Асосий қонунимизда инсонпарварлик ўоялари

/
Асосий қонунимиз муқаддимасида инсонпарвар давлат барпо этиш бош мақсад сифатида эътироф этилади.
Инсонпарварлик деганда, инсонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш, унинг моддий ва маънавий фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш ва қўллаб-қувватлаш кўз олдимизга келади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Конституцияда белгиланган бу нормаларни амалга ошириш бўйича мазкур қоидалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда Меҳнат, Солиқ кодекслари, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги каби қонунлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан ишловчилар умумий сонининг 3 фоизидан кўпроғини ногиронлар ташкил этган юридик шахслар учун белгиланган нормадан ортиқ ишга жойлаштирилган ногиронларнинг ҳар бир фоизига юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси бир фоизга камайтирилади.
Ёш оилалар тоифасига кирувчи ходимларга ипотека кредитлари бадаллари тўлаш ва мулк сифатида уй-жой олиш бўйича ҳам тегишли имтиёзлар белгиланган.
Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари, икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар, икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ва боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар, болалигидан ногирон бўлган, доимий парваришни талаб қиладиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота-онадан бири солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинади.
“Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра етим болаларни, ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болаларни ўқитиш ва уларни боқиш давлатнинг тўла таъминоти асосида амалга оширилади.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга асосан шаҳарча, қишлоқ ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғини кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандлари бўлган муҳтож оилаларга нафақалар тайинлаш масалаларини ҳал этади, оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлардан ўз ўрнида ва самарали фойдаланилишини таъминлайди.
Фуқаролар йиғинининг кенгаши икки ёшга тўлмаган болалари бор, ишламайдиган оналарга нафақаларни шу мақсадда ажратилган давлат бюджети маблағларидан белгиланган тартибда тайинлайди, бошқаларнинг парвариши ва ёрдамига муҳтож кекса фуқароларга шафелик (патронажлик) ёрдами шу мақсадда ажратилган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўрсатилишига кўмаклашади, мазкур ҳудудда яшовчи фуқароларни иш билан таъминлашга, шу жумладан, касаначиликни ташкил этишга кўмаклашади.
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунга асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёшлар учун бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, бепул умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиш, давлат таълим муассасаларида давлат грантлари доирасида бепул касб-ҳунар ва олий таълим олиш, уй-жой қуриш, олиш ва уни реконструкция қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш, таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар бериш, етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш, жамоат транспортидан фойдаланишда имтиёзлар бериш кафолатланади.
“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга асосан алоҳида ғамхўрликка, шунингдек, ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож бўлган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган ота-онаси бўлган ҳамда болаларнинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғдираётган ёки уларнинг таъминоти, тарбия ва таълим олишига доир талабларга жавоб бермайдиган шароитда яшаётган болалар, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқаролар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган фуқароларга васийлик ёки ҳомийлик белгиланиши мумкин.
2016 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2017-2020 йилларда кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари комплекси тасдиқланди.
Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ёлғиз ва кам таъминланган кексаларга “Нуроний” жамғармаси орқали қишки кийим ва пойабзал (куртка-ярим пальто, мўйнали телпак (жун рўмол), қўлқоп, ботинка), шунингдек, (картошка, пиёз, ун, гуруч, ёрма ва биринчи навбатда зарур бўлган бошқа маҳсулотлар)ни қишга ғамлашни ҳар йили таъминлаш учун ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида ҳудудий комиссиялар тузиши ва уларнинг таркибига Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Маҳалла” фонди, Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари киритилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истаги бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оилаларини етарли даражада таъминлаш имконини берадиган, тижорат банкларининг имтиёзли фоиз ставкаси бўйича ҳунармандчилик фаолияти учун тикув машиналари, газламалар ва сарфланадиган материаллар, анжомлар, мустақил шуғулланишни таъминлаш учун маиший техника, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, турли асбобларни сотиб олиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик иссиқхоналарни ташкил этиш, чорва моллари, паррандаларни сотиб олиш, қўралар ва паррандахоналарни қуриш, боғдорчилик анжомлари ва асбоб-ускуналарини сотиб олиш), турар жойларни таъмирлаш мақсадларига микрокредитлар тақдим этиш назарда тутилган.
Шунингдек, уй-жой, маиший жиҳатдан оғир шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга қуйидаги мақсадлар учун уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва жуда эски уйларда яшовчи республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридаги ўрта ҳисобда 2 ва 5 та оилага 2017 ва 2018 йилларда арзон уй-жойларни 10 йил мобайнида давлат ихтиёрига ўтказиш ҳуқуқисиз олиш, республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридан ўрта ҳисобда 70 тагача оилаларга ҳар йили маиший техника (газ ва электр печлар, холодильниклар, тикув машиналари ва ҳ.к.) ёки бир бошдан қорамол харид қилиш, оғир касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббий хизматлар ҳақини тўлаш ва уларнинг ҳақини тўлашга маблағ бўлмаган тақдирда республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридан ўрта ҳисобда 6 тагача кам таъминланган оилаларга беғараз ёрдам кўрсатиш қарорда кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Фармон билан 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланди.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилди.
2018 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун — бир ойда энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жиноят қонунчилигининг, айниқса, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни биринчи маротаба содир этган, шунингдек, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари — вояга етмаганлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва қарамоғида вояга етмаган болалари бўлган ёлғиз шахсларга нисбатан инсонпарварликни таъминлаш вазифаси белгиланди.
Амалга оширилган ишларни умумлаштириб айтиш жоизки, Конституциямиз муқаддимасида белгиланган инсонпарвар давлат барпо этиш стратегик мақсад бўлиб, тегишли ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар, фуқаролик жамияти институтлари ривожланишига қараб олий қадрият – инсон учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш, адолатни таъминлашни ўзида мужассам этган.
Миравзал МИРАКУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техник институти бошлиқ ўринбосари, юридик фанлар доктори 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бу йил укам мамлакатимиздаги университетлардан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Контракт пулини ўз иш ҳақимдан тўламоқчи эдим. ...
01 янв 1970
ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯ, НАФАҚА ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИ ТЎЛАШ МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 26 йил мобайнида унда акс этган тамойил ва қоидалар ҳаётга изчил жорий этилди....
01 янв 1970
ЎзМТДП фракцияси аъзолари таклиф этилаётган қонуннинг кучга кириш муддати 12 ой этиб белгиланганига эътироз билдириб, ушбу муддатни 6 ой этиб белги...