Илм — тамаддун бешиги

/
Бугунги кунда ҳаёт тамаддунини, жамият юксалиши ва ишлаб чиқариш ривожини илм-фан тараққиётисиз, янги илмий ишланмалар, инновацион янгиликлар, кашфиётларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дунёнинг аксарият ривожланган мамлакатларида ижтимоий-сиёсий жиҳатдан юксалиш илм-фан тараққиёти асосида юзага келганлиги сир эмас. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз раҳбари кейинги салкам икки йил ичида юртимизда илм-фанни ривожлантириш, уни юксак даражага кўтариш борасида катта ишларни амалга оширмоқда.
Энг аввало, республикамиз таълим тизимида изчил янгиланишлар қилинди, институтлар, университетлар кўпайтирилди, академия ва унинг бўлимлари, тармоқ институтлари тикланди, янги илмий марказлар очилди. Улар учун энг янги, замонавий лабораториялар, техник жиҳозлар ишга туширилди. Хорижий мамлакатларнинг илм-фан марказлари билан алоқалар кучайтирилиб, уларнинг олий таълим муассасалари юртимизда ўз фаолиятини бошлади. Янги олий таълим муассасалари ташкил этилди. Кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари, мутахассисликлари, сиртқи ҳамда кечки бўлимлар очилди. Қолаверса, илм-фан соҳасида кадрлар тизимини яхшилашга ҳам эътибор қаратилди. Академиянинг ҳақиқий аъзолари сони оширилди. Академиклар, профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар маошлари кўпайтирилди. Уларнинг илмий тадқиқотларни қилишлари, илмий янгиликларни яратишлари, истеъдодларини намоён этишлари учун имкониятлар юзага келди. Эндиликда илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ яна бир ҳужжат – мамлакатимиз Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Бу қарорнинг қабул қилиниши бежиз эмас. Зеро, илм-фаннинг ривожланиши олий таълим тизимида тарбияланиб етиштирилаётган кадрлар билан боғлиқ экан, олий таълим муассасаларида таълим сифатини яхшилаш, етук илмий кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Тўғри, олий таълим тизими кеча ёки бугун пайдо бўлган соҳа эмас. У кўп йиллардан бери фаолият юритиб келмокда. Эътибор беринг, ҳар йили республикамиз олий ўқув юртларига бир неча ўн минглаб толиби илмлар ўқишга қабул қилинади. Уларга минглаб олимлар, профессор-ўқитувчилар сабоқ берадилар. Бир қарашда бу соҳадаги ишлар изчил давом этаётгандай туюлади. Аммо ривожланиб бораётган бугунги даврда ушбу соҳадаги камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолди. Хўш, буларнинг сабаблари нимада? Қарорда олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари кўрсатиб берилган.
Ана шундай муаммолардан бири олий ўқув юртларига кириш пайтидаги тест саволлари билан боғлиқ. Бу саволлар абитуриентларнинг билим савиясини, таланти, иқтидорини аниқлаш учун ишлаб чиқилган. Лекин бу саволлар бугунги кунга келиб етарли даражада ижобий натижа бермаётгани аён бўлиб қолди. Шу сабабли эндиликда кириш имтиҳони саволларини абитуриентларни мантиқий фикрлашга, талант ва иқтидорини намоён қилишга хизмат қиладиган даражада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Олий таълим соҳасидаги жиддий муаммолардан яна бири — талабаларнинг билимини баҳолаш тизими мукаммал ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини, педагогик кўникмасини аниқлаш тизими мавжуд эмаслиги ҳам таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмокда. Маълумки, олий ўқув юртларида таълим олаётганлар орасида иқтидори юксак, ўзи танлаган соҳани яхши биладиган, фанларни аъло даражада ўзлаштирадиган талабалар билан биргаликда яхши ўқимайдиганлари, ўзи танлаган касбга оид фанларни яхши билмайдиганлари, илм олишга қизиқмайдиганлари ҳам бор. Табиийки, бундай ҳолатнинг юзага келишининг сабаблари кўп. Лекин ана шу сабаблардан бири талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф усуллари ишлаб чиқилмаганлиги билан ҳам боғлиқ. Натижада талабалар билимини назорат қилиш сусайган ва олий таълим муассасаларида ўртамиёна ва ундан ҳам паст даражадаги кадрлар тайёрлаб бериш ҳоллари юзага келган. Шу сабабли 2018 йилнинг 1 декабрига қадар олий таълим муассасалари талабалари билимини баҳолаш тизими такомиллаштириладиган бўлди.
