 йй.) – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда бир палатали Олий Мажлисни кўппартиявийлик асосида шакллантириш билан боғлиқ даврини ўз ичига олади.
Бу даврда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги (1991 йил 18 ноябрь), “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги (1993 йил 28 декабрь), “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги (1994 йил 5 май) қонунларнинг қабул қилиниши билан умумэътироф этилган принциплар орқали кўппартиявийликка асосланган, муқобил сайловларни ташкил этишнинг ҳуқуқий базаси яратилди ҳамда мавжуд сайлов қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси сайлов тизими конституциявий-ҳуқуқий асосларининг яратилиши даврининг иккинчи босқичи (1995-2000 йй.) – биринчи босқичда миллий сайлов қонунчилиги асосида ўтказилган парламент сайловларида тўпланган амалий тажрибага асосланиб, сайлов қонунчилигига янги қонун – Ўзбекистон Республикасининг “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ва мавжуд сайлов қонунчилигига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, 1997 йилда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 3 та янги модда киритилди. Уларга мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг очиқ ва ошкора амалга оширилиши, сайлов жараёнида иштирок этувчи кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловларнинг молиявий таъминоти, сайловларни ўтказувчи сайлов комиссияларининг тизими, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи, сайловолди ташвиқотининг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва ишончли вакилларининг ҳуқуқий мақоми, Ўзбекистон Республикаси Президентлиги лавозимига киришиш тартиби каби қоидалар янгича мазмунда ўз аксини топди.
Шунингдек, 1999 йилда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 26 ва 28-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” қонунга сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тартиби ва муддатлари янгича мазмунда акс эттирилди, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳамда номзодларга ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқлар берилди.
Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизими ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш, либераллаштириш ва сайлов амалиётини такомиллаштиришнинг учинчи босқичи (2000-2009 йй.) – бу муддат мамлакатимизда фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш даври бўлиб, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, сиёсий ҳаётни, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилишда муҳим роль ўйнаган жараёнларга бой бўлди. Бу давр бевосита икки палатали парламент тизимига ўтиш билан боғлиқ сайлов қонунчилигининг тадрижий тараққиётига асосланган иккинчи босқичнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Мазкур ҳуқуқий ислоҳотлар сайлов қонунчилигига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш орқали амалга оширилди.
Хусусан, 2000 йилда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартириш киритилиб, янги нормага мувофиқ, сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган намунадаги гувоҳнома топширилиши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, 2004 йилда эса “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 1 та янги модда киритилди. Уларга мувофиқ, сайлов округлари ва участкаларини тузиш тартиби, комиссияларда аъзолик, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи, сайловолди ташвиқоти, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш, округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини аниқлаш ва белгилаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишга оид ҳуқуқий муносабатлар янгича мазмун касб этди.
Бундан ташқари, 2008 йилда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 9 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унга мувофиқ, қонун моддаларидаги “сайловчилар ташаббускор гуруҳи” деган ибора чиқариб ташланди. Демак, эндиликда фақат сиёсий партиялар сайловларнинг фаол иштирокчисига айланди.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонун билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг роли ҳамда таъсирини кучайтиришни назарда тутади.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлари номзоди, доцент

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси ўзининг қизғин палласига кирмоқда....
01 янв 1970
«МАҲАЛЛА ИФТИХОРИ» КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...