Талабани ким ўйлайди?

/
Барча турдаги таълим йўналишларида янги ўқув йили одатдагига нисбатан анча кўтаринки кайфиятда бошланди ва давом этмоқда, фақатгина олий таълим муассасалари бундан мустасно. Чунки талабалар учун стипендия миқдори бирхиллаштирилган ҳолда жуда кам қилиб белгиланиши талабаларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Август ойининг охирги ўн кунлигида касбий фаолиятим туфайли meningfikrim.uz жамоавий мурожаатлар портали вакиллари маъруза қилган бир тадбирда иштирок этдим. Мазкур тадбирда бу йил нега олий таълим муассасалари учун белгиланган контракт миқдори эълон қилинмаётганлиги, meningfikrim. uz жамоавий мурожаатлар порталида контракт суммаларини камайтириш юзасидан қўйилган таклиф белгиланган 10 000 дан ортиқ овоз тўплаган бўлса-да, ҳукуматнинг масъул вакиллари томонидан кўриб чиқилмаётганлиги тўғрисида савол берилди. Шунда портал муассисининг раҳбари мазкур таклиф Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилаётганлиги, яқин кунларда контракт суммалари сезиларли даражада камайтирилиши, шунингдек, талабаларга қўшимча имтиёзлар яратилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинишини маълум қилган эди.
Мазкур қарор кечикиб бўлса-да чиқди. Аммо контракт суммалари камайтирилиб эмас, аксинча ошган ҳолатда. Дастлаб бунга кўп ҳам эътибор бермадим. Қандайдир чалкашлик бўлгандир, чунки ижтимоий тармоқларда талабалар агар стипендия олмай ўқиса, 400 минг сўмдан ҳисобланиб, бир йилда 4 800 000 сўм контрактидан чегириб ташланиши тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Ушбу икки ҳолат мутасаддилар томонидан қайта кўриб чиқилиб, бу ҳақда маълумот эълон қилиниши, масалага аниқлик киритилишини кутгандим. Чунки, кейинги пайтларда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ўзгариб туриши янгилик бўлмай қолди.
Аммо 10 сентябрь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари томонидан бугун олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар учун бир хил миқдорда стипендия жорий қилинганлиги, айнан талабаларнинг истаги асосида шу қарорга келингани таъкидланди. Майли, қора рангнинг оқлигини қандай исботлаш уларнинг иши. Мен талаба эмасман, аммо талабалик даврини бошимдан ўтказганман. Шу боис бу борадаги айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашсам.
Биринчидан, мазкур қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) га қўйилганми? Нега айрим (бирор йўлини қилиб олий таълим даргоҳига кириб, бу ёғига ҳам ўзлаштиришни истамаган) талабаларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилинди, деган савол туғилади. Модомики, талабалар истаги дея таъкидланар экан, бу қарор лойиҳа сифатида кенг жамоатчилик, жумладан, талабалар муҳокамасига ҳам қўйилиши шарт эди.
Иккинчидан, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган энг катта муаммо — бу кадрлар етишмаслиги ва мавжуд кадрларнинг интеллектуал салоҳияти юқори эмаслигидадир. Шундай шароитда талабанинг ўқишдан кўнглини совитишдан ким ва қандай наф топади?
Бу ҳолатда талабаларга илм олиб, етук кадр бўлишдан кўра ўз вақтида контракт пулини, ижара ҳақини тўлашда оиласига ёрдамлашиш учун қўшимча ёлланма меҳнат қилиш асосий муаммога айланиб қолмайдими? Буларнинг барчаси шундоғам танқидий фикрларга сабаб бўлаётган олий таълим сифати янада пасайиб кетишига олиб келмайдими?
Учинчидан, нега талаба ўзи ҳақли бўлган маблағни кимнингдир тавсияси орқали олиши керак? Ахир бугун жамиятимизда коррупцияга қарши курашишнинг энг таъсирчан усули — ҳар қандай соҳада инсон омилини камайтириш, электрон ҳукумат тизимини жадаллаштириш талаби бўлиб турган бир вақтда буйруқбозликни кўпайтиришдан кимга қандай манфаат бор? Ректорлар кимга қанча қўшимча стипендия ажратиш ҳақида бош қотиргандан кўра, ўзи раҳбарлик қилаётган олий ўқув юртида таълим сифатини қандай ошириш, қайси халқаро рейтинги юқори ОТМлар билан ҳамкорлик қилса талабаларига кўпроқ манфаатли бўлиши, тўланган контрактдан талабаларга кам стипендия тўлаш эвазига қопланаётган 68 фоиз фойдани ошириш ўрнига ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш ҳақида бош қотиришса яхши бўлмайдими?
Тўртинчидан, нега ўзгаришлар фақатгина Тошкент шаҳри ва бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг даромадларидан келиб чиқиб белгиланмоқда? Наҳотки, улар республикамизнинг олис ҳудудларида бўлмаган, мактаб ва ҚВПдан бошқа бирор-бир бюджет ташкилоти фаолият олиб бормайдиган ўн минглаб қишлоқларни, бир қанча аҳоли ишсизлик, моддий етишмовчиликдан азият чекиб яшаётганини кўрмаган? Ёки улар у стипендиядан бу стипендиягача аранг етиб оладиган талаба бўлмаганмикан?
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислари тизимдаги ислоҳотларни талабаларнинг истак-хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда олиб боришни маъқул кўрса, талабаларнинг ОТМларда контракт тўловларини камайтириш, дарс сифатини ошириш, ўзлаштириш даражаси, ўқишга киришда тўплаган балларига қараб контракт суммасини белгилаш каби талабларини ҳам инобатга олиб қарор қабул қилишга эришишлари керак эди.
Негадир ҳисоб-китобга келганда фақат талабаларнинг тўлаган контракти қилинган харажатларнинг 68 фоизини қоплаши кўринади-ю, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳақида сўз юритилмайди. Ёки бериладиган 400 000 сўмлик стипендия нималарга етиши ва талаба эҳтиёжининг неча фоизини қоплаши ҳақида ўйлайдиган мард бормикан, вазирликда?!
Хулоса қилиб айтганда, қайсидир соҳадаги хатоларни тузатиш мумкиндир. Аммо таълим ва тарбиядаги хатони тўғрилашнинг бирдан-бир йўли бутун бошли авлод алмашинуви билангина амалга оширилади. Буни унутмаслик керак.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқаронинг ва вояга етмаган шахснинг тирик эканлигини тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади?...
01 янв 1970
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабаларга таълим кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар мавжудми?...
01 янв 1970
Бугун биз янгиланаётган даврда яшаяпмиз. Халқимиз буни сезиб, ҳис қилиб турибди.
01 янв 1970
Уйимизнинг ҳужжатларини йўқотиб қўйдик, қайта олиш учун нима қилишимиз керак?