Электоратнинг фикр ва таклифлари янги дастур лойиҳаларини такомиллаштиради

/
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сиёсий Дастури ҳамда Сайловолди дастури лойиҳалари патия тизимида кенг муҳокама қилинмоқда. Муҳими, мазкур муҳокамаларда иштирокчилар мамлакат ҳаёти ва юртимизнинг ҳар бир ҳудуди, шаҳар ва туманларни янада ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришга доир ўз фикр ва таклифларни билдириб, партиямизнинг янги дастурлари лойиҳаларини такомиллаштиришга ҳисса қўшмоқдалар.
Қуйида ана шундай муҳокамаларда ўртага ташланган айрим фикр ва таклифлар билан танишасиз:

 
ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛСА
Муниса МАНСУРОВА,
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги БПТ раиси:

— Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи “Адолат” СДПнинг энг асосий вазифаларидан бири саналади. Бугунги кунда интернет ёшларимизнинг ахборот ва маълумот олишининг асосий манбаларидан бирига айланди. Очиғини айтганда, улар фойдаланаётган ахборотлар ичида илмий-маърифий маълумотлар ҳам мавжудлиги, ўқувчи ва талабалар ўқув масканлари ва бошқа жамоат жойларида ҳам интернетдан фойдаланиш зарурати борлигини кўрсатади. Шуни назарда тутиб, партия жамоат жойларида бепул “вай-фай” (WF) ҳудудларини ташкил этиш чораларини кўриши керак, деб ўйлайман.
Албатта, ёшларимиз интернетдан қай мақсадда фойдаланишади, бу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим. Партия фаоллари ёшлар билан таъсирчан тарғибот тадбирлари орқали уларни турли ахборот хуружларидан огоҳлантириб бориши айни муддаодир. Бунда глобал тармоқдаги жиноятчиликлар ва уларнинг оқибатларини мисоллар билан тушунтириб берувчи семинар-тренинглар ўтказиш ижобий ўрин тутади.
Шу билан бирга, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотлари чоғида ёшлар кенг қамраб олинса, улар даврасида интернет маданиятига оид маърузалар ўқилиб, ёшлар билан фикрлашиб турилса, турли мафкуравий хуружлар, ғоявий ўйинларга қарши уларнинг онг-шуурида иммунитет ҳосил қилган бўлардик.

ИШЧИ-ХИЗМАТЧИЛАР МАНФААТИ КУЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоси:

— Партиямизнинг дастур лойиҳалари қуйи ташкилотларимиздан келиб тушган таклифлар асосида шакллантирилиши эътиборга молик. Чунки қонун ҳужжатлари, қарор ёки тегишли дастурларнинг ижроси, асосан, қуйи тузилмалардан бошлаб таъминланади.
Бугунги кунда партиянинг асосий электорати ҳисобланган ишчи-хизматчиларнинг манфаатлари ҳамма жойда ҳам тўлиқ ҳимоя қилинган, дея олмаймиз. Сўнгги йилларда барча соҳаларда ўзгаришлар, янгиланишлар кузатилмоқда, аммо касаба уюшмалари фаолиятида бу ўзгаришлар етарлича кузатилмаяпти.
Партия ўз Сиёсий дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда ишчи-хизматчилар манфаатларига алоҳида эътибор қаратиб, бунда касаба уюшмалари фаолиятини жонлантириш, уни ходимларнинг ҳимояси билан фаол шуғулланувчи ташкилотга айлантириш ҳақида ўз олдига аниқ вазифалар белгилаши зарур.
 
МАСОФАВИЙ МЕҲНАТ ТАШКИЛ ҚИЛИНСА
Малоҳат МУСАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Иш фаолиятимизда шунга амин бўламизки, олий маълумотли аёлларнинг аксарияти жамиятда ўрнини топиб, бирор меҳнат жамоасида ишлайди. Аммо кўпинча ўрта маълумотли хотин-қизлар иш топишда қийналаётгани кўзга ташланади. Демак, уларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Табиийки, аёллар ҳомиладорлик ва бола парваришлаш даврида бир муддат меҳнат жамоасидан узилиб қолади, бу оила бюджетига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.
Демоқчиманки, ўрта маълумотли аёллар ўртасида уй шароитида, масофавий амалга ошириш мумкин бўлган меҳнат турларини оммалаштириш вақти келди. Аёлларга мос ва уйда бажариш мумкин бўлган, қўшимча имконият ва имтиёз берувчи иш ўринларини кўпайтириш лозим.
Яна бир таклифим, жойларда аёллар психологик марказларини очиш билан боғлиқ. Тўғри, маҳаллаларда аёллар маслаҳатхоналари фаолият юритмоқда. Лекин ҳаммасининг ҳам иши кўнгилдагидек эмас. Аёллардан мазкур маслаҳатхоналарда мутахассислар иш жойида ўтирмаслиги, бор бўлган тақдирда ҳам жўяли ёрдам кўрсатолмаслигидан шикоятлар келиб тушмоқда. Бундай нохуш ҳолатлар партия ушбу тизим устидан ўз назоратини ўрнатиши лозимлигини тақозо этади.
 
ҚОНУН ИЖРОСИДА НАЗОРАТНИНГ ЎРНИ
Ҳафиза ТЎХТАЕВА,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати:

— Биз тиббиёт ходимлари соҳа ривожи йўлидаги таклифларимиз, муаммолар ечимига оид фикрларимизни партия фаолларига етказишни қулай ва самарали усул, деб баҳолаймиз. Чунки ҳар қандай масала ечими қонуний ифодасини топгандагина ўз кучига эга бўлади.
Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унда жуда долзарб масалалар кўтарилган. Аммо ушбу ҳужжатнинг барча моддалари тўла амал қилиши осон иш эмас, бунда тиббиёт ходимларидан катта масъулият, аҳолидан эса тиббий саводхонлик талаб этилади. Мазкур қонун ижроси тегишли соҳа ходимларининг саъй-ҳаракати билангина эмас, фуқароларнинг бу борадаги тушунчаси, интилишлари ва репродуктив саломатлик қоидаларига амал қилиши билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.
Мазкур қонуннинг барча моддалари амалда ишлаши устидан партия назорат ўрнатишини таклиф қилган бўлар эдим. Бунда репродуктив саломатликни сақлаш юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш муҳим ўрин тутади.
Жумладан, қонуннинг 13-моддасида вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлиги ҳақида сўз юритилган. Хусусан, жинсий тарбия ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказиш белгиланган. Бундан кўринадики, ушбу қонуний асос барча бўғинлардаги партия ташкилотлари олдига янги вазифалар қўяди. Дарҳақиқат, ёшларни оилавий ҳаётга тўғри тайёрлаш масаласи “Адолат” СДПнинг муҳим мақсадларидан бирига айланмоғи даркор.
Ўсмирларнинг тиббий саводхонлиги — долзарб масала. Одатда ўсмирлар тиббий кўрикдан ўтишга ҳафсала қилишмайди, бунга фаолиятимиз мобайнида кўп гувоҳ бўлганмиз. Ота-оналар ва таълим муассасаси томонидан уларнинг бу борадаги билимларини ошириб бориш ҳам яхши самара беради.
 
ДАРСЛИК: АУДИО-ВИЗУАЛ ВАРИАНТИ ҲАМ КЕРАК
Нуриддин РАЖАБОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши матбуот котиби:

— Бизга маълумки, ўқувчиларнинг билим олишида ўқув адабиётлари етакчи ўрин тутади. Шу маънода бугунги ўқув адабиётларини нашр этишда инновацион ёндашувларни жорий этиш, хусусан, дарсликларнинг аудио-визуал варианти билан бирга нашр этилишини таъминлаш партия дастури лойиҳасида ўз аксини топса, деймиз. Бу ўқувчиларнинг фанни ўзлаштиришида самарали ёндашув бўлиб, уларнинг қизиқишини оширади. Шу билан бирга, дарсликнинг мукаммаллиги, ундан фойдаланишда қулайлик таъминланади.
Бугун олий ўқув юртларида таълим олаётган талабалар учун дарсликлар етишмаслиги фанларни пухта ўзлаштиришда ўз таъсирини ўтказмоқда. Шундан келиб чиқиб, дастур лойиҳасига аниқ фанлар ва ижтимоий-гуманитар фанлардан етарли миқдорда дарсликлар нашр этилишини, қўшимча адабиётларни махсус интернет порталига лозим даражада жойлаштиришни ташкил этишда партия ташаббус кўрсатишини таклиф қилган бўлар эдим.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги дастурлари лойиҳаларига доир барча таклифлар партиянинг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, доимий таҳлил этиб борилмоқда. 
Дурдона АЛИМОВА, 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан жойларда мазкур қонун талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасиди...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Конимех туман Кенгашининг шу йил 25 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида мазкур маҳаллий Кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат&...
01 янв 1970
— Гаров тушунчаси, гаров тўғрисидаги шартноманинг шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳақида маълумот берсангиз....