Молия, кредит сиёсатининг конституциявий асослари амалда

/
Мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 26 йил мобайнида унда акс этган тамойил ва қоидалар ҳаётга изчил жорий этилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида илгари тасаввур қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришилди. Бош қомусимиз туфайли юртимизда аҳоли турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ошиб бормоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби иқтисодиёт соҳасида ҳам улкан муваффақиятларга эришилмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчасида Асосий қонунимиз мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилаяпти.
Дарҳақиқат, Бош қомусимиз Ўзбекистонда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамияти қуриш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассамлантирган.
Маълумки, давлат жамият иқтисодий негизларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида конституциявий нормалар талаблари асосида тегишли қонунлар, қонуности меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни такомиллаштириб бориш, жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан бозор иқтисодиёти тамойиллари, қоида-талаблари асосида фаолият юритилиши учун ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш функциясини бажаради.
Мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт тармоқларида эришилган барча ютуқ ва марралар, унинг улкан суръатлар билан ўсиши, энг аввало, Конституциямиз ҳаётбахш қудрати ва салоҳиятини, унда мужассам бўлган принциплар, қоида ва нормаларнинг ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини кўрсатиб турибди.
Хусусан, Асосий қонунимизнинг XXV боби молия ва кредит соҳасига бағишланган бўлиб, унинг 122-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз молия ва пул-кредит тизимига эга” эканлиги белгиланган.
Конституциямизда мустаҳкамланган бош мақсад, принцип ва қоидалар асосида мамлакатда молия ва кредит соҳаси қоидалари такомиллаштирилди, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг мустаҳкам пул-кредит тизимига эга давлатлардан биридир.
Мамлакат пул-кредит тизими такомиллаштирилиши, аввало, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилишни изчил давом эттириш орқали мамлакатни янада тараққий топтиришга хизмат қилмоқда. Натижада юртимизда хусусий тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз ишини бошлаш учун рухсат олиш, солиқ, молия ҳамда статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш бўйича қонунчилик асосларининг такомиллаштирилиши билан бу йўналишдаги тизимли ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилиб, солиқ юки босқичма-босқич камайтирилмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш, банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда.
Давлат бюджети даромадлари ва харажатларини халқ учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, унда давлат бюджети ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатларини халқ учун очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, бюджетнома муҳокамасида жамоатчилик фикрини инобатга олишга қаратилган аниқ механизмлар назарда тутилган.
Шу билан бирга, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга замин яратди.
Юртимизда ўзбек сўми барқарорлигини мустаҳкамлашнинг янги механизмларини жорий этиш долзарб вазифа эканини назарда тутиб, Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни, валюта сиёсатини либераллаштиришни, шунингдек, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилишини таъминламоқда.
Мазкур жараён кенг миқёсда давом этаётгани, айниқса, эътиборлидир. Буни Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг изчил амалга оширилиши натижасида бугунги кунда мамлакатимизда макроиқтисодий мутаносиблик сақланиб, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатлари таъминланмоқда.
Шунингдек, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар эса мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ана шундай марралар сари изчил интилишларимиз туфайли асосий мақсад — ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодий тизимнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз янада самарали бўлади.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, олға юришга ун...
01 янв 1970
Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди....
01 янв 1970
2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди....
01 янв 1970
Президент сайлови куни тобора яқинлашмоқда.