Шунингдек, олий ўқув юртларида профессор-ўқитувчиларнинг ишга қабул қилинишидан тортиб, уларнинг талабаларга таълим беришдаги ютуқ ва камчиликларини баҳолайдиган аниқ мезон ҳам йўқ эди. Сир эмаски, таълим муассасаларида ўз соҳасини мукаммал биладиган, ёшларга юксак маҳорат билан сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилар билан бирга бугунги давр талабларига жавоб беролмайдиган, устозлик қилолмайдиганлари ҳам мавжуд. Эндиликда улар фаолиятига ҳам ҳаққоний баҳо бериш пайти келди. Шу мақсадда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “Талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойили жорий қилинадиган бўлди. Бу олий ўқув юртларида энг яхши профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш билан бирга таълим сифатини оширишга ҳам хизмат қилади. Айни пайтда, профессор-ўқитувчилар фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга, ишларга ва бошқа тадбирларга жалб қилинмайдиган бўлди.
Қарорда яна бир масалага — олий ўқув юртларида талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этишга алоҳида эътибор берилган. Бу кенгаш олий ўқув юртлари фаолиятининг ҳамма жабҳаларида иштирок этиши режалаштирилган.
Қарорда олий таълим муассасаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида, бугунги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишини таъминлаш ҳам асосий масалалардан бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Бу, бир томондан, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабаларининг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, янгиланишлар, ислоҳотлар моҳиятини халқимизга тушунтириб беришдаги иштирокини таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, худудларни, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳаларни жадал ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий хужжатлар, дастурлар лойиҳаларининг кенг муҳокамасида фаол қатнашишига ҳам хизмат қилади. Шунингдек, олий ўқув юртларида инновацион ва технологик ғояларни ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинган. Ана шу асосда ҳар бир олий таълим муассасасида “Ёш экспертлар гуруҳи” ташкил этиладиган бўлди. Бундан ташқари, ҳар бир олий ўқув юртида 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этиш, 2-курсдан бошлаб уларни ўқитишни алоҳида ўқув режа ва дастурлар асосида амалга ошириш, ушбу тоифадаги талабаларни магистратурага мақсадли қабул қилиш, бу орқали олий таълим муассасалари кафедралари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш белгиланди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, қарорда олий таълим тизимига оид жуда кўп вазифалар, жумладан, алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, олий ўқув юртларига хорижий талабаларни суҳбат асосида қабул қилиш, олий ўқув юртлари ректорлари, проректорлари масъулиятини ошириш мақсадида “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, ёш олим ва талабалар учун “инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишонини таъсис қилиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тузилмасида ахборот хизматини, олий ўқув юртларида матбуот котиби лавозимини жорий этиш, хорижий давлатлар олий ўқув юртлари билан илмий ҳамкорликларни йўлга қўйиш каби ниҳоятда муҳим ишлар белгиланган. Бир сўз билан айтганда, буларнинг бари олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга, олий ўқув юртларининг нуфузини юксалтиришга қаратилган.
Илм ҳамма даврларда қадрланган. Шунинг учун аждодларимиз “Дунёнинг энг узоқ ўлкаси бўлган Чин (Хитой)дан бўлса ҳам илм изланг”, деб бежиз айтишмаган. Бугун илм излаб дунё кезиш шарт эмас. Унга эришиш, илмли бўлиш учун юртимизда ҳамма нарса муҳайё. Зеро, илм ҳамиша дунё тараққиётининг, тамаддунининг тамал тоши, бешиги бўлиб келган. Бу қарор ана шу ҳақиқатнинг яна бир амалий ифодасидир.
Ҳусан ИГАМБЕРДИЕВ,
академик

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 28 октябрида Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Пр...
01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...
01 янв 1970
— Келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчиман. Менга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берсангиз?...
01 янв 1970
Ҳар бир ота-она фарзандининг нафақат соғлом ўсишини, балки қадди-қомати расо бўлиб улғайишини чин дилдан истайди....