Депутатлар Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқди

/
1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ҳамда 2016 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.
Мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжатининг ҳисобот давридаги ижроси яқинда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ олдиндан барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида, қуйи палатанинг бир қатор қўмиталарида ҳукумат вакиллари, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилди. Муҳокама ўтказилишидан олдин қўшимча материаллар ва маълумотлар сўраб олинди ҳамда мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжатининг ижро этилиши механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган талай амалий таклифлар билдирилди.
Куннинг биринчи ярмида депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижросини кўриб чиқди. Мазкур масала юзасидан молия вазири Р.Азимов маъруза қилди, қўшимча маъруза билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов сўзга чиқди.
Таъкидлаб ўтилдики, ҳисобот даврида Давлат бюджети мамлакатимиз парламенти томонидан илгари тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил январь ойидаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилганлиги иқтисодиётнинг барқарор ўсишини ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлади. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш – 6,8 фоиз, чакана товар айланиши 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми – 10,8 фоиз ўсди. Мамлакат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси 5,6 фоизни ташкил этди, яъни прогноз параметрлари доирасида бўлди.
Эришилган натижалар, депутатлар фикрича, иқтисодиётда ижобий таркибий силжишларга, сифат ўзгаришларига ва ижобий тенденцияларга, шунингдек, самарали пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати ўтказилишига хизмат қилди, булар аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишига ёрдам берди.
Ўтган йили ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг турмуши сифати ва даражасини муттасил ошириш масалаларига ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилди. Жумладан, 2015 йилда аҳоли жон бошига реал жами даромадлар 9,6 фоиз кўпайди, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдори 21,9 фоиз ўсди.
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари фикрига кўра, 2015 йилда иқтисодий дастурнинг тизимли равишда ижро этилиши натижасида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиши таъминланди, иқтисодиётнинг барча соҳаси ва тармоқларини янада мувозанатли ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратилди. Бунда Давлат бюджети профицит билан ва Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ижро этилди.
Илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилганлиги, бу эса мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлардан далолат бериши алоҳида эътироф этилди. Хусусан, ҳисобот даврида илм-фанни ривожлантиришга 2014 йилнинг худди шу давридагига нисбатан 15,9 фоиз кўп маблағ ажратилди. Бунда тармоқлар бўйича давлат илмий-техника дастурларининг устувор йўналишларини молиялаштиришга 137,4 миллиард сўм йўналтирилди.
Инновацион ишланмалар дастурларини молиялаштиришга, ноёб объектларни ва илм-фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаш харажатларига, илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга ҳам катта миқдорда маблағлар ажратилди. Бу партиянинг дастурий мақсадларига тўлиқ мос келиб, партия доимо илм-фанга эътиборни кучайтириш, унинг ютуқларини ишлаб чиқаришга ва кундалик ҳаётга фаол татбиқ этишни ёқлаб чиққан.
Фракция аъзолари давлат илмий-техника дастурларининг, соҳалар бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг, шунингдек, инновацион ишланмалар дастурларининг устувор йўналишларини молиялаштиришни янада мақбуллаштириш юзасидан таклифлар билдирди.
Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.
***
Куннинг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза билан сўзга чиқди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 январда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мамлакатимизда бошланган тизимли демократик ислоҳотларнинг ва модернизациялашнинг, иқтисодиётдаги, биринчи навбатда, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги чуқур таркибий ўзгаришларнинг сўзсиз давом эттирилиши, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг илдам ривожланиши ва ушбу соҳа субъектлари манфаатларининг ҳимоя қилиниши, макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворлиги бўлиши кераклиги қайд этиб ўтилди.
Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси асосида Олий Мажлис ва давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ амалга оширилганлиги таъкидланди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди.
Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи стратегиянинг амалга оширилишини давом эттириш ва бунинг учун иқтисодиётнинг мавжуд захиралари ва имкониятларини жалб этиш мамлакатимиз ЯИМининг 7,5 фоиз ошишини таъминлади. Бунда инфляциянинг паст даражаси макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлади.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 7 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,7 фоиз, хизматлар ҳажми – 12,1 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми – 12,8 фоиз ўсди.
Йил бошидан буён минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 13 мингта якка тартибдаги янги шинам уй-жойлар қурилиши бошланган.
Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, оналар ва болаларни тиббий парвариш қилиш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тадбирлари фаол амалга оширилмоқда. Дастур тадбирларини молиялаштириш учун жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобидан қарийб 1,3 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди. Депутатлар жорий йилда Давлат бюджети кўрсаткичларининг барча давлат ва хўжалик органлари томонидан сўзсиз ва аниқ ижро этилиши заруратини таъкидлаб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати
(Материал қисқартирилган ҳолда берилмоқда).
С.ШОТЎЛАГАНОВ олган сурат
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда....
01 янв 1970
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. ...
01 янв 1970
Шу кунларда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш ишлари қизғин суръатларда давом эттирилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.