Истеъдодлар кўп, нега ёш олимлар кам?

/
Шу ўринда бу каби ихтироларнинг асоси айнан бизнинг аждодларимиз томонидан бундан неча асрлар илгари яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугун дунёнинг қай бир нуфузли олий таълим даргоҳи ёки маълуму машҳур илмий-тад­қиқот марказига борсангиз, Абу Носир ал Фаробий, Муҳаммад ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари буюк аждодларимиз номлари ҳурмат билан тилга олинади.
Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: бугун таълим олиш ва илмий фаолият билан шуғулланиш учун барча имконият яратилган бир даврда нега биздан дунё миқёсида тан олинадиган ёш олимлар етишиб чиқмаяпти? Ҳозирги даврда ҳар қандай мамлакатнинг ривожини, илмий салоҳиятини олимларининг билим-савияси, уларнинг ҳар бир соҳа тараққиётига қўшаётган ҳиссаси белгилаши ҳеч кимга сир эмас. Биз дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида муносиб ўринга эга бўлишимиз учун бугун нималарга эътибор қаратмоғимиз зарур?
Хорижий давлатлар тажрибаси, хусусан, Япония мисолида айтадиган бўлсак, кунчиқар мамлакатда бўлажак олимлар болалигиданоқ тайёрланиб борилади. Мактабда ўқиётган ўқувчилардан, албатта, ўқув йилида мустақил равишда бирон ихтиро қилиш талаб этилади. Йил давомида ўқувчилар учун махсус амалий дарслар ташкил этилиб, улар ўрганган барча билимларини амалиётда қўллашни, ўзлари мустақил изланиб бирон янгилик яратишни ўрганишади. Бу эса мамлакатда маърифатли ва яратувчан, салоҳияти етук авлоднинг шаклланишига замин яратади. Ўз навбатида, шу каби сифатли таълим дастурлари эвазига бугун Япония бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан Осиё минтақасидаги ривожланган ягона мамлакат сифатида тан олинади.
Одатда, бизнинг мамлакатимизда олим, профессор деса, кўпчиликнинг кўз олдида ёши тахминан қирқ беш, эллик, ҳатто олтмишдан ошган инсон гавдаланади. Шу ўринда савол туғилади: олимлик даражасига эришиш учун инсон кекса бўлиши шартми?
Ҳа, албатта… ахир бакалавр, магистрни тамомлагандан бошлаб бир неча босқичлик дастуру низом ва талабларни, қонун-қоидаларни бажариб, узоқ давом этган даврда фан доктори бўлганингиздан кейин ҳам, яна бир йил кутишга мажбурсиз. Бу кутиш муддати эса фақатгина сизнинг номзодингиз илмий кенгаш муҳокамасига қўйилиши учун керак, холос…
Дунё олимларининг ёшига доир баъзи далилларни келтириб ўтмоқчиман. Австралияда, гонконглик муҳожирлар оиласида туғилган Теренс Тао жуда эрта олим сифатида тан олинган, у 15 ёшидаёқ дастлабки тадқиқотларини эълон қилган. 21 ёшида Принстон университетида фалсафа фанлари доктори, 24 ёшида эса Калифорния университетида профессорлик мақомига эришган. Ёки Крис Хиратани олайлик. У 16 ёшлигида НАСАда Марс колонизацияланиши дас­тури бўйича изланиш олиб борган. 18 ёшлигида Калифорния технология институти бакалаври, 22 ёшида эса Гарвард университетида фалсафа фанлари доктори даражасини олган.
Бизнинг мамлакатимизда ҳам интеллектуал салоҳияти юқори, илм-фан билан шуғулланишни истайдиган ёшлар етарли. Аммо, афсуски, ёшлар билан ишлашга масъул мутасаддилар томонидан иқтидор эгалари тўғри баҳоланмаётгани, қўллаб-қувватланмаётгани, уларнинг билим даражасини юксалтириш, тадқиқот ишлари олиб боришига шарт-шароит яратиб бериш, яратувчанлик кўникмаларини янада ривожлантиришга етарли аҳамият қаратилмаётганлиги энг оғриқли масалалардан бири ҳисобланади.
