Миллий парламент ривожи — демократик жамият асоси

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида парламент конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари, жамоат ташкилотлари, илмий доира вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда мустақиллик йилларида миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиши масалаларига оид маърузалар тингланди, истиқболдаги вазифалар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди. Таъкидланганидек, мустақиллик мамлакатимизда ҳақиқий демократик парламентнинг шаклланишига сиёсий-ҳуқуқий замин яратди. Истиқлолнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган, ўзимизга хос ва мос тараққиёт йўли белгилаб олинди. Инсон манфаатлари устуворлиги йўлида қонун ижодкорлиги билан шуғулланадиган демократик миллий парламент шаклланди, давлат ҳокимияти органлари тизимида унинг роли ва таъсири кучайтирилди.
Дастлаб бир палатали парламент ёш мустақил давлатнинг демократик сиёсий тизими, адолатли фуқаролик жамияти, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларнинг ҳуқуқий негизини яратишга, давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга, миллий давлатчилик пойдеворини барпо этишга ўз ҳиссасини қўшди. Бу даврда Конституциямиз қабул қилинди, халқимизнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини таъминловчи сайлов тизимига ҳуқуқий замин яратилди.
Бутун дунёда “ўзбек модели” дея эътироф этилган ривожланиш стратегияси асосида давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилган демократик ислоҳотлар 2000 йилларга келиб, мамлакатнинг қонун чиқарувчи олий органи фаолиятини замон талаблари асосида янада такомиллаштириш учун шарт-шароитлар вужудга келди.
2002 йилнинг 27 январида ўтказилган умумхалқ референдуми якунлари асосида мамлакатда икки палатали, мунтазам фаолият кўрсатадиган профессионал орган – Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудлар манфаатини ифода этадиган вакиллик органи – Сенатдан иборат парламентни шакллантириш учун ҳуқуқий замин яратилди.
Икки палатали парламент тизимига ўтилгани мамлакат парламенти ваколатлари ва назорат вазифаларининг ролини кучайтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси парламент палаталарининг фаолиятини кучайтиришда муҳим омил бўлди. Унинг асосида Конституциямизга киритилган тузатишлар Олий Мажлиснинг, сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари ваколатларини янада кенгайтирди. Хусусан, Олий Мажлис ваколатларига Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш, парламент назоратини амалга ошириш киритилди. Муҳокама этилаётган ҳеч бир қонун лойиҳаси ёки Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси сиёсий партия фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан туриб, кун тартибига киритилмаяпти.
Конференцияда парламентда сиёсий партияларнинг роли ва аҳамияти хусусида сўз юритилиб, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конституциявий қонун аҳолининг ижтимоий, сиёсий фаоллигини кучайтиришда, кўппартиявийликни ривожлантиришда, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ғоят муҳим роль ўйнагани айтиб ўтилди.
Ушбу қонун парламентдаги сиёсий партиялар фракцияларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди, уларнинг қонун ижодкорлиги иши самарадорлигини оширишда тутган ўрнини, фракциялараро соғлом тортишувни сезиларли даражада оширди. Парламентдаги кўпчиликнинг ва парламентдаги мухолифатнинг ҳуқуқлари қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилди. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккита партия фракцияси — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларидан иборат “Демократик кучлар блоки” тузилган ва самарали ишлаб турибди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари тимсолида парламент мухолифати фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги дастурий маърузаси мамлакатимизда парламент фаолиятини мутлақо янгича услубда ташкил этиш ва унинг ваколатларини самарали амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришда муҳим омил бўлди. Маърузада белгилаб берилган 8 та устувор йўналиш Қонунчилик палатасининг яқин ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган режаларига асос бўлди, депутатлар томонидан ўз ваколатларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш имкониятини берадиган дастурга айланди.
Ўтган бир ярим йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Қонунчилик палатасининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини, шунингдек, қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига таъсирини оширишдаги роли ва аҳамиятини кучайтириш масаласи депутатларнинг диққат марказида бўлди. Ушбу йўналишда кенг кўламли таҳлилий ва амалий ишлар амалга оширилди.
Парламент конференциясида сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси А.Шодмонов янги таркибдаги партия фракциясининг ўтган даврда амалга оширган ишлари хусусида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, парламентдаги мухолифат сифатида “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг, энг аввало, партия электорати манфаатларини илгари сурган ҳолда қонунларни кўриб чиқиш, асосли таклиф ва мулоҳазаларни билдиришдаги малакаси, фаоллиги ва масъулияти ортиб бормоқда.
Хусусан, жорий йилда мухолиф фракция сифатида парламент тажрибасида илк бор “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири ишлаб чиқилди. Фракция аъзолари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилиниши, шунингдек, қонуннинг кучга кириши борасидаги саволларга нисбатан ўз нуқтаи назари ва таклифларини киритди. Гарчи мазкур муқобил лойиҳа қонунчилик палатаси депутатларининг аксарияти томонидан рад этилган бўлса-да, мазкур йўналишдаги қўмитага асосий қонунни такомиллаштиришда парламент мухолифатининг таклифларини ҳам инобатга олиш тўғрисида кўрсатма берилди.
Қонун ижодкорлиги йўналишида фракция аъзоларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан жами 316 та қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди. Бунинг натижасида депутатлар томонидан мамлакатдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган 65 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида таклифлар киритилди.
Қонунчилик палатаси ялпи йиғилиши кун тартибига қўйилган барча қонун лойиҳаларининг кўриб чиқилишида “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фаол иштирок этиб, улар томонидан 400 дан ортиқ таклиф, 126 марта қонун лойиҳаларига киритилиши керак бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан фракциянинг муносабати билдирилди.
Сўнгги бир ярим йил мобайнида “Адолат” СДП фракцияси аъзолари қонун ижодкорлиги жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган 52 та қонун лойиҳасида масъул депутат сифатида иштирок этди. 12 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар.
Шу билан бирга, “Адолат” СДП фракцияси қонунларнинг ижро этилиши юзасидан амалга оширилувчи назорат-таҳлил фаолиятига ҳам жиддий ёндашган ҳолда амалда мазкур фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.
2015 йил ва 2016 йилнинг биринчи ярмида фракция ўзининг асосий мақсади сифатида давлат ҳокимияти бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан қабул қилинган қонунларнинг бажарилишини парламент назорати асосида таъминлашга ҳаракат қилди.
Хусусан, “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ташаббуси билан юборилган парламент сўрови бўйича Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг “Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида”ги масала юзасидан ахбороти эшитилди.
Партия фракцияси масъул бўлган Фан, таълим, маданият ва спорт масалалар қўмитасининг ташаббусига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ҳамда Самарқанд вилоятида “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун талабларининг бажарилиши бўйича ахбороти эшитилди.
Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Бош вазир ўринбосари А.Икромовнинг тиббиёт муассасаларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техник базасини янада кучайтириш, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар иш унумдорлигини оширишга йўналтирилган масалалар ижроси бўйича парламент эшитуви амалга оширилди.
Энг муҳими, ушбу парламент эшитувлари якуни бўйича соҳага доир қонун ҳужжатларининг самарали ижро этилиши бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш, масъул идораларнинг фаолиятини кучайтириш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Экспертлар иштирокида ўтказилган конференция истиқболда парламентни янада ривожлантиришнинг муҳим масалаларини аниқлаш имконини берди. Анжуман якунида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришнинг самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Cайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси сифатида намоён бўлади....
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
ОСПХКнинг асосий мақсади мамлакатлар ва қитъалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашдир....