Яхши қўшничилик — аждодлар орзуси

/
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, вақт тушунчаси уларнинг маъно-моҳиятини тўла очиб беришга ожизлик қилади. Чунки, қатрада қуёш акс этганидек, бу лаҳзалар миллатнинг тақдирига, миллий ва маънавий тараққиётга бевосита дахлдор бўлиб, тарих саҳифаларига мустаҳкам нақшланиб қолади. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши мазмун-моҳиятига кўра шундай воқеалардан биридир.
Йигирманчи аср адоғида халқимиз оламшумул тарихий ғалабага эришди — истибдод занжирлари узилиб, миллий мустақилликка эришдик, тақдиримизни ўз қўлимизга олдик, қизил салтанат исканжасидан, унинг ғайриинсоний мафкураси ва сохта қадриятларидан озод бўлдик. Ўта оғир ва мураккаб шароитда қўйган дастлабки қадамларимиз даврнинг қалтис синовларига тўғри келди, не бахтки, халқимизнинг буюк бардоши, сабр-қаноати боис, бу синовлардан зиён-заҳмат кўрмай, тинч-омон ўтиб олдик, янги жамият барпо этиш, янги баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги ҳаракатларимиз асло сусаймади. Бугун биз янгиланаётган Ўзбекистонда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг янги инсонпарвар сиёсати билан дунёнинг янги-янги кенгликларига интилиб яшамоқдамиз. Дунё нигоҳи бугун Ўзбекистонга қаратилган десак, муболаға бўлмайди. Яқинда Самарқанд ва Қўқонда ўтказилган халқаро тадбирлар буни яққол исботлади. Шу маънода мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши янги тарихимизнинг ёрқин саҳифаларидан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Тарихдан аёнки, туркий тилли дунё қадим-қадим замонлардан бери дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшиб келган. Маданият, илм-фан ривожида Европага муаллимлик қилган. Буюк боболаримизнинг илмий-маънавий мероси бугун ҳам дунёнинг аксар мамлакатлари илм-фани, маданияти ва бошқа соҳалари ривожида муҳим аҳамият касб этади. Ўтган йили Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деган эди. Давр синовидан ўтган ушбу ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиш мамлакатимизнинг айни шу соҳалар бўйича салоҳиятини янада оширади, тили ва дини, тарихий илдизлари бир халқларимиз ўртасидаги дўстлик, иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларга янгича мазмун кашф этади, туризм янада кучаяди, деб ўйлайман. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми бир йилнинг ўзида қирқ фоизга ошган, Кенгашга аъзолик ушбу рақамни янада ошириши шубҳасиз.
Ҳозир 2009 йили Нахичеван шаҳрида имзоланган Битимга биноан, ушбу Кенгашга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатлари аъзо бўлиб, ташкилот таркиби Туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллар кенгаши ва Истанбул шаҳрида жойлашган Котибиятдан иборат. Ҳозиргача ҳамкорлик Кенгашининг олтита саммити ўтказилган. Режага кўра, навбатдаги саммит шу йилнинг 15 октябрида Боку шаҳрида ўтказилади ва унда Ўзбекистоннинг олий даражадаги делегацияси кенгашнинг ҳақиқий аъзоси сифатида иштирок этади.
Давлатимиз раҳбари ҳозирнинг ўзидаёқ савдо-иқтисодий алоқалар ва инвестициявий ҳамкорликни Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида янада кучайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида манфаатли кооперация алоқаларини кенгайтириш вазифасини қўймоқда. Аъзо давлатларнинг ҳар бири бундай ҳамкорликдан, шубҳасиз, фойда кўрадилар. Бундан ташқари, адабиёт ва санъат, илм-фан, таълим соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлиши аниқ. Бугун Ўзбекистон ўзининг янги йўли, очиқ сиёсати, миллий ва умуминсоний қадриятларни сақлаш борасидаги ибратли ишлари билан маърифий дунёнинг юксак баҳо ва эътирофига сазовор бўлиб турган бир пайтда, ушбу Кенгашнинг бошқа аъзолари ҳам мамлакатимиз билан манфаатли алоқаларни кучайтиришдан манфаатдордирлар.
Ўтмиш боболаримиз бизга ҳамиша якдил ва ҳамфикр бўлиб яшашни, муаммоларни биргаликда, бамаслаҳат ҳал қилишни васият қилиб кетганлар. Президентимизнинг яхши қўшничилик сиёсати ушбу васиятнинг янада тўла амалга ошишига кенг йўл очмоқда. Бу йўлдан нафақат Ўзбекистон, бутун туркий дунё тўла баҳраманд бўлишига шубҳа йўқ.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Чингиз Айтматов номидаги халқаро илмий академияси академиги

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
01 янв 1970
Аждодларимиз фарзанд тарбиясига бениҳоя масъулият билан ёндашгани бежиз эмас.
01 янв 1970
Ҳофиз агар мумтоз ашулалардан ижро этмаса, эътибор топмайди.
01 янв 1970
Йўл патруль хизмати ходимлари мендан тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичлик камзул бор-йўқлигин...