Ўзбекистон ва ШҲТ: муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик

/
Маълумки, ҳар бир давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро муносабатларга киришади. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган даврдан буён бу ташкилот минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган тузилма эканлигини англаган ҳолда, унинг фаол иштирокчиси бўлиб келмоқда.
ШҲТ иштирокчи давлатларига Евросиёнинг 60 фоиз ҳудуди тўғри келиб, унда ер куррасининг 25 фоиз аҳолиси яшайди, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бири ишлаб чиқарилади. Ҳозирги кунга келиб, ШҲТ йирик минтақавий ташкилот сифатида олтита иштирокчи-давлатларни – Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонни бирлаштириб, эндиликда унинг фаолияти дунё ва минтақавий жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, қисқа муддат ичида ШҲТ ҳозирги замон геосиёсатининг таъсирчан халқаро тузилмасига айланди.
ШҲТ кенг қамровли масалалар (хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият, таълим) доираси билан шуғулланмоқда. Иштирокчи-давлатлар мунтазам равишда биргаликда аксилтеррор ўқувларини амалга оширмоқдалар.
2001 йилнинг июнида ташкил этилган ШҲТда давлатимизнинг иштироки мазкур ташкилотнинг кейинги ривожланишида муҳим роль ўйнади.
Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган даврда (2003-2004, 2009-2010 йиллар) ташкилотнинг институционал-ҳуқуқий жиҳатдан шаклланиши нуқтаи назаридан муҳим ҳужжатлар имзоланди. Бундан ташқари, Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳам диққатга молик воқеа бўлди. Зеро, Битим гиёҳвандлик хавфига қарши курашда кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратди. 2010 йилда эса Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
2015 йил 11 июль куни ШҲТ раислиги навбати Ўзбекистон Республикасига ўтди. Унга қадар Ўзбекистон ташкилотга икки маротаба раислик қилган. Республикамиз ўтган давр мобайнида ШҲТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан биргаликда жаҳон ва минтақа аҳамиятига молик муаммолар ҳал этилишида ташкилот салоҳиятини, ўзаро ҳамкорлик мувофиқлашувини янада кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ролини ошириш юзасидан кенг қамровли ташаббусларни рўёбга чиқариб келмоқда.
Жумладан, 2009 йилнинг декабрида БМТ Бош Ассамблеясида БМТ ва ШҲТ ҳамкорлиги тўғрисида Резолюция қабул қилинди. Мазкур икки халқаро ташкилотлар тажрибаси ва салоҳиятининг қўшилиши халқаро ва минтақавий ҳамкорликни таъминлашнинг янги истиқболларини очиб берди.
Шунингдек, БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг 2010 йилнинг апрелидаги ташрифи давомида Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиш маросимида БМТ раҳбари Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигига юксак баҳо бериб, унинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг кўпгина долзарб масалалар ечими учун фавқулодда муҳим эканлигини таъкидлади.
Албатта, ШҲТ бошқа давлат ва минтақалар манфаатларига қарши қаратилган сиёсий-ҳарбий иттифоқ бўлмай, у ўз фаолиятида доимо очиқлик тамойилига амал қилади. Шу сабабли Ҳиндистон ва Покистондек икки ядро қуролига эга давлатнинг ШҲТга аъзо бўлиши нафақат минтақада, балки сайёрамиздаги хавфсизликни таъминлашни кучайтиради.
Марказий Осиё мамлакатларининг тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва осойишталик сари одимлаши кўп қиррали иқтисодий ҳамкорлик, тараққиёт эвазига таъминланиши шубҳасиз. Минтақа давлатларининг ниҳоятда бой табиий захиралари, илмий-интеллектуал салоҳияти ҳамда иқтисодий ва технологик имкониятлари муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-сотиқ, инвестиция ва бошқа соҳаларда ШҲТнинг барча иштирокчилари манфаатларини кўзловчи, хусусан, ўзаро ҳамкорликнинг янада ривожлантирувчи муҳим омил бўла олади.
Бу жараёда юртимиз хавфсизлиги ва барқарор иқтисодий тараққиёти, халқимизнинг осуда, фаровон ҳаёти ва бунёдкорлигини таъминлаш йўлида мамлакатимиз мудофаа қудратини кучайтириш, ташқи таҳдидларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз ҳам ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашни бугунги кунда энг долзарб масала сифатида олдимизга қўймоқда. Бу эса хавфсизликни янада мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган зарур чораларни амалга ошириш ҳар биримизнинг вазифамизга айланишини тақозо этади.
Президентимизнинг 2016 йил 21 январдаги Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасидаги бошқа тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда ушбу йирик анжуманни юқори савияда ўтказиш учун изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йирик халқаро анжуман олдидан, жумладан, 2016 йилнинг 8 апрелида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи мажлиси, 13-14 апрель кунлари эса Ўзбекистон Республикаси раислигида ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 14 апрель куни ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори билан учрашди.
Бундай халқаро миқёсдаги тадбирларнинг давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги кенг нишонланадиган йилда ўтказилиши мустақил юртимиз тарихида катта воқеа бўлишига ишончимиз комил. Мазкур анжуман давомида ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг 2017-2022 йилларда гиёҳвандликка қарши стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастурлари имзоланиши кутилаяпти. Бундан ташқари, Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни бажариш бўйича Тадбирлар режаси ҳамда ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш режасининг тасдиқланиши ҳам мўлжалланмоқда.
Бугунги кунда ШҲТ дунёнинг энг нуфузли ва жаҳонда кечаётган жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга ташкилотига айланди. Шубҳасиз, ШҲТ унга аъзо давлатларга дунёнинг турли минтақалари билан иқтисодий ҳамкорлик ва интеграция учун янги истиқболларни очиб беради ва Марказий Осиёда ҳамда ўз навбатида, халқаро миқёсда хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Омонулла МУХАММАДЖОНОВ,
юридик фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 февраль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди....