Сиёсий партиялар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик — демократик жараёнларнинг муҳим белгиси

/
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари

Инсониятнинг бугунги тараққиёт босқичини халқаро ҳамкорликлар даври, деб аташ мумкин. Давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари мунтазам кенгайиб, мулоқотлар турли йўналишларда ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, буни халқаро миқёсда йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бугунги фаолият кўлами, унинг келгуси мақсад-вазифалари, дастурлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатилгани халқлар фаровонлиги, тинч ҳаёти ва ҳар бир аъзо мамлакатнинг тараққиёти учун хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида имзоланган ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳам бу фикрларнинг яна бир тасдиғидир.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида ташкилот аъзолари ўртага ташланган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатликда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлиги диққатга сазовордир. Бу ҳолатни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ШҲТнинг Остона (2017 йил) ва Циндао (2018 йил) саммитларида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Циндаода Давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинди.
Президентимиз яқинда бўлиб ўтган ШҲТнинг Бишкек саммити давлат раҳбарлари Кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида ҳам ташкилот доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид яна бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Хусусан, давлатимиз раҳбари долзарб таклифларининг бешинчисида “ШҲТ доирасида парламентлараро мулоқотни тиклашга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу янги механизм Ташкилот имкониятларини кенгайтириб, фаолиятимизга парламентарийлар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш имконини беради”, деган фикрлар сиёсий партиялар ҳаётида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.
Аввало, ушбу ташаббус партиямиз Сайловолди дастурига тўла ҳамоҳанглигини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, дастурда партиямизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатлари билан гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ўзаро муносабатларни кенгайтириш ва мазкур мамлакатларда истиқомат қилаётган халқларнинг фаровонлигини янада ошириш мақсадидаги трансчегаравий, транспорт-коммуникация, инфратузилмавий ҳамда ижтимоий лойиҳалар тарафдори” экани таъкидланган.
Маълумки, кейинги йилларда бир қатор хорижий давлатлар билан мамлакатимизнинг икки томонлама ҳамкорлик муносабатларида парламентлараро алоқаларга ҳам эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакат раҳбарларининг давлат ташрифлари доирасида парламент вакилларининг иштирок этиши таъминланмоқда. Пировардида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари хорижий давлатлар қонунчилик фаолиятини ўрганиш ва тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори сиёсий партиялар фаолиятида ҳам кўплаб ўзгаришлар содир бўлди. Улардан бири сиёсий партиялар учун халқаро алоқалар майдони яратиб берилганидир. Масалан, Ўзбекистон “Адолат” СДП мисолида оладиган бўлсак, сўнгги икки ярим йил ичида партиямиз вакиллари 3 марта хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган анжуманларга ташриф буюришди. Партиямизнинг яқин 10 йилликдаги тарихини олиб қарасак, бу анча салмоқли рақам ҳисобланади. Сафарлар давомида хорижий мамлакатлар сиёсий партиялари билан фойдали мулоқотлар бўлиб ўтди, фикрлар алмашилди.
Айни пайтда сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбари юқоридаги таклифни билдирар экан, масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратди.
Дарҳақиқат, ушбу йўналишдаги ҳамкорлик дунёнинг каттагина ҳудудини қамраб олган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-маърифий алоқалар ривожланишини янги поғонага кўтаради. Жумладан, парламентимиз қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам қонунларни янада мукаммал ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди.
Президентимизнинг ушбу таклифи ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ШҲТга аъзо давлатлар партиялараро алоқалари томонлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади. Юртимизда фаолият юритаётган сиёсий кучлар бевосита хорижий давлатлардаги сиёсий партиялар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришади. Шу аснода улар билан кўп томонлама партиявий ҳамкорлик йўлга қўйилади, ўзаро тажриба алмашилади, зарур хулосалар чиқарилади. Бу эса, ўз навбатида, томонларнинг партиявий фаолияти ривожланишига ва демократик жараёнларга янада мослашувига хизмат қилади.
Айтиш керакки, ШҲТга аъзо давлатлар ва кузатувчи давлатларнинг асосий қисмида социал-демократик партиялар фаолият юритади. Демак, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам энди улар билан тўғридан-тўғри алоқага киришади, мулоқот олиб боради, тажриба алмашади.
Партия Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиш ҳамкорлигимизнинг устувор жиҳатига айланади. Бу эса, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи янги-янги ғоялар пайдо бўлишига туртки бериши табиий. Зеро, Президентимиз 2017 йилнинг 12 июлда видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам “... сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши, бунда жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш фойдадан холи бўлмайди”, дея алоҳида эътибор қаратган эди.
Давлатимиз раҳбарининг сиёсий партиялар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган бу илғор ташаббуси ижросида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси иштирок этиши Сайловолди дастуримизда назарда тутилган ташқи алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
МАДАНИЯТ ВА СПОРТ СОҲАСИДА БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Наманган вилоятида ҳам шу йил май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва у...
01 янв 1970
Шу йилнинг февраль ойида Фарғона вилояти адлия бошқармасига Тошлоқ туманидаги “75-сонли автокорхона” масъулияти чекланган жамияти раҳба...
01 янв 1970
Жорий йил фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида сифат жиҳатидан янгиланиб, юртимизда кучл...