Умр манзилларида

/
Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, олға юришга ундайди. Йўл нотекис, манзил эса ҳали олис. У минг бир синовларга дуч келар, қоқилиб йиқилар балки, оёқлари ҳолдан тойиб қадам ташлаш азоб бўлса ҳам шу биргина чироқ шуъласига умид қилиб йўл юраверади. Ўша бир тутам нур йўловчининг жонига мадор, қалбига қувват бағишлайди. Сен тўғри йўлдан одимлаяпсан, сабр қилсанг, ёруғ манзилга адашмай етиб оласан дегандек, милтиллаб шуъла сочаверади.
Буюк шоирлардан бири “Бу дунёда мен бир йўловчи”, деб ёзганидек, чиндан ҳам асли бу кўҳна ҳаётда ҳар бир инсон йўловчи. Кўнглида не муддаоси бор, таниш-нотаниш манзилларни излаб, баъзан ишонч, баъзида хавотир билан қадам қўяди. Лекин шундай дамларда йўловчига йўл кўрсатиб, мадад бериб турадиган меҳр-оқибатли инсонлар борки, уларни кўриб беихтиёр қалбида қуёши бор дегингиз келади.
Юз-кўзларидан мудом нур сочилиб турадиган, нозиктаъб, зукко, ҳар бир сўзни ўз ўрнида дона-дона ишлатадиган, неча-неча олиму зиёлиларнинг, раҳбарларнинг устози, самарқандлик Ҳасан ака Нормуродов билан лоақал бир марта учрашган, суҳбатлашган киши шундай хулосага келади.
Ҳа, ҳаёт жуда катта синов. Бу синов Каттақўрғон туманининг “Кичик кўрпа” қишлоғида 1939 йилда оддий деҳқон оиласида дунёга келган Ҳасан Нормуродовнинг бошига кузнинг аччиқ қировига ўхшаб жуда эрта тушди. У гўдаклигидаёқ падари бузруквори Норбек ота ҳаётдан кўз юмди, онаси Мисқол ая тўрт фарзандни бағрига босганча ёлғиз қолди.
Кўп ўтмай Иккинчи жаҳон уруши бошланди, совуқ уруш изғиринлари ҳамма қатори Мисқол онанинг хонадонини ҳам четлаб ўтмади.
Ўша пайтларда бир қишлоқда кимдир битта янги кийим ёки пойабзал сотиб олса, бутун қишлоқ алмашиб киядиган, бир коса овқатнинг атрофида бир неча болалар уймалашиб, бир қошиқда навбатма-навбат овқат ейдиган замонлар эди. Қанчалаб одамлар нон ўрнида кунжара, овқат ўрнида ўт-ўлан ейишга ҳам мажбур бўлишган. Бир томондан оғир қора меҳнату очарчилик, иккинчи томондан уруш даҳшати ва оқибатлари ҳамма қатори Ҳасанга ҳам машаққатлар келтирди У тўққиз-ўн ёшлариданоқ акалари ёнига кириб нафақат уй ишларига, дала ишларига ҳам ёрдам бера бошлади.
Йўқчиликда улғайган, қийинчиликлар жабрини тортган, ҳаётнинг қадри, тирикчилик ташвишларини эрта англаб етган Ҳасан Нормуродов шундай шароитда ҳам китоб ўқишни канда қилмади. Бир бурда нон топиш амримаҳол бўлганда, китоб анқонинг уруғи бўлгани шубҳасиз. Аммо интилганга толе ёр, дегани рост экан. Мактабни, сўнгра Каттақўрғон педагогика билим юртини аъло баҳолар билан тамомлаб, 17 ёшидаёқ ўқитувчилик қила бошлади. Бу орада уч йиллик ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олди.
Каттақўрғон шаҳрида иқтидорли ва ташаббускор ўқитувчи сифатида тез танилган Ҳасан ака бир неча йил шаҳар ҳокимлигидаги масъул вазифаларда ишлаб, Жомбой, Нарпай туманларида биринчи раҳбар, вилоят раҳбарининг ўринбосари, халқ таълими бошқармаси, касаба уюшмаси ташкилотларида раҳбар лавозимларида меҳнат қилиб, пенсия ёшини қаршилади. Ўз тинчини, фароғатини ўйламаган, ўз манфаатларидан ўзгалар манфаатини устун қўя олган, бутун умрини жамоат ишларига, жамоатчиликка бағишлаган бу олийҳиммат инсон шундан кейин ҳам жамият ишларидан узилиб қолган эмас. Ҳ.Нормуродов айни пайтда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят кенгашига раислик қилиб келмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, узлуксиз раҳбарлик лавозимларида ишлашнинг ўзи бўлмайди, унинг масъулиятини ҳис этиб, шунга амал қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас, аслида. Ҳасан Нормуродов ана шу юкни виждон билан, ҳалоллик ва поклик билан, самимият ва садоқат билан кўтарди. Яхшиликни ҳаёт йўлининг бош шиорига, камтарликни иш қуролига айлантирди. Одамларга меҳрибонлик билан қараб, ҳар бир инсон билан самимимй мулоқотга киришди. Энг муҳими, 17 ёшида бошлаган ўқитувчилик касбини унутмади. Ҳар бир ишга педагог нуқтаи назаридан ёндашди. Агар педагог қандай хислатларга эга бўлиши керак, деб сўрашса, албатта, Самарқандга бориб Ҳасан акани кўринглар, деган бўлардик.
Эҳтимол, шунинг учунми, у теварак-атрофдаги одамлардан фақат яхшилик излашга, уларнинг гўзал, инсоний фазилатларини аниқлашга ва қадрлашга, ўксик қалбларга малҳам бўлишга одатланган. Вилоятда турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатганида, айниқса, халқ таълими бошқармасини бошқарган кезларида ана шундай моҳир педагоглиги қўл келди ва пировардида кўпчиликнинг самимий ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.
— Вазифа, мартаба инсоннинг ўзига бино қўйиб кибру ҳавога берилиши учун эмас, аксинча, эзгу амаллари билан ўзгалар қалбида яхшилик гулшанини бино этиш учун берилган имконият, — дейди Ҳасан ака. — Қайси бир раҳбар шу қоидага амал қилиб иш кўрса, доим элнинг назарида бўлади. Ота-онасига, унга таълим-тарбия берган устозларига раҳмат келтиради.
Ҳасан ака Самарқанддаги ҳар битта салоҳиятли ишнинг, том маънодаги юксалишларнинг гувоҳи ва иштирокчиси. У бу кўҳна ва муаззам шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда уни янада ободонлаштириш, кўркамлаштириш, кўча-хиёбонларини кенгайтириш, турар жойларини замонавийлаштириш учун ҳисса қўшиб келаётган инсонлардан бири. Самарқандни беш-ўн йил муқаддам кўриб кетган сайёҳ бугун ташриф буюрганида унинг гўзаллиги, бетакрорлиги қаршисида такрор ҳайратга тушиши тайин. Чунки Самарқанд — бу кўҳна ва мўъжизакор шаҳар, уни қадрлаган ҳар бир кексаю ёшнинг, қурувчию муҳандиснинг, меъмору алломанинг кўз нури, қалб қўри билан қайта сайқал топмоқда. Ҳасан аканинг ана шу улуғвор ишларда ҳам ҳиссаси бор.
У киши жамиятнинг устунлари адолат пойдеворидан қад ростласагина мустаҳкам бўлишини қайта-қайта таъкидлайди. Шу боис у юз бераётган ижтимоий жараёнларга теран назар билан қараб адолат мезонларининг қарор топишида астойдил кўмакдош бўлмоқда. Кўпни кўрган, кўпчилик билан тиллаша оладиган бу адолатпарвар инсон вилоятда ижтимоий масалаларни ҳал этишга дахлдор йигирмадан ортиқ комиссия аъзоси этиб сайлангани ҳам бежиз эмас. Бу комиссияларнинг ҳар бири давлат органлари билан бевосита ҳамкорликда ишлаб, умумманфаати учун энг тўғри қарорлар қабул қилиш билан бирга жамоатчиликнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан фаол иштирокини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
— Ҳасан акани шеър ёзмаган шоир дейишади, у киши мумтоз ва ҳозирги ўзбек адабиётининг зукко билимдони, — дейди таниқли шоир, журналист Фармон Тошев. — Шу боис таниқли ижодкорлар ҳам у кишининг олдида ҳушёр туришади. Газетачиликнинг ҳам кўп сирларидан хабардор, бизни доим қўллаб-қувватлайди, ёрдам беради.
Ҳа, бу жиҳатдан ҳам кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган Ҳасан ака яхшилик қилишни, яхши гапиришни, яхши амаллар билан шуғулланишни яхши кўради. Ҳатто шундай камтаринки, ҳар қандай оддийгина инсонни ҳам жуда салоҳиятли, улуғвор қилиб кўкларга кўтариб қўяди.
Нафақага чиқиб ҳам Ҳасан ака ғайрат-шижоатда эл-юртга ибратли ишлар билан банд. Унинг бошчилигида “Нуроний” жамғармасининг вилоят ижтимоий-маънавий ҳаётидаги таъсири, айниқса, ёшларни тарбиялаш, уларни миллий қадриятларимизни эъзозлашга, жонажон Ватан равнақи учун хизмат қилишга, халқ фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга чақириш, уч авлод вакилларини бирлаштириш, кези келганда етаклаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлари эса таҳсинга лойиқ.