Бир ҳаётий мисолни келтириб ўтсак. 2017 йили «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати (айни пайтда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) деб аталувчи, мамлакатимиздаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлар билан ишлайдиган, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини эгаллашга кўмаклашиши керак бўлган ташкилот томонидан “Йил сардори” деб номланган кўрик-танлов ўтказилди.
Ушбу танловда юртимизда рўй бераётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишни истайдиган ёшлар қаторида мен ҳам қатнашдим. Танлов шартларига биноан иштирокчилар янги илмий лойиҳа намойиш этиши керак эди.
Мен танловга тақдим қилган лойиҳа — “Ёш олимлар тайёрлаш маркази” деб номланганди. Лойиҳага мувофиқ (хоҳ у мактаб, олий ўқув даргоҳи ёки ёшлар ташкилоти қошида бўлсин) марказ ташкил қилиниб, унда 14 ёшдан 19 ёшгача бўлган илмга қизиқиши ва қобилияти юқори ёшларни жамлаб, уларни ёшлигиданоқ олимликка тайёрлаш, яъни ўзлари қизиққан соҳа ва яратмоқчи бўлган ихтиро, кашфиётлари устида ишлашга шарт-шароитлар яратиш, турли олий ўқув юртларидан мутахассислар жалб этилиб, машғулотлар ўтказиш каби таклифлар билдирилганди.
Лойиҳадан кўзланган мақсад ёшлар мактаб давриданоқ илмий изланишлар олиб бориб, ўзлари танлаган соҳа бўйича олий ўқув юртларига кирса, ўз илмий ишларини давом эттириши мумкин. Яъни институтга кирган, илм билан шуғулланишни истаган ҳар бир йигит-қизнинг аниқ мақсади бўлади. Ва шу мақсад сари интилиб, изланиб, яшайди.
Энг муҳими, бундай марказларда илм-фан, инновацион ишланмалар, ихтиро ва кашфиётлар билан шуғулланган ҳар бир тенгдошимда Ватанимизда юз бераётган барча жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси билан яшаш, мустақил фикрлаш ва яратувчанлик қобилиятларини шакллантириш учун имконият яратилади.
Аммо, афсуски, танлов якунида бундан бир йил олдин республика бос­қичида 3-ўринни эгаллаган ўқувчининг лойиҳасини уялмасдан ўзлаштирган, шахмат-шашка мусобақаларини ва шеърхонлик эстафетасини ташкил этиш ҳақидаги лойиҳа соҳибаси ғолиб топилди.
Албатта бундай ҳолат биз учун янгилик эмас. Чунки барчамиз юқорида тилга олинган ташкилот номини эшитганданоқ фақат тадбирлар ва адолатсиз танловлар ўтказиш билан шуғулланадиган, уч-тўртта ўзини у ёки бу жамоатчилик ишларида кўз-кўз қилган ёшлардан ташкил топган жамоани тушунамиз-да...
Ана шундай ҳолатлардан кейин юртимизда ўсиб-улғаяётган ёш авлоддан қандай истиқболли, келажакка етакловчи юксак натижаларни кутиш мумкин?
Бугун — инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантириш даври. Президентимиз фундаментал билим-савияга эга ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Аммо баъзи мутасаддилар ҳали ҳам буни тушуниб етмаяпти. Наҳот неча йиллардан бери қимир этмай келаётган қобиқни ёриш, изланиш ва яратиш даври келганини англаб етиш шунчалик қийин бўлса?
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ҳар бир давр, ҳар бир жамият ва ҳар қандай жараёнда ҳам юрт тараққиётини ҳаракатга келтирувчи, унинг истиқболини таъминлаб берувчи энг қудратли куч бу — илму маърифат, билимдир. Шундай экан, юртимизда бу соҳага бўлган муносабатни кескин ўзгартириш, бунда жаҳон тажрибасидан самарали фойдаланиш лозим. Ана шунда биз узоқ кутган ёш олимлар, ихтирочилар, кашфиётчиларнинг катта қатлами пайдо бўлади.
Зилола АҲМЕДОВА,
талаба

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимиз саломатлигини асраб-авайлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш энг устувор вазифалардан бирига айланди. ...
01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Айниқса, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар биз учун қанчалик аччиқ бўлмасин, барчаси ҳақиқат эканлигини англаб турибмиз...