Бу бизнинг Зоҳир ака

/
Ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан, жамиятдаги ўзгаришлардан одамларни хабардор қилувчи касб эгаси — журналист учун энг зарур мезон холислик ва ҳозиржавобликдир. Бу иккала сифат касб масъулияти ва билимдонлик билан уйғунлашса, улар қаторига жасорат ва қатъият ҳам қўшилса, журналистнинг том маънодаги фуқаролик позицияси намоён бўлади.
Ана шу фазилатларни ўзида мужассам этган Зоҳир ака таҳририят томонидан белгиланган фурсат қанчалик тиғиз бўлишидан қатъи назар, мавзуга оид янги мақоласини вақтида ёзиб узатаркан, ижод қийноқлари, ташвишларини бир зум бўлса-да унутиб бизларга табассум билан хотиржам гапиришларига ўрганиб қолганмиз. Мақола устоз ҳамкасбимизнинг қаламидан зийрак кузатувлар, теран таҳлил ҳосиласи бўлиб, бедор юрак дардлари билан қоришиб оқ қоғозга тизилганми, демак, сизни ҳам лоқайд қолдирмай, баҳс-мунозараларга чорлайди. Янгиланаётган жамиятнинг ҳар бир инсонга, ҳар бир оилага дахлдор ташвиш, муддаолари ҳақида ўйлашга, фикрлашга ундайди.
Асли журналистнинг энг катта ютуғи ҳам шунда, яъни ўзи билан сирдош одамларга дардкаш бўла олишида. Зоҳир аканинг ҳажман катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, шунчаки ёзилган бирор мақоласи йўқ. Вилоят ташкилотларидан бирининг раҳбари бир гал таҳририятга қўнғироқ қилиб, муаллифнинг мақоласи учун миннатдорлик билдирар экан, “Мухбирингиз биз учун кундалик ва оддий бўлган тадбирга ўткир сўзлари, хулосаси билан дўппи ва тўн кийдирибди”, дегани бежиз эмас. Зоҳир ака ўзи иштирок этган ёки гувоҳи бўлган воқеаларга муносабат билдиришни, унинг асл мағзини чақиб кўрсатишни ўрнига қўя олади.
Асли мамлакатни тараққиётга етакловчи ҳар битта омил — хоҳ у самарадорлиги илмий ҳисоб-китоб қилинган инновацион ишланмалар бўлсин, хоҳ “яшил иқтисодиёт” ёки турмуш мавзуси бўлсин ёхуд одамлар тафаккуридаги Ватанни англаш, қадрлашнинг янги нишоналари бўлсин ёки хорижда яшаб, бугун ўз истеъдодини юртимиз равнақи учун сарфлашга қарор қилган ватандошларимизнинг қалб танлови бўлсин, журналист ҳар битта ҳолатни чуқур идрок этиши, теран таҳлил қилиши ва ибратга лойиқ жараён сифатида тадқиқ қилиши зарур. Бу унинг асл фуқаролик позициясидан далолатдир.
“Adolat” газетасининг Самарқанд вилоятидаги мухбири, касбу корига нисбатан мустаҳкам эътиқодга эга бўлган қаламкаш дўстимиз, “Шуҳрат” медали соҳиби Зоҳир Тўрақулов тўғрисида, унинг ҳаётий позицияси ҳақида кўп ва хўб сўз айтиш мумкин. У билан бир бора суҳбатлашсангиз бас, касбидан шукроналиги, йиллар давомида эгаллаган бой ҳаётий сабоқлари ва самимияти, одамлар қалбига қай даражада кириб бора олишидан огоҳ бўласиз. Зоҳир ака ана шундай дўст, маслакдош, дилкаш инсон. Энг асосийси, Зоҳир ака “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси нашр этила бошлаган илк кундан таҳририят жамоаси билан бирга. Бугун бир таҳририятда йигирма йилдан ошиқ фаолият кўрсатаётган фидойи журналистлар камдан-кам учраши ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам жамоадошлар устоз ҳақида гап кетганда, “Бу бизнинг Зоҳир ака”, дея фахр билан гапиришади.
Иқтидорли журналист Зоҳир Тўрақулов бугун 60 ёшни қоралабди. Матбуотда салкам 40 йиллик фаолияти уни элга танитди. Долзарб, ҳаётий мавзулардаги ўнлаб таҳлилий мақолалари унга шуҳрат келтирди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг қатор танловларида ғолиб бўлди.
Меҳридарё ижодкор, оилада бири-биридан ардоқли фарзанду набираларнинг отаси ва бобоси, шу юртга меҳру муҳаббатини бағишлаган инсон Зоҳир Тўрақулов бугун ҳам янги ижодий режалар, орзулар билан банд. Биз устоз ҳамкасбимизга ижод йўлида чарчаманг, доимо соғ-саломат, элнинг назарида бўлиб юринг, деймиз!
Таҳририят ижодий жамоаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИ САЙЛАШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Онам билан аёллар учун кийим-кечаклар тикиб, бозорга чиқармоқчимиз. Ўзимиз яшаётган турар жойда фаолиятни амалга оширсак бўладими?...
01 янв 1970
Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди....
01 янв 1970
Адабиёт ёш ўтган сари қаримайди. Уни истеъдодсизлик, дидсизлик, савиясизлик ва бадбинлик қаритади. ...