Жангчи-фахрийлар эл ардоғида

/
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги республикамизда кенг нишонланди. Ушбу тантанали тадбирларда иштирок этиш учун МДҲ мамлакатларидан фахрий меҳмонлар келди. Улар юртимизда Афғон уруши қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига қаратилган эътибордан мамнунлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши аъзоси Талъат Муродов билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

— Мустақиллик майдонидаги Хотира китобларига Афғон урушида қатнашган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузуми ва мустақиллигини ҳимоялашда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг исмлари ҳам зарҳал ҳарфлар билан битилаётганини эшитиб, не-не кўнгиллар таскин топгандек бўлди.

— Дарҳақиқат шундай. Афғон урушида ҳалок бўлган ўғлонларни ёдда сақлаш инсоний бурчимиздир. Гарчи қўшинлар олиб чиқилганига ўттиз йил бўлса-да, жигарбандидан айрилган оналарнинг кўз ёшлари қуриб битганича йўқ. Маълумотларга кўра, Афғон урушида 65 минг нафар ўзбек йигитлари қатнашиб, 1500 нафардан кўпроғи ҳалок бўлган. Уларнинг аксари 18-19 ёшли йигитлар… Афғон урушида қатнашиб, ҳалок бўлган ўғлонларимиз номлари аввал ўзлари униб-ўсган маҳалла ва кўчалар, ўзлари ўқиган мактабларгагина қўйилганди. Энди эса уларнинг номини абадийлаштиришга республика даражасида эътибор қаратилаяпти. Мана, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар қатори Хотира китобларига ёзилаяпти. “Ватанпарвар фидойилари” шиори остида ўтказилаётган ҳарбий-ватанпарварлик акцияси доирасида жангчи-фахрийлар ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари истиқомат қилаётган уй дарвозасига “Бу ерда уруш фахрийси, байналмилал жангчи яшайди” ва “Бу ерда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оиласи яшайди” пешлавҳаларини тайёрлаш ҳамда ўрнатиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Афғонистон ҳамда бошқа чегараланган ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, Ўзбекистон жангчи-фахрийлари, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.
— Шу ўринда, жангчи-фахрийлар ва уруш ногиронларининг соғлиғини тиклаш, уларни тиббий реабилитацияси, сиҳатгоҳларга йўлланмалар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тарбирларга тўхталиб ўтсангиз.
— Бу борада бирлашмамизга Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалий кўмак бермоқда. Тегишли тиббий хулосага асосан афғон уруши ногиронларига протез-ортопедик буюмларнинг барча тури (қўл протезлари, унга мосламалар, протезларга қўлқоплар, оёқ протезлари, жумладан, захира ва ишчи протезлар), ортопедик аппаратлари, корсетлар ва протез-ортопедик буюмларнинг бошқа турлари, протезларга пойафзаллар ва ортопедик аппаратлар, шунингдек, ортопедик пойабзалларнинг барча турлари, бандаж ва бошқа турдаги буюмлар (қўлтиқтаёқлар, ҳассалар, даволаш бандажлари), эшитув аппаратлари ва овоз ҳосил қилувчи аппаратлар, тиш, жағ ва кўз протезлари (қимматбаҳо металлдан ясалган тиш протезларидан ташқари буюмлар) навбатдан ташқари бепул тайёрлаб берилади.
Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб деганларидек, ҳозир бирлашмамизнинг ўзида жангчи-фахрийлар ва уруш ногиронларининг ўзлари ўзларига қулайлик бўлиши учун турли мосламаларни яратаяпти. Масалан, ногиронни аравачасида зинадан олиб тушиш мосламасига айни пайтда меҳмонхоналар қизиқиш билдирди. Банк билан ҳамкорликда кар ва соқовлар учун яратган махсус дастуримиз ҳам эътирофга молик бўлди. Энди бундай тоифадаги кишилар бемалол молия муассасасига бориб, мақсад-муддаосини баён эта олади. Дастур шарофати билан банк ходимлари ҳам уларни тушунади. Ногиронлар учун кўчма ванна, пульт билан бошқариладиган аравача, ҳаракатланишга кўмаклашувчи мосламалар… Буларнинг бари жисмоний имконияти чекланган кишиларга қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.
— Жангчи-фахрийларни ишга жойлаштириш, уларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун имтиёзлар ҳам борми?
— Албатта, бор. Бу борада бизга республикамиз тижорат банклари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги амалий кўмак бериб келмоқда. Масалан, мутахассисликка эга бўлмаган, шунингдек, соғлиғига кўра касбини ўзгартиришга муҳтож бўлган ёки янги касб эгаллашни хоҳлаган ногиронлар махсус ўқув-ишлаб чиқариш марказларида малака ошириши мумкин. Жангчи-фахрийлар тегишли касб ёки ишлаб-чиқариш малакасини ўташ даврида тўлиқ давлат таъминотида бўлади.
Жангчи-фахрийларга тадбиркорлик фаолияти билан, масалан, ҳовлисида чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш, иссиқхона ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар берилаяпти.
Афғон уруши қатнашчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда бирлашмамизга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳам яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
“Adolat” мухбири Суюндик МАМИРОВ суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.
01 янв 1970
Бизга маълумки, шартномалар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солишда асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 6 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенг...
01 янв 1970
Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати да...