Нуронийлар мамлакатимиз раҳбарининг ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароитини муҳайё этиш йўлида олиб бораётган халқпарвар сиёсатини маъқуллаган ҳолда кўплаб ташаббусларга бош-қош бўлишмоқда. Биргина мисол. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан бундан салкам икки йил муқаддам “Обод қишлоқ” дастури асосида Нуробод туманининг Жом қишлоғида бошланган улкан бунёдкорлик ишлари муваффақиятли якун топгани, эски, хароба уйлар ўрнида замонавий уйлар, истироҳат боғи, сервис хизмат масканлари қад ростлагани, ўнқир-чўнқир йўллар текисланиб, асфальтлангани, электр таъминоти изчил йўлга қўйилгани кўрган кишида ҳавас уйғотади. Ана шу бунёдкорликнинг илк кунларидан бошлаб нуронийлар Жомда қурувчи-ю меъморлар билан ёнма-ён туриб, эзгу ишлар самарали якунланиши учун ўзларининг қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан мададкор бўлишди. Ўнлаб оилаларнинг аҳволидан хабар олиб, уларни иш билан таъминлаш, даволаниш, томорқа хўжалигини йўлга қўйишларига ёрдам беришди. Бундай мисолларни давом эттириш мумкин.
Дарҳақиқат, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг яхши, ибратли ишларидан хабар топганингиз сайин аниқ натижалар ишончингизни оширади.
— Ҳасан ака билан узоқ йиллардан буён ёнма-ён меҳнат қилиб келаяпмиз — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси Махмуд Бобоёров. — У кишининг ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашиш, топшириққа масъулият билан қараш, бугунги ишни эртага қолдирмаслик каби одатлари биз учун катта ибрат. Айниқса, ёшу қарига бир хил самимий муносабат, оқибат кўрсатиш, сўз ва амал бирлиги, юксак ҳуқуқий маданият билан иш тутиши кўпчиликнинг ҳавасини келтиради. Тўғрисини айтсам, Ҳасан ака вилоятимизнинг жонли архиви, дейиш ҳам мумкин. Биз кимни ёки нимани ахтарсак, Ҳасан ака орқали топамиз, биз нимадан қийналсак, Ҳасан аканинг маслаҳатлари билан ҳал қиламиз.
Ҳа, у кишига нисбатан бундай эътирофларни жуда кўп кишидан эшитиш, халқ орасидаги ҳурмати ва мавқеини тез англаб олиш мушкул эмас.
— Ҳасан ака Нормуродов билан суҳбатлашсангиз, билимлар денгизига шўнғигандай бўласиз, — дейди Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова. — Айниқса, таълимнинг жамият ривожидаги аҳамияти, ўқувчининг қалбига йўл топиш, уни дарсга, китобга қизиқтириш, фарзандларимизда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда ўқитувчининг таъсири, маҳоратига оид фикрлари барчамизга катта сабоқ беради.
Устоз билан суҳбатлашар эканмиз, Ҳасан ака Нормуродов бугунги ислоҳотлар ривожи ҳақида батафсил тўхталиб, давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган ғамхўрлигидан самарқандлик нуронийлар, юртимизда умргузаронлик қилаётган барча отахону онахонлар мамнунлигини кўп такрорлади, дориломон кунларга шукроналар айтди. Суҳбат чоғида узстознинг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовга ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бўлган ғойибона меҳр-муҳаббатини яна бир карра теран ҳис этдим.
Таъкидлаш жоизки, маърифатпарвар инсон, жонкуяр устоз, ибратли оила бошлиғи Ҳасан Нормуродов бугунги кунда вилоятдаги 255 минг нафар меҳнат фахрийси, нуронийларга бош-қош бўлиб, уларни савоб ишларга руҳлантираётганининг ўзи катта бир шараф, масъулият. Шу масъулият туфайли у вужудида доимо туганмас куч-қувват, ёшларга хос ғайрат-шижоат ҳис этади. У қадам қўйган давраларга илиқлик, хушчақчақлик кириб боради.
Ҳа, ҳаётнинг инжиқликларини ўзига маҳкам бўйсундирган, аччиқ ҳақиқатларини чидам билан енгиб, бардош ва матонат билан олға бораётган, саксон йиллик умрининг қарийб етмиш йилини жўшқин меҳнат, юртга, халққа ҳалол хизмат қилиш билан ўтказаётган, халқ маорифи аълочиси, истеъдодли раҳбар, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари соҳиби, садоқатли ва оқибатли замондош, табаррук ва донишманд инсон Ҳасан Нормуродовнинг босиб ўтган ҳар бир йўли бир китоб, ҳаёт мактаби. Ана шу мактабнинг чироғи ҳам, қаҳрамонимизнинг қалб қуёши ҳам ҳеч қачон сўнмасин.
Абдукамол РАҲМОНОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Квартира сотиб олаётганимда уй эгасига закалат бердим. Бу ҳақда нотариал тасдиқлатиш учун нотариусга борганимда, у бундай келишувни тасдиқлашдан бо...
01 янв 1970
ЎзМТДП фракцияси аъзолари таклиф этилаётган қонуннинг кучга кириш муддати 12 ой этиб белгиланганига эътироз билдириб, ушбу муддатни 6 ой этиб белги...
01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги устувор йўналишларини белгилаб олди...