Тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш — давр талаби

/
Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тобора муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 57 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг салкам 80 фоизи тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ваҳоланки, 2000 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31 фоиздан иборат эди, мос равишда бандликдаги улуш ҳам ҳозирги кўрсаткичдан қарийб икки баробар кам эди. Бу ижобий кўрсаткичлар эса, ўз навбатида, охирги 10 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 8 фоиздан кам бўлмаган даражада барқарор ўсиш суръатларини таъминлаб бермоқда.
Энг муҳими, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши мустақиллик йилларида 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди.
Бироқ тадбиркорликнинг мамлакатимиз бўйлаб янада кенг қулоч ёйиши, унинг нафақат ички бозорда, балки дунё бозорларида ҳам рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳал қилувчи омилига айланиши учун ҳали бир қатор қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш давр талабига айланмоқда.
Шу мақсадда куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиеёв томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан истиқлол йилларида тадбиркорлик соҳасини ислоҳ қилиш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун кенг имконият яратиш, манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Мазкур фармон фракциямиз аъзолари томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Зеро, фармонда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда давлат органлари зиммасидаги ечилиши муҳим бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилган бўлиб, уларнинг аксарияти партиямиз Сайловолди дастури ва амалий Ҳаракатлар дастуридаги мақсадларга ҳамоҳанг эканлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, мазкур ҳужжат билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастурига кўра коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор қонунларни, шу жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида», «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида», «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилаётгани Сайловолди дастуримиздаги вазифаларга тўла мос келади.
Зеро, партиямиз ҳамиша қонунийликни таъминлаш, расмиятчилик ва коррупцияга йўл қўймаслик ҳамда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги мақомини қонуний мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб келган.
Шу билан бирга, Сайловолди дастуримизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, судлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, унда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, суд фаолиятига доир маълумотларга эга бўлишнинг аниқ механизмларини белгилаш вазифалари илгари сурилган.
“Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда ҳам тадбиркорлар ҳуқуқларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини, шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида суд мажлисларига аудио ва видео қайд этиш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, шунингдек, қабул қилинган суд қарорлари веб-сайтларда жойлаштирилишини назарда тутувчи дастурни ишлаб чиқишга доир вазифалар белгилангани юқоридаги дастурий мақсадларимизни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилиши билан биз учун янада муҳимдир.
Бундан ташқари, фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Бизнес Омбудсман институтини ташкил этиш; «электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш доирасида давлат органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига фақат давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш каби вазифалар ҳам айнан “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.
Қолаверса, фармонда тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида маъмурий ва жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш, Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ва амалдаги бошқа бир қатор қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назорати шаклларини кучайтириш таклиф этилаётган бўлиб, бу эса депутатлик корпусимиз зиммасига ҳам масъулиятли вазифаларни юклайди.
Шу боис, биз депутатлар ушбу муҳим фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилигимизга етказишда, унда белгиланган кенг кўламли чора-тадбирлар ва устувор йўналишларни рўёбга чиқаришда, айниқса, фармонга мувофиқ қабул қилиниши назарда тутилаётган қонунларни ишлаб чиқишда ва соҳага оид қонунчиликнинг ижроси устидан самарали парламент назоратини ўрнатишда ниҳоятда ташаббускор ва фаол бўлишимиз талаб этилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Delonte 06:12, 14 октября 2016
We need a lot more intgshis like this!
Eternity 22:21, 17 октября 2016
This is a most useful coirbntution to the debate

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда....
01 янв 1970
Ватан. Бу қутлуғ сўз замирига жо бўлган моҳиятни тўлалигича тушуниш, англаб етиш учун инсоннинг маънавий камолоти жуда юксак даражада бўлмоғи лозим...
01 янв 1970
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасининг Демократик кучлар блоки ва мухолифатдаги фракциялари йиғилишларида ҳам бўлиб ўтди....