Пульмонолог кадрларни тайёрлаш – давр талаби

/
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза қилиш учун пухта замин яратмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазкур тармоқ тараққиётида муҳим омил бўлади.
Сўнгги йилларда аҳоли орасида сурункали ўпка касалликларига учраган беморлар сони маълум даражада ошгани кузатилиб, бу ҳолатнинг олдини олишга хизмат қилувчи функционал ташхислаш ишлари амалга оширилмаётгани жиддий муаммолардан бири эди.
Шу боис Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ҳам 2018 йилда жамоатчилик назорати тартибида болалар орасида сил касаллигини эрта аниқлаш мақсадида ўтказилаётган манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати жойларда уйма-уй юриб, мактабларда ўқувчи ёшлар ва мутахассислар билан суҳбат уюштириш орқали ўрганилди.
Ўрганишлар давомида бугунги кунда мамлакатимизда “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 24 октябрдаги сил касаллиги профилактикаси тўғрисидаги 383-сонли буйруғига асосан касаллик хавфи остида бўлган болалар ўртасида сил касаллигини скрининг текшириш мақсадида туберкулин синамаси ўтказиб келинаётгани, 2010-2015 йилларда эса умуман ўтказилмаганлиги маълум бўлди. Туберкулин ва диаскинтест препаратлари етарли эмаслиги бунга сабаб бўлаётганлиги қайд этилди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича партиямиз томонидан масъул идораларга тегишли таклифлар билдирилган эди.
Президентимизнинг мазкур қарорида белгиланган вазифалар партия томонидан кўтарилган масалаларга ҳам ечим топишда муҳимлиги бизни қувонтиради. Айтиш лозимки, фтизиатрия муассасаларида тиббий жиҳозлар ва техникаларнинг етишмаслиги сил касали ва ўпканинг носпецифик касалликларига чалинган беморларга ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатни яхшилаш мақсадида соҳада инновацион усулларни жорий қилиш ҳамда 2019 йил 1 сентябрга қадар сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари, шунингдек, фтизиатрия муассасаларини моддий-техник жиҳозлашнинг замонавий клиник қўлланма ва протоколлари, ташхис ва даволаш сифатига оид стандартларини ишлаб чиқиш қарорда кўрсатиб ўтилган. Бу эса мазкур турдаги касалликка чалиниш ҳолатларининг камайиши ва даволаш ишлари самарали ташкил этилишида ижобий таъсир қилади.
Қарорга кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясида, кейинчалик бошқа тиббиёт олий таълим муассасаларида “Пульмонология” мутахассислиги бўйича магистратурада ва клиник ординатурада кадрларни тайёрлаш фақат давлат грантлари асосида амалга оширилади. Бундай имконият эса пульмонолог кадрлар сонининг ортиши орқали ушбу йўналишда тиббий хизматнинг яхшиланиши, касалликка чалинган беморларни тўлиқ қамраб олиш ва даволашда муҳим амалий аҳамият касб этади.
Маҳбуба ОРИФХОНОВА,
Тошкент шаҳар ўсмирлар диагностика маркази бош шифокори,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Юнусобод туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилда фарзандим юртимиздаги олий ўқув юртларидан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди....
01 янв 1970
Такрорий экин янада мўл ҳосил, икки карра кўп даромад демакдир.
01 янв 1970
Улуғ донишманд, немис адиби Гётенинг фикрлари асрлар оша инсониятни табиатга тўғри муносабатда бўлишга ундаб келади....
01 янв 1970
1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин. ...